Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446
Мақолалар

Фақиҳлар табиб, муҳаддислар доришунос

3.01.2025   1802   3 min.
Фақиҳлар табиб, муҳаддислар доришунос

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ташаддуд йўналиши тарафдорлари динни фақатгина Қуръон ва Суннат деб талқин қилиб, ҳар бир масалага далил сўрайверишади, чунки улар иккинчи таърифдан, яъни «Фиқҳ илми – мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ҳалол ёки ҳаромлик, фасод ёки саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир», деган таърифдан ғофил қолишган.

Демак, фақиҳнинг иши шифокорнинг ишидек экан. Ҳозир шифокорнинг ҳузурига бориб, «Қорним оғрияпти», дейсиз. У сизга: «Нима единг? Нима ичдинг? Қон босиминг борми? Қандли диабет билан оғримаганмисан?» деган саволларни беради. Кейин дори ёзиб беради. Шифокорнинг иши шунақа. Ўша шифокордан: «Сиз айтган фалон дори қандай тайёрланган?» деб сўрайсизми? Йўқ. Бу соҳанинг ўз мутахассислари бўлади – доришунослар.

Худди шунга ўхшаб, муҳаддислар ҳам фақиҳларга: «Сизлар табибсизлар, бизлар эса доришунос», дейишади. Ҳа, фақиҳлар шифокорга ўхшайди, уларнинг амали ҳукм чиқариш бўлади. Уларни бирор ташкилот деб олсак, одамлар уларга никоҳ ва талоқ, савдо-сотиқ масалалари бўйича мурожаат қилишса, ҳолатга қараб, ҳукм чиқариб беришади. Демак, фақиҳлар мукаллафлар қилаётган амалларнинг ҳолати ҳақида баҳс қилишади, уларнинг далили ҳақида эмас. Далилнинг баҳсини қила оладиган зотлар эса мутлақ мужтаҳидлардир.

Бир масаланинг далили мужтаҳид томонидан Қуръон ва саҳиҳ Суннатдан олинганига ишонч ҳосил қилмасак, уни қабул қилмаймиз.

Мужтаҳидлар кимлар? Улар саҳоба, тобеъин ва мазҳаб имомларидир. Ҳукм фақат ҳанафий, моликий, шофеъий ёки ҳанбалий мазҳаби уламолари томонидан чиқарилган бўлсагина қабул қиламиз. Масалан, бир ҳукмнинг Абу Ҳанифага нисбат берилганини кўрсак, аниқ биламизки, у зот ҳеч қачон далилсиз гап айтмаганлар. Оддий муфтий эса мазҳабни пухта ўргангач, мана шу мазҳаб асосида фатво беради, чунки унинг олдида мутлақ мужтаҳидлардан етиб келган, ишончли, мазҳабда қарор топган ҳукмлар бўлади. Биз ҳукмни мана шундай мазҳабдан содир бўлсагина қабул қиламиз. Фармацевт одам дорини фақат ишончли корхонадан олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан муҳрланган ҳолатда бериши керак бўлганидек, биз ҳам ҳукмни фақатгина ишончли, муҳр босилган мазҳаб томонидан берилгандагина қабул қиламиз. Шундагина кўнглимиз хотиржам бўлади.

Масалан, камина ходимингизнинг иши ҳам шахснинг ҳолатларини ўрганишдир. Фалончида нима содир бўлди, нега хотинини талоқ қилди, унинг ҳолати қандай? Шуларни билиб, сўнг унга мазҳабдан ҳукм айтаман. Мен шифокор бўлсам-у, доришунос бўлмасам, лекин ўзимча бориб, дори тайёрласам, беморни ўлдириб қўйиши мумкин, чунки менинг ишим уни даволашдир, унга дори тайёрлаш эмас. Дорини шу соҳанинг мутахассислари тайёрлайди. Бунинг учун жуда катта илм, тажриба керак. Энди мен фақиҳ бўла туриб, янгитдан ҳукм чиқариш билан шуғуллансам, «Фалончининг хотинига талоқ тушибди», деб фатво бериб юбораман, Фалончининг қўлини кесишга ҳукм қиламан, яна кимнингдир ҳаётини барбод қиламан, натижада бутун жамиятни бузиб юбораман. Эътибор беряпсизларми?! Шундай ҳолат юзага келади!

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Ли ийлафи қурайш" сураси

8.01.2025   394   2 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради. 

Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.

Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди. 
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.

Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.

Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ