Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2025   |   7 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:05
Хуфтон
18:23
Bismillah
27 Декабр, 2025, 7 Ражаб, 1447
Мақолалар

Рамазон ҳайитининг фазилати

01.04.2025   4107   5 min.
Рамазон ҳайитининг фазилати

Муқаддас ойлар, табаррук маконлар, муборак жойлар бор. Яқинлашиб келаётган кунлар Моҳи Рамазон ҳайитига чорлайди. Бу байрам чин маънода раҳмат ва марҳаматга тўла кунлар дейилади. Бу хушдарак онлар Яратганнинг бизга бўлган инъом ва мурувватини улашаркан, кўнгилдан ҳиммат ва саховат, меҳр ва силаи раҳм тошади. Ота-оналаримизга, қариндош-уруғларга, жамоаларимиздаги қадрдонларимизга, ватандошларимизга яхшиликлар илингимиз келади. Ширин сўз билан, очиқ юз билан улар даргоҳига шошамиз. Рамазон ҳайитида етимларни йўқлаш, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган ҳамюртларимизнинг кўнглига қувонч улашиш қадимий қадриятларимиз, исломий одобларимиздан саналади. Бир ой ихлос билан тутган рўзаларимиз якунига етаркан, улуғ кун муносабати билан ҳадялар улашамиз. Ҳақдорларга закоту, садақотларни етказишга ҳаракат қиламиз.


Бу муқаддас байрам кунида ҳиммату саховат қилиш, ўзгалар кўмагига муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ажр-савобларни зиёда этади.  Топганимиз - нону ширинликлар олиб дарвозалар эшигидан кириб борарканмиз, қадрдон чеҳралар, гулгун қиёфалардаги ризолик, болаларнинг табассуми юрагимизни ёритиб юборади. Ана шу лаҳзаларда кўнгилда шукронани туямиз.


Рамазон  тақво, ҳилм, саховат ойи сифатида бизларни эзгу амаллар қилишга чорлади. Аллоҳ ўзининг Каломида “Эҳсоннинг мукофоти эҳсон”, - деб марҳамат қилади. Қўшнисига неъмат улашган, хасталар ҳолидан хабар олган, илм талабида юрган ёшларга шароит яратган, имкониятидан келиб чиқиб, орттирган маблағидан ҳақдорларга ҳиммат қилган мусулмон биродарларимизнинг бу хайрли ташаббуслари ортида улуғ мукофот турибди, иншааллоҳ. Халқимиз кўзларида қувонч билан, юраклари яшнаб, табаррук байрамни кутиб оляптилар. Кексалар ҳовучларини дуога тўлдирадилар. Бирни берганга Яратган мингни улашсин. Кулиб боққанга олам кулсин. Рамазон ҳайитининг табаррук лаҳзаларидан дастурхонимизга ризқу рўз, хайру- баракот ёғилсин!


Ўзбекистон ўзбеклар билан бир қаторда мана шу заминда камол топаётган бошқа миллат вакилларига ҳам бирдек азиз маскан. Бу заминда дини ва миллатидан қатъий назар халқлар ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик билан умр ўтказмоқдалар. Дунё айвонида содир бўлаётган диний-экстремистик таҳдидлар, нотинчликлар  барча эзгу ниятли инсонларни ўйлашга, мушоҳада қилишга даъват этади. Она диёримизнинг тинчлигини таъминлашга, Янги Ўзбекистонда одамларни рози қилиш йўлидаги ислоҳотлар-у, ташаббусларга лаббай дея бел боғлашимиз, қўлдан келганча бир-биримизга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишимиз, яратувчанлик ишқи билан яшашимиз –маънавий камолотимиздан дарак беради. Фазилат соҳиблари, ақл эгалари бугунги ҳаётни таҳлил этиб, шукрона қилишади. Яхшиликлар, неъматлар шунчалар кўпки, санаб адоғига етиб бўлмайди. Ўксик кўнгилларни хурсандчиликка тўлдириш, хасталик шукрини қилаётган одамларни зиёрат қилиш, отасиз ўсаётган болаларга тиргак бўлиш, оналарини йўқотган қизалоқларга силаи раҳм қилиш ҳар бир соф табиатли инсоннинг кўнгил амри. Улар бу амалларини холис Ҳақ йўлидаги мардоналик деб биладилар. Рамазон муносабати билан ортган бу каби хайрли ташаббуслар йил давомида мард йигитларимиз, ҳаёт ҳақиқатини англаган оила бошлиқларимизни ҳаракатга солаверади. Қўли очиқ ватандошларимиз саховат-мардлар фазилати эканини яхши тушунадилар. Айниқса, ҳайит кунларида бундай эҳсонлар кўпайиб кетиши, одамларнинг маърифати комиллашиб бораётганидан далолат. Раҳмон Парвардигорнинг ваъдаси ҳақиқат. Енг ичида қилинган яхшиликлар, соҳибига туганмас қувончлар келтириши ҳақиқат. Бу улуғ байрамни хурсандчилик айёми деб билмоқ керак. Мусибат етган хонадонларга бориб, йиғи–сиғилар қилишлик билан уларнинг дардини янгилаш, турли бидъат ва хурофотларга аралашиш керак эмас. Шундоғам озор топган дилларга ташвиш ортиш, исрофга йўл очиб, уларнинг харажатлари ортишига йўл қўймаслик керак. Улуғ кунлар файзидан бебаҳра қолмаслик учун ҳам хайрли ишларга шошмоқ керак. Бир ой рўзани ихлос билан тутиб, хайр топдим дея севинса-ю, кейин яна аввалги шўхликларни такрорлаб, гуноҳкор бўлишдан сақланмоқ керак. Нафсининг тарбияси йўлидаги жидду жаҳд одамзоднинг машаққатли юмуши бўлмоғи лозим.Тўқликка шўхликлар қилишдан аввал ўйлаш керак.


Сизга етган неъмат шукрини адо қилишга вақт борида савоблар томон шошилиш лозим. Мазлумга мадад берган, мусофирни суяган, кўнгли яримларни аяган одамлар кам бўлганини кўрмадик. Эҳсон қилганни бой топдик, берганни беҳожат кўрдик, хастани йўқлаганни саломат эканини кузатдик, дейишади кексалар билан суҳбатлашсак.


Ҳа, Ийди Рамазон бу диёрда яшаётган барча ватандошларимиз айёми. Бу ватанда тинчлигу осойишталик барқарор экан, яхши кунлар бардавом бўлаверади. Юртдошларимизга Саодат айёми муборак бўлсин. Марҳабо, Ийди Рамазон, хуш келдинг, Ийди Рамазон! Олам аҳлига меҳр-шафқат, яхшилик улашадиган, бир биримизга одамийлик эҳтиромини кўрсатадиган савобли онлар файзидан баҳрамандлик  муборак бўлсин!


Холмурод МАМАЖОНОВ,

Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ташаббус йўллаб, муваффақиятга эришинг

22.12.2025   7096   1 min.
Ташаббус йўллаб, муваффақиятга эришинг

"Келажак учун" истиқболли ташаббуслар форуми қизғин паллага кирди. Ўтган қисқа даврда kelajakuchun.gov.uz платформасига фуқаролардан 100 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Улар орасида тадбиркорлик, рақамли технологиялар,  энергетика, тиббиёт ва таълим, экология, сув хўжалиги, суд-ҳуқуқ соҳалари бўйича қизиқарли ғоялар бор.

Мисол учун, қашқадарёлик фуқаро А.Ж. "ақлли" ҳаво тозаловчи панель яратиш ва уни ҳаво сифати ёмонлашган шаҳарларда ўрнатиш таклифини юборган.

Навоийлик юртдошимиз Н.Ҳ. пахта ва ғалладан кам ҳосил берадиган ерларда тез ўсувчи ёғочбоп дарахт плантацияларини ташкил қилиш лойиҳасини илгари сурган. Унинг фикрича, бу орқали даромадни 5 баробаргача ошириш, томчилатиб суғориш орқали сув сарфини 5 баробарга камайтириш мумкин.

Бундай қизиқарли ғоя ва ташаббуслар кўп.

Эслатиб ўтамиз, форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги "Ислоҳотларни амалга оширишда истиқболли ташаббусларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ўтказилмоқда.

Яъни, барча жараёнлар ишончли ва тизимли ташкил этилган. Хусусан, One ID орқали рўйхатдан ўтишнинг аҳамияти шундаки, ташаббус эгасининг муаллифлик ҳуқуқи таъминланади.

Форумда ғолиб деб топилган лойиҳалар:

Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимот қилинади;
молиялаштирилади ва тижоратлаштирилади;
бутун республикада жорий қилинади.
Ташаббус муаллифлари:

ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятига эга бўлади;
истиқболли кадрлар рўйхатига киритилади;
10 – 50 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланади.
Форумга ташаббуслар йўллаш давом этмоқда. Ҳеч бир фикр эътибордан четда қолмайди. Форумда қатнашинг. Батафсил kelajakuchun.gov.uz сайтида танишинг.

 

Ўзбекистон янгиликлари