Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446
Мақолалар

Имконияти чекланганларга исломда танглик йўқ

20.12.2024   1827   6 min.
Имконияти чекланганларга исломда танглик йўқ

Гувоҳи бўлмоқдамизки, юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бугунга келиб мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда бошқа барча фуқаролар билан тенг имкониятларга эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, уларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига кенг имконият яратиб берилмоқда. Бу эзгу ишлар замирида халқимизга хос юксак инсоний фазилатлар мужассамдир.

Шу ўринда ҳазрат Алишер Навоийнинг:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай, — дея айтилган сўзларини эслашнинг ўзи мақсад эзгулик бўлса, ортидан улуғ ажр ҳам намоён бўлишига ишора бергандек.

Эътиборлиси, ислом динида жисмонан заиф, кўмакка муҳтож кишиларга меҳр кўрсатиш лозимлиги таъкидланади. Ғамхўрликка муҳтож кишиларни доимо ҳурмат қилиш, уларга ёрдам кўрсатиш буюрилади. Қуръони Каримда бир неча ўринларда уларга мушкулларини енгиллатиш, қулайлик яратиш ҳақидаги оятлар нозил бўлган. Аллоҳ таоло айтади: “Заифҳолларга, беморларга ва сарф харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, агар Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Яхшилик қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир”. («Тавба» сураси, 91-оят). Яъни, агар заифҳоллар ва беморлар соғлом биродарлари билан биргаликда жанг қилолмасалар, ҳеч қандай машаққат йўқдир.

Шунингдек, «Нур» сурасининг 61-оятида айтиладики: «Кўзи ожизга танглик йўқ. Чўлоққа ҳам танглик йўқ. Беморга ҳам танглик йўқ». Яъни, яқин қариндошлар уйларида еб-ичиш масаласида танглик, ноқулайлик йўқ.

«Фатҳ» сурасининг 17-оятида эса шундай дейилади: “Кўзи ожизга танглик йўқ, чўлоққа ҳам танглик йўқ. Хастага ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилса, уни остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритар. Ким юз ўгирса, аламли азоб билан азоблар”.

Ҳадиси шарифларда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ўринларда эҳтиёжманд кишиларга ёрдамлашиш, беморларни зиёрат қилишга тарғиб қилганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур», дедилар. «Ё Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси недир?» дейилган эди. У зот: «Боғидир», дедилар (Имом Муслим ривояти). Киши бемор биродарини зиёрат қилиб, уни кўнглини кўтариши, жаннат боғида сайр этгани кабидир.

Жисмида беморлиги бор кишилар ичида энг кўп ёрдамга муҳтожроқ киши кўзи ожизлардир. Муҳаддис уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қанчалик эътибор қилганликларини кўрсатиб, китобларида қуйидаги ҳадисларни келтирганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳ ва саллам айтадилар: «Ким бир кўзи ожизни қирқ қадам етакласа, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар.

Яна бир шундай ҳадис бор:    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким кўзи ожиз кишини қирқ зироъ етакласа, унга бир қулни озод қилгандек ажр бўлади». 

Яна бир ривоятда эса шундай марҳамат қилинади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким кўзи ожиз кишини хавфсиз жойига етказиб қўйса, Аллоҳ уни қирқта гуноҳини ва жаҳаннамни вожиб қилувчи тўртта гуноҳи кабирасини мағфират қиради».

Бу ҳадислардан кўзи ожиз кишига ёрдамлашиш ва уни етаклаб манзилига олиб бориб қўйиш нечоғлик улкан ажрга сабаб бўлиши очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни дастур билган салафи солиҳлар ногиронлиги бор кишиларга алоҳида ғамхўрлик қилиб, ўзларидан кейингиларга муносиб намуна кўрсатганлар. Масалан, Умар ибн Абдулазиз мусулмонлар диёрида қийин аҳволдаги кишилар ададини ҳисоблаб чиқишга буюриб, ҳар бир ногиронлиги бор кишиларга парваришловчи ва табибларни бириктирганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ғамхўрликка муҳтож кишилар учун байтулмолдан нафақа ва масъул тайинлашни жорий қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Ҳижрий 88 йилда Халифа Валид ибн Абдулмалик мохов касалига чалинганлар учун биринчи касалхонани қурдирган ва ҳар бир ногирон бемор учун махсус хизматчи, кўзи ожизларга етакловчи тайинлаган.

Валид Исҳоқ ибн Қобиса Хузоъийни Дамашқдаги сурункали касалликлар девонига бош қилиб тайинлаётганда: «Албатта, сурункали касалликка чалинган кишини соғлом аҳлига қолдиришим яхшироқ», деган ва уларни аҳли билан бирга бемалол даволаниши учун шароит ҳозирлаб берган. У ерда касалларга моддий нафақалар тайинланиб, доим ҳолидан хабар олиб турилган.

Умавийлар ақли заиф, руҳий касаллар учун махсус шифохона қурдирганлар. Халифа Маъмун Боғдод ва катта шаҳарларда кўзи ожизлар ва қийналган аёллар учун бошпана, Султон Қоловун ногиронлиги бор кишиларни парваришлаш учун касалхона барпо қилган.

Кўриниб турибдики, динимизда жисмида ногиронлиги бор кишиларга кўмаклашиш улуғ иш ҳисобланади. Демак, кимнинг уйида ёки атрофида шундай  беморлар бўлса, уларнинг хизматини қилиб, дуосини олиш ва ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш лозим. Зеро, бундай гўзал амал жамиятдаги барчани бир-бири билан боғлашга, ўзаро меҳр-муҳаббатни уйғотишга ва улкан ажр савобларни ҳосил қилишга сабаб бўлади.

Хулоса сифатида айтишимиз лозимки, меҳр-мурувватли ва бағрикенг халқимиз азал-азалдан ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган энг муҳим қадриятлардан бири сифатида эъзозлаб келади. Ана шундай эзгу анъаналаримизни бугунги замон талаблари асосида ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилаётгани янада қувонарли ҳолдир.

 

Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили,

вилоят бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Шифо оятларини ўқинг!

23.12.2024   1187   2 min.
Шифо оятларини ўқинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида гўё ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.

Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.

Шифо оятларига қуйидагилар киради:

وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ

(Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).

 

يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

“Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).

 

يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).

 

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).

 

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур (Шуаро сураси, 80-оят).

 

قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ

Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).


Даврон НУРМУҲАММАД