Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Саҳобаи киромлар Рамазон ойи кириб келиши билан жуда ҳам хурсанд бўлар ва ўзларидаги шоду хуррамликни зоҳир қилишар эди.
Зубайд Ёмий розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни жамлаб, Қуръон тиловат қилиш ва уни бир мартабадан кўп хатм қилиш борасида мусобақалашар эдилар.
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кириши билан бошқа ишларни қуйиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан ҳадис айтиш ва илм мажлисидан узулиб, мусҳафдан Қуръон тиловатига киришардилар.
Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида намоздан ташқари олтмишта хатм қилардилар”.
Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса: “Албатта бу ой Қуръон тиловат қилиш ва мискинларга таом улашиш ойидир”, деб айтардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида ҳар куни кундузи битта хатм, Рамазондан сўнг эса ҳар уч кунда хатм қилар эдилар.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи келиши билан ўзларига вазифа қилиб олган вирдларини тўхтатиб, Қуръон тиловат қилиш билан машғул бўлардилар.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Аллоҳ таоло бу муборак ойни барча мусулмонлар учун манфаатли қилиб, бу ойдан улкан ажр-савоблар билан чиқишимизни муяссар айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД
#xabar #muftiy #anjuman
Бразилия пойтахтида хизмат сафари билан бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равиль Гайнутдин билан учрашув ўтказдилар.
Шайх Равиль Гайнутдин юртимизнинг ислом тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф қилиш баробарида Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ зотлар, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар мусулмон олами эътиборини қозонгани, қадамжо ва мақбаралар дунё зиёратчиларини ўзига жалб этишини айтди. Шунингдек, Россия муфтийси Бухорои шарифдаги Мир Араб мадрасасида таълим олгани, унга юртимиз уламолари устозлик қилганини айтиш баробарида халқимизнинг одамийлигини, меҳмондўстлиги ва самимийлигини алоҳида таъкидлади.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўлкамиздаги диний-маърифий соҳадаги ўзгаришларни баён этиш баробарида диний идоралар ўртасида давомли алоқалар йўлга қўйилгани, биргина шу йилнинг ўзида юртимиз уламолари Россия Федерациясига бир неча бор сафар қилиб, тадбирларда ватандошларимиз билан суҳбатлар ўтказганини айтиб ўтдилар.
Учрашувда икки мамлакат диний идоралари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Унда Ўзбекистон ва Россия мусулмонлари ўртасида диний-маърифий, илмий-маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилган. Кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари вақтинча бўлиб турган Россия ҳудудларида маърифий учрашувлар ўтказиш, имом-хатибларни жалб этиш, диний таълим ва илмий тадқиқотлар борасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, томонларнинг таълим муассасаларида олий диний таълим муассасалари талабалари амалиёти ҳамда имом-хатиблар учун малака ошириш курслари ташкил этиш кўзда тутилган.
Учрашув дўстона руҳда ўтди ва мулоқот якунида томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати