Шу йилнинг 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган шаръий масалалар, масжидлар қуриш, ҳаж ва умра, ишга жойлашиш, оилавий муносабатлар, китоб чоп этиш, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Муборак Рамазон кунларида эҳтиёжманд инсонларга ёрдам бериш, уларни хурсанд этиш Ислом динида буюк фазилат саналади. Шу муносабат билан Фарғона шаҳрида кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Меҳрибонлик ва саховат муҳити ҳукм сурган тадбирда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳам иштирок этиб, йиғилганларни муборак ой билан табриклади.
Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи экани, бу ойда мўмин-мусулмонлар ибодатларини зиёда қилиб, мустаҳкам биродарлик ва бағрикенглик билан яшашга даъват этилгани, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш инсон учун икки дунё саодатига элтадиган фазилат экани таъкидланди.
Тадбир давомида меҳмонларга таом тортилиб, дуолар қилинди ва хайрли амалларга тарғиб этилди. Тадбир иштирокчилари хайрия ифторлиги ташкилотчиларига ва саховатли инсонларга ўз миннатдорликларини изҳор қилдилар. Мана шундай хайрли тадбирлар орқали юртимизда меҳр-мурувват, ўзаро қўллаб-қувватлаш фазилатлари янада мустаҳкамланиши қайд этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати