Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин домла Разов бошчилигида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходимлари, қози ўринбосари Джолаушиев, Нукус шаҳри бош имоми Набатов, Шуманай тумани бош имоми Амедов, Қанликўл тумани бош имоми Наимов ва Қўнғирот тумани ҳожиларидан иборат гуруҳ тузилиб, Қўнғирот туманидаги "Ҳаким Сулаймон" ва "Мулла Исҳоқ" масжидларининг фаолиятини ўрганиш, имом-хатиблар билан тажриба алмашиш, уларга кўрсатмалар бериш мақсадида тадбир ўтказилди.
Тадбирда масжид жойлашган маҳаллаларда яшовчи муаммоли, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва амалий ёрдамлар бериш ҳам белгиланган.
Тадбирдан сўнг "Ҳоким Сулаймон" масжидининг янги қуриб битказилган таҳоратхонасидаги шароитлар билан танишди ва қурилиш ишларида яқиндан ёрдам берган қурувчиларга қози домла Баҳраматдин домла қозилик номидан ташаккур билдирди.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги "Санъат, Адабиёт, Навоий, Қиёт, Темир йўл, Қумбуз, Олтин кўл" маҳаллаларидаги жами 13 та оиланинг яшаш шароитларидан хабардор бўлди, оила аъзолари билан суҳбатлашиб, моддий ёрдамлар берди.
Бош имомлар тумандаги масжидларда амалга оширилган тозалаш, ободонлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, масжидларда иш юритиш ҳужжатларининг қонун талабларига мувофиқлигини кўздан кечирди, камчиликларни тўлдириш учун кўрсатмалар берди.
Баҳраматдин домла Разов марказий "Ҳаким Сулаймон" масжидида, Нукус шаҳри бош имоми Набатов "Мулла Исҳоқ" масжидида пешин намозида "Масжид одоби", "Тинчлик ва хотиржамлик", "Миллатлараро тотувлик" мавзуларида маъруза қилди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Матбуот хизмати
Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган.
Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ.
Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.
Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани
"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби