Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:39
Пешин
12:22
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
12 Декабр, 2025, ,

Устоз ва ота-онанинг мақсади бир бўлиши лозим!

10.02.2025   7728   3 min.
Устоз ва ота-онанинг мақсади бир бўлиши лозим!

«Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмни, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини, қимматини билмас. Ўз айбини билуб, иқрор қилуб тузатмакға саъй ва кўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мезон тарозусига қўйиладурган амалларнинг ичида яхши хулқдан оғирроғи йўқдур. Мўмин банда яхши хулқи сабабли кечаси ухламасдан, кундузлари рўза тутиб ибодат қилган кишилар даражасига етар”, демишлар».

Абдулла АВЛОНИЙ


Фарзанд тарбияси бугун ҳар бир ота-она учун, ўқитувчилар учун жуда оғриқли масала. Чунки уларнинг одоб-ахлоқи, дарсларни ўзлаштириши қониқарли эмас. Юнусобод туманидаги 117-ўрта мактаб ўқитувчиси Сумбула АЛМАНОВА бунинг сабаблари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди: 
 

– Бугун юртимиздаги ҳар бир мактабнинг ўзига хос муҳити бор. Таълим жараёнлари ҳам, болаларнинг юриш-туриши, ўзлаштиришлари ҳам турлича. Ўқувчиларнинг хулқида кўзга ташланаётган умумий иллатлар жамиятимиз олдида турган катта муаммодир. Зеро, биргина беадаб ўқувчи бутун синф муҳитига таъсир қилади.
 

Эрталаб яхши кайфиятда дарсга келасиз. Биринчи соатдан одобсиз ўқувчи сизни беҳурмат қилса, қолган дарсларни қандай ўтиш мумкин?! Синфда шунақа болалардан бир нечаси бўлса-чи? Дарс тарбиявий соатга айланиб кетмайдими? Афсус, бугун кўплаб ўқитувчилар иш кунини шу тарзда бошламоқда.
 

Баъзи ўқувчилар дарсларга мутлақо эътиборсиз. Мактабга фақат давомат учун келади. Дарсларни ўзлаштирмаслиги оддий ҳолга айланган. Айрим юқори синф ўқувчилари ҳижжалаб ўқиб турса, бу менга фожиа бўлиб кўринади. Аксар ўқувчиларнинг фикру зикри қўл телефонида. Камсонли ўқувчиларгина қаноатли. Қолганларида доимий норозилик кайфияти устун бўлади.
 

Яна бир жуда оғриқли нуқта – бу ўқувчиларнинг ибо-ҳаё масаласи. Шундай муаммога йўлиққан ўқувчига ахлоқдан сўз очсангиз, сизга “ақл” ўргатади.
 

Афсуски, кейинги пайтда ота-оналарнинг мактаб ишига аралашиши кўп учрайди. Фарзанди яхши ўқимаса, дарсларга қизиқмаса ҳам, ўқитувчиларни айбдор қилишади. Боласи ножўя иш қилса-да, ёнини олади. Шундай қилиб, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жарлик пайдо бўлмоқда. Аслида устоз ва ота-онанинг мақсади бир бўлиши лозим!
 

Бу муаммоларнинг ечими, дарднинг давоси тарбия ишидир. Бола ота-она, бобо-бувилар қўлида улғаяди. Ҳозир-чи? Тан олиш керак, кўпчиликнинг фарзандлари телевизору телефон билан кун ўтказмоқда. Ота-оналар эса бунга бефарқ. Ҳолбуки, болалар, аввало, оилада тўғри тарбияланиши лозим, Таълим масканлари ота-онага ёрдамчи бўлади, холос. Таълим дарсликларида тарбияга оид ўқув дастурларимиз бор. Лекин унинг пойдевори оилада бўлиши керак. Ўқитувчига ортиқча масъулиятни юкламаслик керак. Чунки фарзанд учун биринчи галда ота-она масъул. Шунинг учун ота-оналар фарзандини ўқишга қизиқтириши, уни тинглаши, дарсларни ўзлаштиришига ёрдам бериши зарур. Шундагина ундан бирор яхшилик кутиш мумкин. Ўқувчи дарсни ўз вақтида ўзлаштира олмаса, орқада қолиб кетади. Бора-бора дарсга умуман қизиқмай қолади.
 

Демак, ота-оналар фарзандларининг тарбиясини яхшилаши, дарсларни қандай ўзлаштираётгани билан ҳар куни қизиқиши, ҳеч бўлмаганда смартфонларда нималар кўраётгани, қанча вақтини унга сарфлаётганини назорат қилиши лозим. Ўқувчиларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш, мутолаа маданиятини шакллантириш олдимизда турган бирдек муҳим вазифадир. 
 

Бобур МУҲАММАД ёзиб олди.

"Ҳидоят" журналининг 2-сонидан. 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди

11.12.2025   2735   2 min.
Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди

Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида касб-маҳоратини оширган масжидлар муаззинларига ижозат шаҳодатномаси топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, диний таълим муассасалари устоз-талабалари, малакали муаззинлар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим қироати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзлаб, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар бўлаётгани, Давлат Раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида бугунги юксалишларга эришилаётгани ҳақида айтиб ўтдилар. Хусусан, Диний идора томонидан юртимиз масжидларида янграётган азон оҳанглари янада гўзал бўлиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига урғу бердилар. 

Сўзга чиққан Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Муфтий ҳазратлари ташаббуси билан имом-хатиблар қироатини яхшилаш ва муаззинларнинг азон айтишларини чиройли қилиш бўйича хайрли ишлар йўлга қўйилгани, бу борада мўътабар манбалар ва замонавий усуллар асосида ўқув режалари ишлаб чиқилгани, қарийб беш йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида икки мингдан зиёд муаззин учун азон ва иқома бўйича ўқув семинарлар, онлайн ва офлайн машғулотлар олиб борилгани, мазкур амалий машғулотлар давомида баҳолаш мезонларига кўра саралаб олинган 196 нафар муаззин махсус ўқитилгани, бугун уларнинг 70 нафардан зиёдига ижозат шаҳодатномалари берилаётгани ҳақида тўхталди.

Тадбир давомида иштирокчиларга муаззинларнинг малака ошириш дарслари жараёнларидан видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, малакали муаззинларнинг азон садолари тингланди.  

Шундан сўнг азон ва иқома айтиш бўйича ижозат шаҳодатномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари ва Шайх Алижон қори томонидан малака оширган бир гуруҳ муаззинларга ижозат шаҳодатномалари ва китоблар тўплами топширилди.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатган Шайх Алижон қори бошчилигидаги устозларга ташаккурномалар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди Малака оширган муаззинларга ижозат шаҳодатномаси топширилди
Ўзбекистон янгиликлари