Бугун, 3 январь куни Тошкент ислом институтида Диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг ўқув ишлари бўйича раҳбар ўринбосарлари, ўқув-услубий ва ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлимлари бошлиқлари учун қисқа муддатли малака ошириш курси бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Олий маъҳад ректори Уйғун Ғафуров, Диний идора мутахассиси Муҳаммадамин Насриев ва Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Ҳусанбой Қирғизов иштирок этиб, мазкур малака ошириш курсининг аҳамияти хусусида сўз юритишди.
Тадбирда мутасадди вакиллар малака ошириш машғулотлари диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий, маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик усулларни жорий қилиш, таълим сифатини яхшилашга хизмат қилиши, ўқув машғулотлари махсус ўқув режа ва дарс жадвали асосида замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилиши айтиб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ана шундай малака ошириш курсалари шу йил 3–7 январь кунлари диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилар учун Тошкент, Бухоро ва ҳудудлардаги таълим муассасаларида ҳам ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимиз давлат тузилиши, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат органлари ҳокимият таркиби ва уларнинг ваколатлари ва жамият учун ҳуқуқий майдонни белгилайдиган энг олий ҳуқуқий ҳужжатдир. Асосий қонун 1992 йилнинг 8 декабрида Республика Олий Кенгашида қабул қилинган.
Конституция лотинча constitutio – тузилиш, тузук деган маъноларини англатади. 2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга асосланади. Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат.
Конституция ҳар бир давлатнинг сиёсий ва ҳуқуқий тизимини белгилаб берадиган энг муҳим қонунлар мажмуасидир. Шу боис Конституцияни “бош қонун” деб аташади. Конституциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири у халқнинг умумий иродасини ифодалашидир. Шунинг учун Конституция фақатгина ҳуқуқшунослар учун эмас, балки ҳар бир фуқаро учун муҳим қўлланма ҳисобланади.
Ҳар қандай конституциянинг марказий ўрнида инсон ва унинг ҳуқуқлари туради. Замонавий конституцион тизимларда инсон қадр-қиммати, шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар алоҳида аҳамият касб этади. Конституция мазкур ҳуқуқларнинг дахлсизлигини кафолатлаб, давлат органларига уларни ҳимоя қилиш ва риоя этиш мажбуриятини юклайди. Бу эса демократик жамият барпо этишда асосий омиллардан биридир.
Конституция, шунингдек, ҳокимият тармоқлари — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўртасидаги мутаносибликни белгилайди. Бу тизим ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиб қолмаслиги, самарали назорат ва мувозанат сақланиши учун жуда муҳимдир. Ҳокимиятнинг чегаралангани ва бир-бирини тийиб турувчи механизмлар мавжудлиги давлат бошқарувининг барқарор ва адолатли бўлишига хизмат қилади.
Шу жиҳатлари билан Конституция давлат ҳаётининг асосий устуни, жамиятнинг сиёсий тараққиёти ва ҳуқуқий маданиятнинг бош манбаидир. У қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва фуқаролик жамияти тамойилларига асосланган муҳитни шакллантиради. Мазкур ҳужжатнинг мавжудлиги ва унга амал қилиниши ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлатни барпо этиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, давлат органлари ва жамият ўртасида муносабатларни тартибга солувчи энг асосий ҳужжат. Унинг амал қилиш инсон қадр-қимматини кўтариб, мамлакатимиз тараққиёти, барқарорлиги ва фаровонлигига хизмат қилади.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби