Бу йилги Рамазон ойи ўлкамизда ўзгача шукуҳ билан кутиб олинди. Мўмин-мусулмонлар эмин-эркинликда Рамазон рўзасини тутиб, кечалари таровеҳ намозларида қоим бўлишмоқда. Бу ибодатларни хотиржамликда бажариш катта неъматдир. Буларнинг ортида юрт тинчлиги, ҳукумат томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсат ётади.
Рамазон ойида баданий ибодатлар билан бир қаторда ижтимоий соҳада ҳам кўплаб эзгу амаллар бажарилади, кўплаб молиявий ибодатлар амалга оширилади. Бошқа ойлардагига қараганда шу кунларда хайрия, эҳсон ишлари янада кўпайган. Бева-бечоралар, мискин ва камбағаллар ҳолидан хабар олиниб, жамиятнинг бу тоифасига алоҳида эътибор берилмоқда. Қайси жамиятда бева-бечоралар, камбағал ва мискинлар, заиф кишилар ҳолидан хабар олинар, уларнинг моддий ва маънавий таъминоти бекаму-кўст қилинар экан, ўша жамиятнинг тинчлиги бардавом бўлади, инша Аллоҳ.
Рамазонда саховатга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки бу ойда қилинган ҳар қандай амалнинг ажри жуда кўпайтириб берилади. Аллоҳ Ўзининг йўлида қилинган садақа ва инфоқ етти юз баробаргача кўпайтирилиши Каломида баён қилган. Рамазон ойида эса бу миқдор янада оширилиши шубҳасиз. Саховат кўрсатаётган кишининг ихлоси ва қалбидаги эзгу нияти олинажак ажрни янада зиёда қилади.
Қодир бўлган бой-бадавлат, айни пайтда сахий, қўли очиқ кишилар меҳр-саховат кўрсатиш билан қалби ўксик, меҳрга муҳтож кишилар дилига олам-олам қувонч бағишлайди. Яхшилик кўрганлар асосан уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан, меҳр-мурувватдан кўнгиллари шод бўлади. Зеро, моддий нарсалар қисқа фурсатда тугаб кетиши мумкин. Бироқ бир калима ширин сўз, эътибор, табассум хотираларда сақланиб қолади. Ўзаро меҳр-оқибат кучаяди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: “Биродаринг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деганлар. Биз садақани фақат моддий мол-мулк шаклидагина тушунмаслигимиз керак. Садақа ва саховат ишлар кенг маъноли бўлиб, инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларини қамраб олади. Масалан, ота-онага яхшилик қилиш, аёлига мулойимлик билан муомалада бўлиб, фарзандларига шафқат кўрсатиш ҳам саховатнинг кўринишларидан.
Юртимиз бўйлаб бундай саховат ишларида барча масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ва ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, Андижон вилоятидаги барча маҳаллаларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, моддий ёрдамга муҳтож бўлган барча хонадонлардан хабар олиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Саховат кўрсатган, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлганлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси 30 йилдан зиёд вақт мобайнида Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани бош имом-хатиби сифатида самарали фаолият юритган "Абдуолим ота" масжиди имом-хатиби Охунжон домла Восиевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Охунжон домла Восиевнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси