Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Агар мадрасавий нақл мутавотир бўладиган бўлса, унда нима учун ҳанафийларнинг мутавотирида моликийларнинг мутавотирига тескари келадиган жойлар бор?
Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, моликий мазҳаби ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, нима учун бу мутавотирлар ўзаро бир хил эмас?
Имом Ҳафс роҳимаҳуллоҳнинг қироати билан имом Шўъбанинг қироати мутавотир эмасми? Етти қироат мутавотир эмасми? Лекин улар бошқа-бошқа-ку?!
Демак, «мутавотир бўлди» дегани бир хил бўлди дегани эмас экан. Шунингдек, Бухорийда келган баъзи саҳиҳ ҳадислар ҳам айнан ўша Бухорийда келган бошқа бир ҳадисга тескари келиши мумкин. Биз эса бу китобдаги барча ҳадисларнинг саҳиҳ эканига ишонганмиз.
Шунингдек, Бухорий ва Муслимда ҳам бир-бирига тескари ҳадислар бор. Униси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлиб етиб келган, буниси ҳам. Демак, саҳиҳ ва мутавотир бўлиш – нақлда бир хил бўлиш дегани эмас экан, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳодисалар турлича бўлган.
Баъзилар мутавотирни маълум бир кўринишда нақл қилишган, баъзилар эса мутавотирни ёки мустафизни бошқа бир жойда бошқа бир кўринишда нақл қилишган. Буларнинг барчаси китобларда бор. Бизнинг мавзуимиздаги нозик нуқта мутавотир бўлиш эмас, балки нақл бўлиши собитроқ ва кўп такрорланганлигидир. Бунга «мутавотир» деб ном бериш эса мажозий маънодадир.
Тўғри, баъзи далиллар мутавотир бўлиши мумкин. Лекин асосийси – нақл қилиш собит эканида энг юқори даражасига чиққан бўлиши керак. Шунингдек, улар келтирган нақл билан биз келтирган нақл хилма-хил бўлишининг зарари йўқ, чунки ҳанафийлар Кўфада истиқомат қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд, Алий ибн Абу Толиб ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган бўлса, моликийлар Оиша, Ибн Умар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган. Моликийларнинг мазҳаби Зайд ибн Собитга, ҳанафийларнинг мазҳаби эса Абдуллоҳ ибн Масъудга бориб тақалади.
Ушбу мавзуга якун ясаш билан биргаликда, кўп хавотирга ўрин қолмаслиги учун қуйидагиларни ҳам айтиб ўтсак:
Фиқҳий масалаларга нисбатан ҳадисларнинг сони жуда ҳам оздир. Аввалги маълумотларимизда ҳукмлар келган ҳадисларнинг сони уч минг, икки минг, беш юз ёки етти юз атрофида эканини айтиб ўтган эдик. Бу жуда ҳам кам сон.
Шунингдек, оятларнинг ҳам сони чегараланган. Аммо масалалар эса миллионлаб топилади. Шунингдек, ҳадислар ҳам бор, марҳамат, кўришимиз мумкин. Олдинги ва кейинги уламоларимиз ҳукмий ҳадислар ҳақида қанчалаб китоблар ёзишган. Улар ўз китобларида «Мана бу ҳукмий оят, бу эса ҳукмий ҳадис», деб зикр қилишган. Аммо бу ўринда баҳс ҳукмий оятлар ёки ҳукмий ҳадисларда эмас! Сиз кутубхонадан бир неча динорга ҳукмий ҳадислар ёзилган китоб сотиб олишингиз мумкин. Қуръони Карим эса ҳамма жойда бор. Хўш, шу иккаласи билан имом мужтаҳид бўлиб қоладими?
Баҳсимиз бу нуқтада ҳам эмас! Баҳс ушбу масалаларни қандай қилиб чиқариб олиш, ҳукмларни жамлаш ва уларни қандай тушунишдадир. Бу ерда ҳадис етиб келиш-келмаслиги масаласининг аҳамияти қолмайди! Ахир орадан 1400 йил ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга суннат етиб келди-ку!
Мужтаҳид имомлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида эса бир неча йиллар, яъни 70-80-90 йиллар ўтган, холос! Уларнинг бутун турмуш тарзи Исломдан иборат эди, улар оила қуришда, ўзаро муносабатларда, бошқарувда ва барча ҳолатларда Ислом билан ҳамоҳанг эдилар. Қандай қилиб уларга ҳадис етиб бормаган бўлиши мумкин? Қандай қилиб биз ҳаётимизнинг турли жабҳаларида Исломдан узоқ бўла туриб, «Бизга ҳадис етиб келган», деймиз? Шунинг учун «Ҳадис етиб келган-келмаган», деб баҳс қилишнинг ҳеч бир қиймати йўқ! Қуръон ва Суннат бор. Энди бу ўриндаги баҳсимиз улардан қандай ҳукм чиқарамиз, қандай ижтиҳод қиламиз, уларни қандай тушунамиз ва улардан қоидаларни қандай чиқарамиз, деган маънода бўлиши керак.
Яҳё ибн Қаттон роҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган саҳиҳ ҳадисларни кўрсатишини сўраб, Аллоҳ таолога тўрт йил дуо қилдим», деганлар.
Биз ўрганаётган мавзу фақат ҳадис ривоят қилиш эмас, балки имом Шофеъийнинг муҳаддислар йўлидан юриб, мазҳаб туза олишидир. Муҳаддислардан олдингилар эса ҳадисларни ҳам ривоят қилишар, бир-биридан фарқли фатволар ҳам беришар эди. Гап ушбу ҳадисларга таяниш учун қандай қилиб мазҳаб ва қоидаларни чиқаришдадир. Албатта, ушбу мавзу биздан катта эътибор талаб қиладиган муҳим мавзулардандир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَإِنْ نَسِيَ أَنْ يَذْكُرَ اسْمَ اللهِ فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Баъзан таом тановул қилиш пайтида инсон шошилиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолади. Бир оз еганидан кейин «Бисмиллаҳ»ни айтмагани эсига тушиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларига биноан, ана шундай вақтда «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» демоғи лозим.
Бу жумланинг маъноси «аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ» дегани бўлиб, таомнинг баракасини қайтаради ва унга шайтон шерик бўлишини қирқади.
وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ فِي سِتَّةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ فَجَاءَ أَعْرَابِيٌّ فَأَكَلَهُ بِلُقْمَتَيْنِ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَمَا إِنَّهُ لَوْ سَمَّى كَفَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки луқмада (ҳаммасини) еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган).
Бу ҳадиси шарифда ҳар бир одам таомни «Бисмиллаҳ»ни айтиб еса, у баракали бўлишига далолат бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг олти саҳобалари албатта «Бисмиллаҳ»ни айтиб, сўнг таом ейишни бошлаганлар. Аммо ҳалиги аъробийнинг «Бисмиллаҳ»ни айтмай таом егани баракани қочирди.
وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا وَرَجُلٌ يَأْكُلُ فَلَمْ يُسَمِّ حَتَّى لَمْ يَبْقَ مِنْ طَعَامِهِ إِلَّا لُقْمَةٌ، فَلَمَّا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: مَا زَالَ الشَّيْطَانُ يَأْكُلُ مَعَهُ، فَلَمَّا ذَكَرَ اسْمَ اللهِ اسْتَقَاءَ مَا فِي بَطْنِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши таом ер эди. У тасмия айтмади. Фақат бир луқма таом қолгандагина «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва:
«Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганида қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).
Бу ҳам барчамиз учун дарс. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бор жойдаги ҳар бир ўтириш, ҳаракат ва сакинат ҳамманинг диққат эътиборида бўлиши маълум.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойда бир одам «Бисмиллаҳ»ни айтмай, таом тановул қила бошлади. Ҳамма дамини ичига ютиб, нима бўлар экан, деб кутиб турди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса индамас эдилар. Ҳалиги киши эса таом ейишда давом этар эди. Энди нима бўлади? Атиги бир луқма таом қолганда бирдан эсига тушиб қолиб:
«Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди».
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва: «Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганда қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар».
Демак, таомни «Бисмиллаҳ»ни айтмай еган одам билан бирга шайтон ҳам унинг таомидан қўшилишиб еб турар экан.
Бу эса ҳам гуноҳ, ҳам таомнинг баракасини қочиришдир. Шунинг учун бу масалага жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Мабодо аввалида айтиш эсдан чиқиб қолган бўлса ҳам, эслаган заҳоти айтиш лозим.
Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, сўнг таом ейишни бошлаш исломий овқатланиш маданиятининг бошида туради.
Албатта, таом Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим бўлган банда учун неъматга эришган пайтда неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи Зотни эсидан чиқарган одам хато қилган бўлади. Агар ўзи эслаб, хатосини тўғриласа, яхши. Агар унинг эсига тушмаса, атрофдагилар унга эслатиб қўйишлари лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жузидан