Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Октябр, 2026   |   10 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:23
Қуёш
06:41
Пешин
12:13
Аср
15:51
Шом
17:37
Хуфтон
18:50
Bismillah
21 Октябр, 2026, 10 Жумадул аввал, 1448
Мақолалар

Энг катта сармоямиз

11.02.2025   12004   3 min.
Энг катта сармоямиз

Бир ҳамсуҳбатимиз айтади: “Масжидда пешин ўқиб бўлганимиздан сўнг нуроний киши ёнимга келиб, “Қачондан бери намоз ўқийсиз?” деб сўради. “Гапираверинг-чи...” дедим. Намозни жуда тез ўқидингиз, бундай  қилиш мумкин эмас. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамларнинг ичида энг ёмонлари намозидан ўғирлайдиганидир”, деганлар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг Расули, намозидан қандай қилиб ўғрилик қилади?" деб сўраганларида у зот: "(Ўша ўғри) рукусини ҳам, саждасини ҳам, хузу ва хушусини ҳам тўлиқ қилмайди", деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти)”, деб менга танбеҳ берган бўлди.


Кейин ўтириб ўйладим: биз, йиғилишиб турадиган дўсту ёронлар жамоа бўлиб намоз ўқиганимизда мен ҳамиша ҳаммадан ортда қолиб кетаман. Ҳатто витр вожибнинг учинчи ракатига турганимда улар салом айтиб бўлишади. Модомики, мен намозни шошқалоқлик билан ўқиётган бўлсам, уларнинг намози нима бўлаётган экан?..”


Дарҳақиқат, намозни тез ўқиш бор, шошқалоқлик билан ўқиш бор. Тез ўқиш маҳбуб амаллар сирасига киради. Инчунун, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин, деб намозини енгиллатар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).


Бундан намозни вақтини чўзиб ҳам юбормасдан, шошқалоқликка ҳам йўл қўймасдан пухта ва енгил ўқиш лозимлиги аён бўлади. Ушбу мавзуга мисоллар кўп улардан бири қуйидаги воқелик:


Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот: “Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).


Шошқалоқлик билан намоз ўқиш эса номақбул амал саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти), деганлар. Яна бир ҳадисда эса “Рукуъ ва саждада белига ором бермаган кишининг намози қабул бўлмайди” (Абу Довуд ривояти), деб таълим берганлар. 


Яъни руку ва саждани комил қилиб, сажда чоғида белига ором бермаган намозда хушу ҳам, хузу ҳам бўлмайди. Намозини бу тартибда ўқиган кишининг ташвиши ибодатдан имкон қадар тезроқ фориғ бўлишдир. Буни фольклор намоз деса ҳам бўлади: ота-онаси, ён-атрофдагилар намоз ўқигани учун уларга эргашиб ўқиб юраверади. Ўзини ибодат вақтида Раббимизнинг қаршисида тургандек ҳис қилмайди, шунчаки вақти кирган вазифани наридан бери бажариб қўя қолади, холос.


Шундай экан, намозга диққатли бўлайлик, ахир Даргоҳи Олийга борганимизда биринчи бўлиб намоздан сўраламиз. Шунингдек, бизнинг энг катта сармоямиз намоз экан, уни муҳофаза қилайлик, азизлар. 

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Фахриддин ар-Розий мадрасасида «Тил – миллат кўзгуси» номли маърифий учрашув ўтказилди

21.10.2026   1336   1 min.
Имом Фахриддин ар-Розий мадрасасида «Тил – миллат кўзгуси» номли маърифий учрашув ўтказилди

Бугун Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кун муносабати билан “Тил – миллат кўзгуси” деб номланган маърифий-маънавий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда муассаса маъмурияти, устозлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар. Учрашувнинг асосий мақсади – она тилимизнинг бой ва жозибадор тарихини ёритиш, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тушунтириш, ёшларда миллий ўзликни англаш ҳамда она тилига бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғусини янада кучайтиришдан иборат бўлди.

Тадбир давомида Урганч давлат университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Юлдашев Зафарбек маъруза билан сўзга чиқди. У ўз нутқида ўзбек тилининг шаклланиш тарихи, унинг сарчашмалари ҳамда буюк мутафаккирларимиз – Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломаларнинг она тилимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

“Она тили – ҳар бир миллатнинг руҳи, ғурури ва маънавий пойдеворидир. Тилни асраб-авайлаш, унинг софлиги ва бойлигини келажак авлодга етказиш – ҳар биримизнинг бурчимиздир,” – деб таъкидлади З.Юлдашев.

Шунингдек, маърузачи бугунги глобаллашув даврида давлат тилининг ижтимоий-сиёсий ва маърифий соҳага жорий этилиши, унинг нуфузини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ҳам атрофлича фикр юритди.

Имом Фахриддин ар-Розий ислом таълим муассасаси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари