Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2026   |   26 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2026, 26 Ражаб, 1447

Васила қилиш баёни

31.01.2025   5880   11 min.
Васила қилиш баёни

 -66 لَعَلَّ اللهَ يَعْفُوهُ بِفَضْلٍ وَيُعْطِيهِ السَّعَادَةَ فِي الْمَآلِ

Маънолар таржимаси: Шояд, Аллоҳ уни фазли билан афв этар ва унга охиратда саодатни ато этар.

Назмий баёни:

Шояд, Аллоҳ афв-ла айлаб иноят,
Ато этса охиратда унга саодат.

Луғатлар изоҳи:

لَعَلَّ – олтита насб қилувчи ҳарфлардан бири бўлиб, “таражжий” (умидвор бўлишни билдириш) ва “ишфоқ” (қўрқувдан огоҳлантириш) маъноларида келади. Бу ерда “таражжий” маъносида келган.

اللهَ – бу лафз لَعَلَّ нинг исми бўлгани учун насб бўлиб турибди.

يَعْفُوهُ – жумла لَعَلَّ нинг хабари бўлгани учун раф ўрнида турибди. Афв луғатда “узрини қабул қилиш”, “жазоламаслик” каби маъноларни англатади.

بِفَضْلٍ – жор ва мажрур يَعْفُوهُ га мутааллиқдир. Фазл қилиш деганда бирор сабабга боғламасдан яхшилик қилиш тушунилади.

يُعْطِيهِ – бу феъл икки мафъулли бўлиб, هِ биринчи мафъулидир.

السَّعَادَةَ – иккинчи мафъул. Саодат луғатда “бахт” маъносига тўғри келади. Бу калима кўпинча улуғлаш маъносида ишлатилади.

فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

الْمَآلِ – жор ва мажрур يُعْطِيهِ феълига мутааллиқдир. Бу калима луғатда “қайтиладиган жой” маъносини англатади. Бу ерда барча бандаларнинг қайтадиган жойлари бўлган охират ирода қилинган.

Матн шарҳи:

Муаллиф “шояд, сизларнинг ихлос билан ёлвориб қилган дуоларингиз баракотидан ушбу байтлар муаллифини Аллоҳ таоло раҳматига олиб, охиратини обод қилса”, дея ўқувчилардан дуо қилишларини сўраган. Ушбу сўзларида хайрли амалларни васила қилиш мумкин эканига ҳам ишора бор. Шу ўринда дуода васила қилиш ҳақидаги баҳслар билан яқиндан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш, васила деб аталади”.

Васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади.

Васила қилиш бандадаги муҳаббатнинг, Аллоҳ таолога далолат қиладиган нарсаларни улуғлашининг аломати ҳисобланади. Зеро, бундай иш Қуръони каримда қалбларнинг тақвосидан экани айтилган:

“Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир”[1].

Чунки қилинган амаллар қалбдаги тақвога далолат қилади.

Васила қилиш жоизлиги ҳақида гапирилганда, унинг восита қилиш эмаслигини, ундан тубдан фарқ қилишини билиб қўйиш лозим. Чунки банда ўзининг қалбидан ўтказаётган нарсаларини ҳам билиб турувчи Зотга восита орқали муножот қилмайди, балки васила қилади. Шу маънода васила восита қилишдан қуйидаги жиҳатлардан фарқ қилади:

1. Восита қилиш ҳаққи поймол бўлган кишининг бирор кишини ёки бирор нарсани ўртага солиб золимдан адолат сўраши маъносида ишлатилади. Васила қилишда эса ўртага бирор нарсани восита қилиб Аллоҳ таолодан адолат сўраш маъноси йўқдир. Балки дуонинг мақбул бўлиш даражасини ошириш учун Аллоҳ таоло ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилишдир.

2. Восита қилиш икки тараф ҳам манфаатдор бўладиган нарсага нисбатан ишлатилади. Масалан, бир шахс иккинчи шахс орқали ишини битказиб олса, иши битганидан кейин унга миннат қилиши ҳам мумкин бўлиб қолади. Чунки у ҳам бу ишдан озми-кўпми манфаат кўрган бўлади. Васила қилишда эса фақатгина бир тараф, яъни банда манфаатдор бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларидан манфаат кўришдан олий бўлган Зотдир.

3. Восита қилишда бир тараф иккинчи тарафга у билмаган нарсани кимдир ё нимадир ёрдамида билдиришга ҳаракат қилади. Васила қилишда эса ошкора ва махфий барча нарсаларни билгувчи Зотга Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилинади.

Шунинг учун васила қилувчида ушбу тушунчалар ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозимдир.

Қуръони каримда васила ахтаришга буйруқ келган:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтаринглар”[2].

Ушбу оятнинг тафсирида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оят Аллоҳга исён қилишдан сақланиш билан Унга муқарраб бўлишга урининглар” маъносини англатади”, – деган.

Василанинг бешта тури бўлиб, улардан тўрттасининг жоиз эканида бирор ихтилоф йўқдир:

1. Замон. Арафа куни, Рамазон ойи, Зул ҳижжанинг ўн куни, ҳар кечанинг охирги қисми каби улуғ саналган вақтларни васила қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Аллоҳим, Рамазон ойини васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.

2. Макон. Каъба, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, Масжидул ақсо ва ҳакозо улуғ саналган маконларни васила қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Аллоҳим, Каъбани васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.

3. Ҳолат. Васила қилинадиган маълум бир ҳолатлар бор. Масалан, суянадиган ҳамма нарсасидан умиди узилиб, ҳеч илож топа олмай, чорасиз қолган киши ўзининг ночор ҳолатини васила қилиб сўраши мумкин ҳисобланади. Бундай ҳолатга тушган кишининг дуолари қабул бўлиши Қуръонда баён қилинган:

“Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этадиган”[3].

Шунинг учун ҳам суяниладиган ҳамма нарсадан умид узилиб, чорасиз қолган пайтда беихтиёр Аллоҳ таолога ёлворишга, Унга илтижо қилишга ўтиш барча инсонларнинг табиатида бор бўлган хусусиятдир.

 4. Амаллар. Намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа бериб, ҳаж қилиб, умра қилиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва тасбеҳ айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, истиғфор айтиб, дуо қилиб, мўминларнинг дуоларини олиб, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини айтиб, савоб ишлар қилиб ва ҳаром ишлардан воз кечиб васила қилиш мумкин.

Василанинг ушбу тўртта турининг жоизлигида ихтилоф йўқ. Аммо қуйидаги бешинчи тури ҳақида ихтилоф қилинган.

5. Маълум шахсларни васила қилиш. Шахсларни васила қилиш мумкин эмас, деганлар ҳам бор. Василанинг ушбу тури ҳақидаги ихтилофларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин:

а) мўътазила ва хавориж фирқалари бирор шахсни васила қилишни мутлақ инкор қилишган. Ўзларининг бу даъволарига Қуръон ва суннатда келган умумий хабарларни далил қилиб келтиришган. Масалан, Қуръони каримда фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраш баён қилинган:

“Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз”[4].

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ.

“Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам тиласанг Аллоҳдан тилагин”. Термизий ривоят қилган.

Ушбуларга ўхшаш оят ва ҳадисларнинг зоҳирларини далил қилишиб, бирор шахсни васила қилиш мумкин эмас, – деганлар;

б) баъзи уламолар бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиз, фақат у тирик бўлиши шарт, – дейишган. Ўзларининг бу қарашларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

 عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб агар қурғоқчиликка дуч келсалар, Аббос ибн Абдулмутталиб билан (васила қилиб) ёмғир сўраб шундай дерди: “Аллоҳим, биз сенга Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик, Сен бизга сув берар эдинг. Биз энди Сендан Набиййимизнинг амакиларини васила қилиб сўраймиз, бизларга сув бергин”. Сўнгра уларга сув берилар эди”. Бухорий ривоят қилган.

Яъни ушбу ривоят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қилади, – дейдилар;

в) Аҳли сунна вал-жамоанинг жумҳури бирор улуғ шахсни васила қилиш учун унинг тирик бўлиши шарт эмас, – деганлар. Юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтирганларга бир қанча раддиялар қилганлар:

– Мазкур ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қиладиган бирорта ҳам очиқ-ойдин лафз йўқ;

– Ушбу ривоятнинг, ўзини, аслида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиш жоизлигига далил дейиш ҳам мумкин. Чунки Умар розияллоҳу анҳу: “Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик”, деган. Маълумки, ушбу қурғоқчилик йили Миср фатҳ этилгандан сўнг ҳижрий ўн саккизинчи йилдан кейин бўлган. Шунга кўра, бу ривоят ўтган йиллар мобайнида ҳаётда бўлмаганлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор марта ҳам васила қилишмаган, деган маънога далолат қилмайди.

– Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилиш аслида мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа зотларни ҳам васила қилиш мумкин эканини билдириб қўйиш учун бўлган. Саҳобалар ичидан айнан Аббос розияллоҳу анҳуни хослаш эса нубувват хонадони ҳурмати эътиборидан бўлган.

Шунингдек Умар розияллоҳу анҳунинг мазкур ишларида юқоридагилардан ташқари бошқа бир нозик жиҳати ҳам бор. Умар розияллоҳу анҳу заиф мўминларнинг риоясини қилиб Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилган дейиш ҳам мумкин. Чунки дуо ижобати Аллоҳнинг иродасига боғлиқ иш. Агар у зот фаразан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилганида ва дуо ижобати кечикканида баъзи инсонларнинг кўнгилларига васвасага ўхшаган нарса келиши мумкин эди. У зот алайҳиссаломдан бошқани васила қилганда эса ижобат кечикса ҳам мазкур ноқулайлик юзага келмайди. Ана шу эътибордан Умар розияллоҳу анҳунинг мазкур иши раҳимдиллик билан қилинган ҳикматли иш бўлган.

Кейинги мавзу:
Хотима.

 


[1] Ҳаж сураси, 32-оят.
[2] Моида сураси, 35-оят.
[3] Намл сураси, 32-оят.
[4] Фотиҳа сураси, 5-оят.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Янги руҳий касаллик: номофобия

14.01.2026   2759   8 min.
Янги руҳий касаллик: номофобия

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

КИРИШ

Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизми?

Агар шундай бўлса, сиз кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз. Бу касаллик – номофобия деб аталади.

Номофобия – инглизча “no mobile-phone-phobia” – телефонсизликдан қўрқиш. Мобил телефонсиз ёки ундан узоқда қолишдан қўрқиш (фобия) ҳисобланади.

 

МАВЗУНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ

Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб баҳолашмоқда.

Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилишини ҳисобга олсак, бу касалликка чалиниш сони юқори эканини англаш мумкин.

ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи номофобия яъни телефонга қарамлик касаллиги ҳозирда кўпроқ ёш болалар ва ўсмирларда учрамоқда. Уларда асабийлик, ўжарлик, хотиранинг пасайиши, умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталикларнинг ривожланиши кўпаймоқда.

Аслида гаджетлар болаларнинг севимли “ўйинчоғи”га айланишига айрим ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлмоқда. Зеро, бу – хархаша, инжиқликлардан халос бўлишнинг осон йўли. Оналар ўз телефонларини болага тутқазадилар ва бемалол бошқа ишлар билан машғул бўлиш мумкин.

Мутахассислар болаларнинг ютуб орқали мультфильмлар томоша қилиши уларнинг ақлий ривожланишига хизмат қилмаслигини, балки боланинг асаб тизими, уйқусизлик, хотиранинг пасайиши каби ҳолатларга сабаб бўлишини айтишади.

Психологлардан бири айтади: “Қабулимга жуда кўп ота-оналар болаларини олиб келишади: уларда дарсларни ўзлаштиришда орқада қолиш, ўртоқлари билан чиқиша олмаслик, бутун дунёдан, воқеликдан узилиш кузатилади.

Энг ачинарлиси, ота-она телефондан фойдаланишни тақиқласа, уларга қўл кўтаришгача бораётган болалар бор. Шунинг учун 15 ёшгача болаларга телефон, гаджетлар олиб бермаслик лозим”.

Телефонга муккасидан кетишнинг инсон саломатлигига бошқа яна кўплаб салбий таъсирлари ҳақида қатор илмий тадқиқотлар, аниқ факт ва далиллар мавжуд. Қуйида сизга уларнинг айримларидан мисолларни тақдим этаман:

 

КЎЗГА ТАЪСИРИ

Телефон экранларидан узоқ муддат фойдаланиш – кўриш муаммоларини келтириб чиқаради. Чунки аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келади.

 

Кўз касалликлари бўйича мутахассис доктор Малик Холид айтади: “Ҳар куни қоронғи хонада ярим соат телефон ишлатган одамнинг кўзларида рак касаллиги келиб чиқиши кузатиляпти. Кўз қизариб пардани ўраб олади, у пардани олиб ташлаш имконсизлиги учун бу дард давосиз қолмоқда”.

 

РАДИАЦИЯ ТАЪСИРИ

Телефонлардан чиқувчи радио сигналларнинг салбий таъсири кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Айниқса, бош мия тўқималари зарарланади. Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, унинг зарари бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина намоён бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан хасталанган ёшлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳар куни атиги 15 дақиқа мобил телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси ҳосил бўлиши учун етарлидир.

Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) телефонлардан чиқувчи радиацияни “таҳдидли” деб эълон қилган ҳамда телефондан ортиқча фойдаланиш мия ракини ва бошқа хасталикларнинг хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашган.

 

ДИҚҚАТНИ ЖАМЛАЙ ОЛИШГА, ЭЪТИБОРНИНГ ПАСАЙИШИГА САБАБ БЎЛАДИ

АҚШ Педиатрия Академияси (AAP) тадқиқотчилари, телефон ёш болаларнинг психик ривожланиш босқичини кескин ўзгартириб юбориши, диққатни жамлай олиш қобилияти бузилиши, турли психологик оғишлар юз бериши, ҳатто порнографик қарамлик келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирадилар.

 

УЙҚУСИЗЛИК, УЙҚУ ТИЗИМИНИНГ БУЗИЛИШИ

Телефон экранидаги ёруғлик мияга турли сигналлар юборади, натижада миянинг уйқуга кириши қийинлашади.

Harvard Medical Schoolда олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, кеч бўлганда телефондан фойдаланиш уйқуни бузади ва инсонларнинг кун давомидаги фаоллигини пасайтиради.


СТРЕСС ВА ДЕПРЕССИЯ

Телефондан ортиқча фойдаланиш, айниқса ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлаш, стресс ва депрессияни оширади.

Буюк Британия UnHerd сайтининг “Ижтимоий тармоқлардан воз кечиш инсоннинг руҳий саломатлигини яхшилайди” номли эълон қилган мақолада бундай дейилади:

“Бугун ижтимоий тармоқларда қандай маълумотларни кўрганингизни эслашга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, сиз ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Буни ижтимоий тармоқлар қисқа ва узоқ муддатли хотирани ёмонлаштириши ҳақидаги илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ижтимоий тармоқлардан воз кечиш туфайли инсоннинг руҳий саломатлиги яхшиланади” (https://unherd.com/2025/08/were-trapped-in-big-techs-mind-maze/).

 

ЕЧИМ:

Эҳтимол ёшларни бу касалликдан сақлаш учун мактабларни телефондан фойдаланишни қатъий тақиқлаш лозимдир. Зеро, бир қанча давлатларда мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Масалан, Франция, Финландия, Хитой, Италия ва Португалия каби давлатларда телефондан фойдаланиш тақиқланади.

Хитойда ўқувчилар мактабга телефон олиб боришса ҳам, дарс бошланишидан олдин уни ўқитувчига топширишади.

Франция эса боғча, бошланғич ва ўрта мактабларда смартфонлардан фойдаланишни қонунан тақиқланган. Яна бир маълумот: Яқинда Франциянинг бир ҳудудида тажриба тариқасида нафақат мактабларда, балки жамоат жойларида телефондан фойдаланиш тақиқланди.

 

ДАВО:

Аллоҳ таоло нимаики дард берган бўлса, унинг давосини ҳам бериб қўйган. Жумладан, ижтимоий тармоққа қарамликнинг давоси ҳам бор. Ҳар қандай дарднинг асосий муолажаси парҳез бўлганидек, интернет қарамлик дардининг муолажаси ҳам “парҳез”дир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф киши нафсини тарбиялаш ва унга одоб бериш ҳамда нафсни турли камчилик ва нуқсонлардан сақлашда улкан асос бўлиб хизмат қилади.

Бир маслаҳат, дам олиш кунлари оилавий телефонни бир неча соатга ўчириб қўйиш одатини шакллантиринг. Ахир болалар катталардан ўрнак олишади. Аста-секин бу вақтни ошириб бориш мумкин.

 

ХУЛОСА

Демак, номофобия:

Жисмоний зарар – семизлик, уйқусизлик, кўзлар зарарланиши, юрак касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари кўпайишига олиб келади.

Ижтимоий зарар – бундай одамлар юзма-юз муносабатлардан қочишади, виртуал ҳаётда яшашади ва воқеликни қабул қилиш қийинлашади. Турли қимор ўйинларига берилиб кетиш, оилавий муносабатларга путур етказиш, ҳаётдан баҳра олишдан маҳрумлик келиб чиқади.

Психологик зарар – депрессияга тушиши, ўз жонига қасд қилиш, доимий қўрқув ва безовталик билан яшашга сабаб бўлади.

 

СЎНГГИ СЎЗ

Сўзимизни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати – уни манфаатсиз ишга машғул қилиб қўйганидир”.

Шундай экан, ғанимат умрингизни бекорчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан ўтказиб юборманг!

 

Даврон НУРМУҲАММАД 

Мақолалар