Бугун буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун.
У зотнинг ижодидан бир шингил:
Қаро кўзум, келу, мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.
Шарҳ: Ҳазрат қалблари маҳбубига мурожаат этиш учун, аввало, сўз, ибора ёхуд ташбеҳ излайдилар. Инсон танасининг энг зарур ва азиз бўлган аъзоси кўз неъмати экан, улуғ шоир севимли маҳбубнинг кўзларини тасаввур этадилар. Исломий манбаларни мукаммал билган Ҳазрат Навоий Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тим қора эканлигини таъкид этароқ, бевосита ийҳом санъати билан - ҳам севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хаёлан мурожаат этадилар, ҳам ул зоти бобаракотни ўзларининг кўзлари ўрнида тасаввур қилиб, улуғлайдилар.
Дарҳақиқат, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўзлари қораси тим қора эди”.
Мардумак – кўзнинг гавҳари. Маълумки, кўз қабул қилган тасвирлар ана шу мардумакда, гавҳаракда акс этиб туради. Фан – касб, ҳунар маъносини англатади. Улуғ шоир Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга илтижо билан: “Эй қаро кўзли Расулуллоҳ, кўзларимдек азизим, Сизни тушларимда кўрай, кўзларим мардуми ичида доимо сиймонгиз акс этиб турсин, менинг кўзларим мардуми бўлишингиз бир ҳунардек такрор-такрор бўлсин. Ватан – тарк этиб бўлмайдиган маскан, Кўзим мардумини фақатгина Сизнинг аксингиз эгалласин, ё Расулуллоҳ, бу ватанга бошқа ҳеч ким кирмасин”, демоқдалар.
Филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий
Аввал хабар берганимиздек, бугун Тошкент ислом институтида “Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалаларга оид тадқиқотлардаги ёндашувлар” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда соҳада фаолият юритаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар бевосита ва Zoom дастури орқали масофадан туриб иштирок этишди.
Дастлаб институт ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун домла Ғафуров сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда диний соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан таълим ва илмий тадқиқот йўналишида қилинаётган ўзгариш ва янгиликлар нафақат юртимиз, балки халқаро даражада эътироф этилаётгани, мана шундай илмий-амалий анжуманлар доимий ўтказилаётгани, олий маъҳадда магистратура таълим босқичи ва модул таълим тизими йўлга қўйилгани бунинг ёрқин далили эканини қайд этди.
Сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Давронбек Махсудов анжуман мавзуси бўлган ақида ва фиқҳий масалалар бугунги кундаги энг долзарб замонавий масала эканини таъкидлаб, ҳозирда мазкур институт ҳам академик даражага кўтарилиб, ушбу икки йўналиш бўйича илмий даражага эга малакали мутахассислар етиштириб чиқараётгани, улар диний соҳани турли йўналишларида фаолият юритиб, халқимиз маърифатиини ошириш, жамиятимиз барқарорлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини эъттироф қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ўз нутқида бугун аҳолимиз фаровонлиги ҳар жиҳатдан ортиб бораётгани, бу ўз навбатида диний соҳа, айниқса, фатво масаласига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги, хусусан, уламолар таъкидлаган макон ва замон, урф-одат каби 10 дан зиёд сабабларга қараб такомиллашиб бориши, айни масалаларда соҳа мутахассисларининг бир жойга тўпланиши катта натижаларга сабаб бўлишини алоҳида таъкидлади.
Диний идора Фатво маркази бош мутахассиси Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов пластик жарроҳлик амалиётига оид шаръий ҳукмларни баён қилди. Шунингдек, анжуманда олимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар “Ёт ғоялар таъсирига тушган шахсларни реабилитация қилиш масалалари”, “Электрон савдога оид замонавий фиқҳий масалалар”, “Мотуридия таълимотининг асослари ва хусусиятлари” ва бошқа мавзулар муҳокама қилинди.
Конференция доирасида муҳокама қилинган Қуръоншунослик, ҳадисшунослик, фиқҳ, калом илми ва ақида йўналишига оид 70 дан ортиқ мақолалар махсус илмий тўпламга киритилиб, талаба-ёшлар ва жамоатчиликка тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати