Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446
Мақолалар

Қуръондаги ҳукмини эшитмаганмидинг?

27.01.2025   2571   4 min.
Қуръондаги ҳукмини эшитмаганмидинг?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик қилишлари Ислом демократиясининг юқори савиядаги, ёрқин кўриниши эди.

У кишининг ҳар бир ишни шуро мажлиси қарори билан қилганликларини аввал айтганмиз.

Шунингдек, у кишининг халқ оммасидан бир лаҳзага ҳам ажралмаганликлари, халқдан ортиқча еб-ичиб, киймаганликларига ҳам гувоҳ бўлдик. У кишининг даврларида қонун олдида ҳамма баробар бўлганлигини жонли мисоллар тимсолида кўрдик.

Хулоса қилиб айтсак, ўша даврда халқчиллик сиёсатининг қандай кўриниши бўлса, ҳаммаси олий даражада намоён бўлганлигини англаб турибмиз.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта мужтаҳид олим, ўткир ақлли сиёсатчи, тадбиркор ва забардаст жамият раҳбари бўлишлари билан бирга, яна бошқа кўп фазилатларга ҳам эга эдилар. Бу сифатлар ҳар кимда ҳам бўлавермайдиган, баъзиларда бўлса ҳам, мансабга мингач йўқолиб қоладиган сифатлардир. Ана шундай сифатлардан бири танқидни кўтара олиш ва хатони тан олиш сифатидир.

Ҳофиз Абу Яъло Шаъбийдан, у киши Масруқдан шундай ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб халифалик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларига чиқиб:

«Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари маҳрни тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар, ундан ҳам оз бўлар эди. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч кимнинг бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин!» деди-да, минбардан тушди.

Қурайшлик бир аёл унинг йўлига кўндаланг чиқди-да:

«Эй мўминларнинг амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми?» деди.

Умар: «Ҳа», деди.

Аёл: «Аллоҳнинг Қуръонда туширган ҳукмини эшитмаганмидинг?!» деди.

Умар: «У қандай ҳукм экан?» деб сўради.

Шунда аёл: «Аллоҳнинг «...ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам..!» деган оятини эшитмаганмисан?!» деди.

Умар: «Парвардигор, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар», деди-да, қайтиб бориб, яна минбарга чиқиб:

«Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликни амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди. Аёл киши тўғри айтди», деди».

Ё Илоҳим! Бу қандай жасорат?!

Оддий бир аёл дунёни ларзага солиб, ўша пайт­нинг энг катта икки империясини қулатиб, юрган йўлида менман деган зўравонларни зир титратиб, ҳаммани ўз оғзига қаратиб турган забардаст халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг минбардан туриб айтган сўзини кўпчиликнинг олдида очиқдан-очиқ танқид қилса-я!

У аёлнинг юраги қандай юрак экан ўзи?!

У аёл бунчалик журъатни қаердан олган?!

У аёлга ўзига ўхшаганларининг ҳақларини ҳимоя қилишни ким ўргатган?

Ҳа, у аёлнинг юраги – исломий юрак!

У бунчалик журъатни Исломдан олган!

У аёлга ўзига ўхшаганларининг ҳақларини ҳимоя қилишни Ислом ўргатган!

Ё Илоҳим! Бу қандай жасорат?!

Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбари дўсту душманнинг олдида оддий бир аёлнинг танқидини индамай эшитиб турса ва тан­қиддан сўнг кўпчиликнинг олдига, минбарга чиқиб, ўз хатосини тан олса, бу улкан жасорат эмасми?!

Бундай жасоратни ким содир эта олади?!

Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбарининг дўсту душманнинг олдида оддий бир аёлнинг танқидини индамай туриб эшитиши Исломда жасорат эмас, ўз бурчини адо этиш деб аталади!

Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбарининг оддий бир аёлнинг танқидидан сўнг минбарга чиқиб, кўпчиликнинг олдида ўз хатосини тан олиши жасорат эмас, ўзининг бандалигини тан олишидир!

Бундай жасоратни фақатгина Ислом таълимотларини ўзига тўлалигича сингдириб, тўлақонли исломий ҳаёт кечирадиган кишигина содир этиши ва буни оддий ҳол деб билиши мумкин!


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди

30.01.2025   3682   2 min.
Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди

Илмсиз тараққиёт бўлмайди – жаҳолат саодатманд этмайди. Давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Жаҳолатга қарши – маърифат”ни қурол қилган аждодларимиздан бизгача етиб келган бой маънавий мерос ўзига хос нажот қалъаси, ҳимоя қўрғони вазифасини ўтайди. Шу боис ушбу улуғвор қадрият барча олиму фузалолар томонидан улуғланган, муқаддас ва мўътабар китобларда юксак неъмат сифатида эътироф этилган.

Бугун, 30 январь куни Фарғона шаҳридаги "Лабиҳовуз" мажмуасида аҳоли вакиллари иштирокида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда ҳам ана шундай эзгу мақсадлар анъанаси давом эттирилди. Унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев қатнашиб, халқ билан самимий мулоқот ўтказилди.

Мулоқотда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, кўплаб масжидлар ҳавас қиладиган даражада обод бўлаётгани, Қуръони карим курсларида бир неча минглаб мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни мутолаа қилишни ўрганаётгани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли даражада ортгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги таъкидланди.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.

Шунингдек, риё-хўжакўрсинлик иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш, ёшларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш, замонавий технология ва ахборот воситаларидан илм ва яхшилик йўлида фойдаланиш ҳамда бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам алоҳида тўхталинди.

Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди. Бир сўз билан айтганда учрашув самимий ва юқори кайфиятда ўтди.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди Аҳоли билан ўтказилган учрашув самимий ва савол-жавобларга бой бўлди