Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Октябр, 2026   |   19 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:32
Қуёш
06:52
Пешин
12:12
Аср
15:39
Шом
17:24
Хуфтон
18:38
Bismillah
30 Октябр, 2026, 19 Жумадул аввал, 1448

ТАОМЛАНИШ СИРЛАРИ (6-қисм)

04.03.2025   12958   7 min.
ТАОМЛАНИШ СИРЛАРИ (6-қисм)

ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (7 қисмдан иборат)ни

УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар: 

     (6-қисм)

ДАСТУРХОН  АТРОФИДА: 

  1. олижаноб тарбия кўрган, ўзининг ҳурматини ва ўз қадр-қимматини билган ақлли ёшлар улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одам)га меҳр билан, зийраклик билан, илтифот ила хизмат қиладилар;
  2. олижаноб тарбия кўрган, ўзининг ҳурматини ва ўз қадр-қимматини билган ақлли фарзандлар ҳам ота-оналарига алоҳида меҳр билан, зийраклик билан, илтифот ила хизмат қиладилар;
  3. ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлардан олдин дастурхондаги таомга, овқатга қўл узатилмайди;
  4. ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар дастурхондаги таомга қўл узатмагунча, бошқалар кутиб туришади;
  5. кўпчилик бўлиб овқатланганда таомга катталардан олдин қўл узатмаслик;
  6. улар ҳам ўз навбатида бошқаларни маҳтал қилиб қўймасликлари зарур;
  7. еб-ичишни «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» билан бошлаш;
  8. бошқаларнинг ҳам эсига тушиши учун сал баландроқ овоз билан айтилади;
  9. бош кийим билан овқатланиш;
  10. дастурхонга келтирилган таомнинг айби изланмайди;
  11. овқатни туриб, ётиб, бирор нарсага суяниб ёки юриб ейилмайди;
  12. ёнидаги овқатланаётган кишиларга назар солмаслик;
  13. ён-атрофдагиларнинг овқатланишларини кузатмаслик;
  14. дастурхонга узоқ ҳам, яқин ҳам ўтирмаслик;
  15. умумий сочиқча билан ўз олдини тўсмаслик;
  16. оби-таомларни исроф қилмаслик;
  17. нонни эъзозлаш лозим;
  18. нон увол қилинмайди;
  19. зарурат бўлмаса, нон синдирилавермайди;
  20. нонни хизматга қўймаслик (масалан, устида гўшт майдалаш, идиш-товоқларни артиш ва ҳоказо);
  21. одобли одам дастурхонга тортилган таомнинг айбини топиб, камситмайди;
  22. дастурхон атрофида жим, хомуш ўтириш чиройли эмас;
  23. оғизда таом билан сўзлаш мумкин эмас;
  24. луқма еб турган одамга савол бериш жоиз эмас;
  25. мабодо дастурхон атрофида турли хил бемор одамлар шерик бўлиб қолса, улардан ҳазар қилинмайди;
  26. таомнинг яхши, сархил, лаззатли жойини ёши улуғларга ёки ёндаги шерикларга тутилса, инъом-эҳсон қилинган бўлади;
  27. дастурхон атрофида ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларга таомнинг яхши, сархил, лаззатли жойларини инъом-эҳсон қилиш лозим;
  28. дастурхон атрофида эҳсонни олдин ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар, ёши улуғларга, кейин ўнг томон, ундан кейин чап томондаги одамга илтифот этилади;
  29. агар мабодо ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар ўз таомларини ё бошқа бирор оби-таом илинсалар, дарҳол миннатдорчилик изҳор этиб, уларнинг қўлларини қайтармай, сўзларини икки қилмай, гапларини ерда қолдирмасдан, ўз хурсандчилигини ифода этилади;
  30. сўнгра ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар ўз таомларини ё илинган бошқа бирор оби-таомларини мамнуният билан, бошқа ҳеч кимга бермасдан “Катта раҳмат!”, “Уялиб, сўраолмай турган эдим...”, “Сизники – табаррук!”, “Биз ҳам Сизга ўхшаб юрайлик!”, “Сизнинг йўлингизни берсин бизга ҳам!”, “Биз ҳам Сизнинг ёшингизга етайлик!” деган ёқимли гаплар билан ҳурмат билан қабул қилиб, тановул қилиши чиройли одоб ва катта эҳтиром саналади. Борди-ю учинчи одам ўзи илтимос қилиб сўраса, илтимоси рад этилмайди;
  31. қорин очгандагина овқат емоқ;
  32. агар луқма тушиб кетса, тозаланиб кейин ейилади;
  33. дастурхоннинг ҳамма томонига узанавермасдан, таомни олдидан, луқмани кичик олиш одобдандир;
  34. оғизда луқма бўлса, гапирмаган яхши;
  35. бошқаларнинг луқмаларига қарамаслик;
  36. кўнгилни қолдирадиган ҳаракатлар қилмаслик;
  37. қаҳқаҳа отиб кулмаслик;
  38. овқатланиш пайтида оғизни чапиллатмаслик;
  39. оғизни тўлдириб овқатланмаслик;
  40. дастурхон атрофида бурун қоқмаслик керак;
  41. овқатни хотиржам ҳолда ўтириб истеъмол қилиш лозим;
  42. овқатни яхшилаб чайнаб, сўнгра ютиш;
  43. оғизга солинган бир бўлак таомни ютмасдан туриб, иккинчи бўлакни оғизга солмаслик;
  44. нонни тишлаб эмас, балки қўлда майда бўлакларга бўлиб истеъмол қилиш;
  45. овқатланиш вақтида атрофдагиларнинг идишига назар ташламаслик;
  46. тортилган таомни имкон қадар охиригача истеъмол қилиш;
  47. ким биландир сўзлашмоқчи бўлса ҳам, ёнидаги одамга орқа ўгирмаслик. Мабодо шундай қилиш ўта зарур бўлиб қолса, у одамдан кечирим сўраш лозим;
  48. аксиргиси келганида ё йўтал тутганида, тезлик билан орқасига ўгирилмоғи;
  49. одамга, дастурхонга, ундаги нон ва овқатга қараб зинҳор аксирмаслик, йўталмаслик;
  50. агар бирор нарсани оғиздан чиқариш зарурияти бўлса, дастурхондан тескари ўгирилиб, чап қўлда уни олиб ташлаш;
  51. акса уриш, йўталиш ёки оғиздан бирор нарсани олиш учун ўгирилганда чап томондан орқага ўгирилади. Агар чап томонида ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар, ёши улуғ инсонлар бўлишса, ўнг томондан ўгирилиш мумкин;
  52. дастурхон атрофида ўзгаларнинг нафратини ва ижирғанишини қўзғовчи қилиқларни қилишдан тийилиш керак;
  53. таомни оз-оздан олиш ҳам одобдан саналади;
  54. кўнгилни айнитадиган таомлар ва ишлар ҳақида гапирмаслик;
  55. нонни икки қўли билан бўлишлик, ушатишлик. Бир қўл билан бўлиш, ушатишдан сақланиш лозим, чунки бу кибрлилик аломати ҳисобланади;
  56. нон истеъмол қилишда синдирилган нонни олиб, катта-кичиклигига қараб, ундан ўзига ярмини ё камроғини синдириб олади. Сўнг ўзининг бўлагидан ҳам синдириб олиб истеъмол қилинади;
  57. нон устига туздон, коса, товоқ, қошиқ, пичоқ каби нарсаларни қўймаслик;
  58. ноннинг ҳеч бир бўлагини отмаслик;
  59. шошмасдан овқатланишлик;
  60. дастурхон атрофида баланд овоз билан гаплашмаслик;
  61. агар киши келтирилган таомда ўз соғлигига зарар қиладиган ё ўзи унча ёқтирмайдиган бир нарса бор бўлса, гапни кўпайтирмасдан, ширин тил ва очиқ чеҳра билан «мени озгина узурим бор эди-да... Парҳез қилмай иложим йўқ. Узр сўрайман! Сизларга ош бўлсин! Тортинмасдан бемалол олинглар! Ош бўлсин!» демоғи лозим;
  62. овқатланаётганда сукут қилмасдан, овқат маҳали солиҳ ва олим зотларнинг пурмаъно, ибратли сўзларидан гаплашиш лозим;
  63. дастурхон атрофида ўз хасталарини сўзламаслик;
  64. дастурхон атрофида ястаниб, ялпайиб ўтирмаслик;
  65. кириб келган одамни бирга таом емоқликка чорлашлик керак;
  66. таом еяётганда ўз олдидан олиб емоқлик;
  67. борди-ю, мева, туз, сув бўлса, унда ихтиёрлидир;
  68. таомни ҳар доим бир четидан ўз олдидан олиб ейиш, зинҳор ўртасидан бошлаб емаслик;
  69. агар пўстли ёки данакли мевалар истеъмол қилинса, уларнинг пўстлоғи ва данаги дастурхоннинг бир четига қўйилади ёки махсус идишга ташланади. Агар давра танг бўлиб, меванинг пўстлоқ ёки данакларини ташлаш имкони бўлмаса, салфетка ёки латтага ўраб, кишилар кўзига тушмайдиган жойга, бир четга қўйилади. Агар ўрашга нарса тополмаса, чап қўлида сақлайди;
  70. овқат еяётганда барча таомланаётган дўсту ёрларнинг юзларига ҳадеб қарайвермаслик;
  71. мабодо тез тўйиб қолгудек бўлса, бошқалар уялиб қолиб емай қўймасликлари учун кам-кам еб туриш ва ё еяётгандай бўлиб ўтиришлик;
  72. ҳамма овқатланиб бўлмасидан ўрнидан туриб кетмаслик;
  73. дўст, биродарларга, меҳмонларга уч марта «Қани, марҳамат!.. Марҳамат!.. Олсинлар!.. Дастурхонга марҳамат!..» дейилгандан кейин ҳам ейишмаса, уларни мажбурламаслик.

(6 – қисм тугади. Давоми бор...). 

Иброҳимжон домла Иномов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Аждодлар билан фахрланишнинг ўзи кифоя эмас»: Имомлар Ислом цивилизацияси марказининг яна бир муҳим вазифаси ҳақида

30.10.2026   18727   4 min.
«Аждодлар билан фахрланишнинг ўзи кифоя эмас»: Имомлар Ислом цивилизацияси марказининг яна бир муҳим вазифаси ҳақида

Ислом цивилизацияси марказида диний соҳа вакиллари учун ташкил этилган ўқув-семинарда аждодлар илмий мероси, Қуръони карим қироати ва тажвид илмига оид билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Унда иштирок этган имомлар Марказда олган сабоқларини ўзлари фаолият юритаётган масжидларда ҳам тарғиб этиш, тарихий меросни ўрганиш билан чекланмай, унинг маърифий аҳамиятини жамоатчиликка етказиш зарурлигини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» дастури доирасида навбатдаги ўқув-семинар ташкил этилди.

Машғулотларда Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти тингловчилари иштирок этди.

Дастур тарихий ва диний-маърифий билимларни уйғунлаштириш, соҳа вакилларини аждодлар илмий мероси билан яқиндан таништириш ҳамда уларнинг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Иштирокчилар дастлаб Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишди. Уларга Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илм-фан, маданият ва ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, тарихий қўлёзмалар ҳамда ноёб маданий мерос намуналари ҳақида маълумот берилди.

Ўқув-семинарнинг асосий қисмларидан бири Қуръони каримни тўғри тиловат қилиш ва тажвид қоидаларини чуқур ўзлаштиришга бағишланди.

Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли «Қироат ва тажвид илми» мавзусида машғулот ўтказиб, Қуръони карим тиловатининг ўзига хос жиҳатлари, ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш, қироат қоидаларига амал этиш ва диний билимларни мунтазам такомиллаштириш масалаларини тушунтирди.

Машғулотлар иштирокчиларга ўз билимларини мустаҳкамлаш, тажрибали устоз билан бевосита мулоқот қилиш ва қироат илмига оид муҳим масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини берди.

Семинар иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказидаги таълимий муҳит ва машғулотлардан олган таассуротларини баҳам кўрар экан, бу ерда ўрганилган билимларни амалиётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади.

Жумладан, Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Ҳазрати Умар жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадали Фазлиддин Марказнинг вазифаси фақат тарихий ёдгорликлар ва ноёб экспонатларни намойиш этиш билан чекланмаслигини қайд этди.

Унинг фикрича, буюк алломалар меросини ўрганиш инсонни илм олишга, ўз устида ишлашга ва эгаллаган билимларини бошқалар билан баҳам кўришга ундаши лозим.

«Ислом цивилизацияси марказини фақат музей сифатида қабул қилмаслик керак. Бу ердаги асосий мақсад — аждодларимизнинг илм йўлидаги хизматларини кўрсатиш, уларнинг мероси орқали бугунги авлодни маърифатга ундашдир. Бу масканга келган ҳар бир инсон буюк алломаларимиз бутун ҳаётини илмга бағишлаганини англайди. Биз ҳам улар билан фахрланиш билангина чекланмай, уларнинг илмий анъаналарини давом эттиришга интилишимиз зарур.

Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлининг қироат ва тажвид илмига бағишланган суҳбатидан ҳам катта илҳом олдик. Бу дарс Қуръонга бўлган шавқимиз ва муҳаббатимизни янада оширди. Бугунги машғулотлардан олган энг муҳим хулосаларимиздан бири — ёшимиз ва касбимиздан қатъи назар, доимо илм олишга интилишимиз кераклигидир. Энг муҳими, ўрганганларимизни аввало оиламиздан бошлаб ҳаётга татбиқ этишимиз, кейин эса жамиятга етказишимиз лозим. Шундагина маърифатнинг самараси кенгроқ намоён бўлади», — деди Муҳаммадали Фазлиддин.

Мазкур фикрни Тошкент шаҳридаги Ракат жоме масжиди ноиб имоми Аҳрор Раҳмонов ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, Марказдаги машғулотлар диний соҳа вакилларига нафақат тарихий билимларини бойитиш, балки ўз фаолиятида фойдаланиш мумкин бўлган янги маълумот ва тажрибаларни ўзлаштириш имконини бермоқда.

«Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу улуғ масканда ҳар бир бўлимнинг ўзига хос ўрни бор. Бу ерда нафақат тарихий меросимиз билан танишамиз, балки таълим ва маърифатга қаратилган эътиборни ҳам яққол кўрамиз. Устозларимизнинг суҳбатлари ва машғулотларидан катта фойда олмоқдамиз. Энг муҳими, бу ерда олган билимларимизни ўзимиз хизмат қилаётган масжидларда ҳам етказишга, уларнинг жамият учун манфаатли бўлишига ҳаракат қиламиз», — деди Аҳрор Раҳмонов.

«Учинчи Ренессанс чорраҳаси» дастури доирасидаги мазкур учрашув ҳам тарихий меросни ўрганишни замонавий таълим ва касбий малака ошириш жараёни билан боғлашга қаратилган.

Шу тариқа, Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган маърифий машғулотлар аждодлар меросини намойиш этишдан уни чуқур англаш ва жамоатчиликка етказиш сари муҳим ўқув майдони вазифасини бажармоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари