Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рўзадор кишига қуйидагилар суннатдир:
1. Нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш;
2. Фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш;
3. Биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш;
4. Мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш;
5. Қуръон ўқиш;
6. Қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш;
7. Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш;
8. Таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш;
9. Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган киши учун витр намозини ҳам жамоат билан ўқиш.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Бу муқаддас ойда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш ва жамиятда ўзаро ғамхўрлик муҳитини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Рамазон ойи муносабати билан мамлакатимизда муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик моддий ёрдам ажратилмоқда. Тегишли тартибга мувофиқ, эҳтиёжманд фуқароларга 1 миллион ва 500 минг сўм миқдорида молиявий кўмак тақдим этилмоқда.
Мазкур ташаббус нафақат моддий ёрдам, балки давлатнинг аҳолига бўлган эътибори, ғамхўрлиги ва ижтимоий масъулиятининг амалий ифодасидир. Айниқса, муқаддас ойда бундай кўмакнинг етказилиши ҳудудлардаги кўплаб оилалар учун катта маънавий қўллаб-қувватлаш бўлмоқда.
Жумладан, Наманган вилоятида ҳам 68 мингдан ортиқ оилага бир марталик моддий ёрдам етказилиши режалаштирилган.
Жойларда бу жараён изчил ва манзилли тарзда амалга оширилиб, ёрдам ҳақиқатан эҳтиёжманд аҳоли қатламини қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундай ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирлари жамиятда ўзаро меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлаб, инсон қадри ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасини намоён этмоқда. Рамазон ойида эзгулик ва саховат ҳар бир хонадонга кириб бораётгани эса бу ишлар самарасининг яққол ифодасидир.
Бундай савобли амаллар республиканинг барча туманларида давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА