Одатда одам бир натижа кўрсатса, нимагадир эришса бунда ўзининг куч ва имкониятлари, ҳаракатларини бирламчи санай бошлайди ва шунда хатога йўл қўяди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг фазлисиз ҳеч ким ҳеч бир нарсага эга бўла олмайди.
UFC чемпиони Жозе Альдо 10 йил мобайнида ҳечам енгилмаган. Лекин Лигада янги жангчи билан урушганида эса 13 секундда нокаутга учраган.
Криштиану Роналдо энг чўққига чиққан эди. Лекин Лига чемпионатида гол ура олмади.
Югуриш бўйича рекордчи Усейн Болт финалда оёғи қайрилиб, финишга етиб бора олмаган.
Машҳур Михаэль Шумахер эса оёғини синдириб олиб, чемпионатни ўтказиб юборган.
Афсонавий шахматчи Роберт Фишер ҳаётидаги энг муҳим ўйинда ёш бола қиладиган хатога йўл қўйиб, ютқазган...
Демак, ҳаётда нима бўлишидан қатъий назар эсда тутинг: насибада борини оласиз. Ҳаракат ва уринишлар сабаблар, холос.
Шундай экан, ҳар ишга сиқилманг. Аллоҳга суянинг. Ҳаммасини Унинг амридан, деб билинг! Адашиб, улоқиб кетишдан паноҳ тиланг. Зотан, инсон барибир ожиздир.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 73-оятида бундай мисол келтиради: “...бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар”. Ростдан ҳам, бир пашша чақса, уни тутишга, биздан олганини қайтариб олишга қодир эмасмиз. Бас, Раббимизга таяниб, ўзимизни, ишларимизни ҳавола қилиб яшайлик, азизлар! Ишонинг, бу энг улуғ саодатдир.
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Тилла ёки нақд пулим йўқ. Аммо 600 грамм кумушим бор. Шу кумушдан закот бераманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Кумушнинг нисоби икки юз дирҳам, яъни 595 граммга тенг. Кимда шу ва шундан кўп миқдордаги кумуши бўлиб, бир йил ўтган бўлса, қирқдан бирини закот сифатида беради. Тилла ва кумушда қиймат эмас, вазн ҳисобга олинади. Шу сабабли кумушнинг нархи закот нисобига етмаслиги мумкин, аммо вазн жиҳатдан етгани учун закот берилади. Закот беришда, кумушнинг ўзидан ёки қийматидан берса ҳам бўлади (“Бадоъиус-саноиъ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.