Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.
Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.
Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.
Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.
Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).
Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Агар билсангиз, рўза тутишларингиз ўзингиз учун яхширокдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Рўза тутиш овқат ҳазм қилиш тизимидаги бир қанча касалликларга шифо бўлади. Рўза –мия ва юрак қон ҳужайраларини фаоллаштиради ва тартибга солади. Рўза ортиқча вазндан халос этади ва танадан заҳарли моддаларни чиқариб юборади.
Тиббиёт ходимлари айтадилар: “Рўза қон ҳужайраларини биринчи кундан бошлаб янгилайди. Қон ҳужайралари ва дангаса ҳужайралар фаол ишлай бошлайди. Рўза тутиш бутун танани тозалаш амалиётидир. Баданга йилига бир марта шундай парвариш жуда муҳим”.
Олиб борилган тадқиқотларда рўза қон босимининг кўтарилиши билан боғлиқ 100 дан ортиқ касалликларга даво бўлиши аниқланган. Хусусан, рўза қон босимининг ортиши, қандли диабет, сурункали астма, нафас олиш, юрак, жигар, аллергия, сурункали экзема, тери касалликлари каби жуда кўплаб касалликларга шифо бўлади. Айниқса, рўза – юрак саратони, мия хуружига қарши самарали саналади.
Олимлар “рўза хужайраларда тўпланган заҳарларни даволашнинг энг фойдали усули” деган хулосага келишган. Ҳатто Ғарб давлатларида замонавий тиббиёт муваффақиятсизликка учраган айрим касалликларни даволашда рўза орқали даволайдиган марказлар самарали фаолият юритмоқда.
Ифторликда хурмо истеъмол қилиш жигар фаолиятини тартибга солади. Хурмо – жигарда тўпланиб қолган заҳарларни йўқотувчи энг яхши табиий дори ҳисобланади.
2016 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган япониялик олим Ёсинори Осуми аниқлаган энг қизиқ ҳолатлардан бири – организмнинг энг фаол ишлайдиган вақти – очлик пайтида бўларкан. Яъни, очлик орқали одам организми биринчи ўринда ўзидаги турли даражада зарарланган, касалланган, кераксиз ҳужайралардан қутулиб, уларни энергияга айлантириб истеъмол қилиб юборар экан.
Натижада, рўза тутиш орқали организм турли хилтлар, чиқитлар ва токсинлардан тозаланади.
Шунингдек, бу жараёнда йўқ қилинган зарарли ҳужайралар ўрни янги ёш ҳужайралар билан қопланади, тана ёшаради. Рўза орқали руҳ гуноҳлардан покланиб енгил бўлади, организм ҳам тозаланиб, янгиланади.
Бир сўз билан айтганда, рўза тутиш орқали ҳеч қандай дори-дармон ва салбий оқибатларсиз бир неча йиллар давомида эришиш мумкин бўлган ижобий натижалар бир ой давомида қўлга киритилади. Рўза бутун тананинг фаолиятини оширади ва ортиқча ёғларни камайтиради. Айниқса, рўзадор масжидга кўпроқ юриб борса, соғлиқ учун янада фойдали бўлади.
Муборак рамазон ойини фойдасиз ишлар билан исроф қилмасдан, уни ғанимат билиб, ибодатлар билан ўтказишга ҳаракат қилинг. Аллоҳ таоло тутаётган рўзамизни, ўқиётган намоз ва қилаётган барча ибодатларимизни қабул этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД