Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон ва яхшилик ойи Рамазонда Аллоҳ таоло бандаларига Ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан, ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этиб, икки дунёсини обод қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади.
Ислом дини беш асос устида қурилган бўлиб, шулардан бири бу – Закот ибодатидир. Закот Аллоҳ таоло мўмин бандаларига фарз қилган улуғ амалларидандир.
Закотнинг жорий этилиш ҳикмати шуки, закот туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келади, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асрашига замин тайёрланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлар молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.
“Закот” сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.
Шаръий истилоҳда “Закот – махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир”.
“Махсус мол” – нисобга етган мол демакдир.
«Махсус жуз» – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдордир. Мисол учун, бир кишига «Ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди. «Махсус шахс» деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган.
«Аллоҳнинг розилиги учун» жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади.
«Шариат тайин қилган» деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилади. Озгина садақа бериб, «шу закот» деб бўлмайди.
«Мулк қилиб бериш» деган жумладан эса «ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди» деган маъно англанади.
Закот тўғри бўлиши учун ажратилган мол закот берувчи томонидан ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак.
Фойдаланиб туришга берилган буюмлар закот бўлмайди, шунингдек, кишиларни таомлантириб, «мана шу менинг закотим» дейиш ҳам жоиз эмас. Лекин таом сотиб олиб, закот деб ният қилиб берса бўлади.
Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган улуғ амалдир.
Закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир. У исломий ибодат бўлиб, ақийданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир бўлади, бордию уни адо этмаса, гуноҳкор бўлади.
Қуръони каримда “закот” сўзи ўттиз мартадан ортиқ зикр қилинган бўлса, шулардан йигирма еттитасида намоз бирга келган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида ҳам закотга катта эътибор берилган.
“Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва руку қилувчилар (намозхонлар) билан бирга руку қилингиз (намоз ўқингиз)” (Бақара, 43).
“Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) йўлдир” (Баййина, 5).
Юқоридаги ҳар икки ояти каримада закот сўзи улуғ ибодат – намоз сўзига қўшилиб келмоқда.
Қуръони каримнинг бир неча оятларида закот намоздан кейинги ўринда келтирилган. Бу закотнинг шартлиги намоз мажбуриятидан кам эмаслигига далилдир.
Демак, намоз қанчалик фарз бўлса, закот ҳам шунчалик фарз.
Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қатъий белгилаб берилган.
Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни қирқдан бири демакдир. Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.
Маълумки, закот улуғ ибодат бўлиши билан бирга, унда буюк инсоний фазилатлар мужассам, закот бериш туфайли киши руҳий, ахлоқий камолотга эришади. Бунинг учун закот берувчида ихлос ва самимият бўлса бас.
Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Закот берсам бўлди, мен фарзни адо этган бўламан, деб хоҳлаган шахсга бериб юбориш динимиз кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Чунки номуносиб шахсларга берилган маблағингиз, гарчи у ҳалол йўл билан топилган бойлик бўлса ҳам ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши ҳеч гап эмас.
Шунинг учун ҳалолидан топган бойлигингиздан ажратилган закотни Аллоҳни таниб Уни барча буйруқларига итоат қиладиган бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга шунингдек, юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган ёрдамга муҳтож талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам берилса, ҳам фарзни адо этган бўламиз, ҳам улкан савобларга эришамиз иншааллоҳ.
Закотни масжид ва турли ишлаб чиқариш корхоналарни қуришга ҳам сарфланмайди.
Шунингдек, ўзи яшаб турган ҳудуд ва шаҳарда фақир ва мискинлар мавжуд бўлатуриб, закотни бошқа жойлардаги муҳтожларга юбориш ҳам макруҳдир. Агар закот берувчининг яқин қариндошлари ёки ўта мискинлар бўлса закотни юбориш жоиздир. Закотни беришда маслаҳат ила маълум ўринларга, юқорида қайди келган закотни олишга ҳақли бўлган, эҳтиёжманд кишиларга бериш амалнинг айни қабул бўлиш шартидир.
Закот берувчи одам ўзининг бераётган закотини чин қалбдан, хурсанд ҳолда ва рози бўлган ҳолда адо этиши лозим бўлади. Закотни олувчи инсон ҳам бўйнини эгиб эмас, балки азизу мукаррамлик ҳолда Аллоҳ берган ҳақни олаяпман деб олиши ва уни олаётган вақтда “бу менинг ҳаққим” деб билиши керак бўлади.
Закот бериш ва олиш жамиятда инсонларга бунёдкорлик руҳини вужудга келтиради. Улардан ҳаёт қийинчиликларини, изтироб ва машаққатни кетказади, бузғунчилик, ҳасадни йўқотади. Жамият аъзолари ўртасида ўзаро меҳрибонлик, раҳм-шафқат, тенглик, адолат ва муҳаббат вужудга келади. Закот олган кишиларда харид қуввати ошади, зера уларда қўлларидаги маблағга бир нарса сотиб олиш имконияти вужудга келади.
Демак, закот жамиятдаги молиявий ҳолатларга ижобий таъсир кўрсатади. Кўплаб иқтисодий, моддий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўлида хизмат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди”.
Закотнинг ҳикматидан бири, унда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.
Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, руҳий покланиб, саховат ва мурувват фазилатларига эга бўлади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга буюриб: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг…”, деган.
Қолаверса, закот берилган мол ҳар қандай офат ва талофотлардан омон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай дедилар: “Сизлар молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.
Аллоҳ таолонинг бизга берган мол дунёсидан белгиланган закотни бериш, албатта унинг ўсиши ва баракотли бўлишида аосий омил бўлиш билан бирга, закотни олувчиларга ҳам катта манфаатлар бордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг жорий 2025 йилдаги закот бўйича қабул қилинган қарори:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати милодий 2025 йил (ҳижрий 1446 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 61 млн 200 минг сўм деб белгилади.
Шунга асосан, кимда зарурий эҳтиёжидан ташқари камида 61 млн 200 минг сўм қийматидаги пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат моли бўлса, жами маблағининг қирқдан бири (2,5 фоиз)ни закот ниятида ҳақдорларга беради.
Аллоҳ таоло халқимизнинг фаровонлигини зиёда айлаб, барчамизни закот берадиган, кўплаб яхшиликлар қилиб, Ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин!
Манбалар асосида
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.