#xabar #umra
Аввалроқ таниқли ва тажрибали уламо, Тошкент шаҳридаги "Сирож солиҳ" жомe масжиди имом хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ҳасан домла Қодиров элликбоши сифатида умра сафарига бориши ва у кишига ҳамроҳ бўлишни истаганларга фурсатни қўлдан бой бермаслик ҳақида эълон бергандик (https://t.me/hajumrauz/7580).
Ваниҳоят ўша лаҳзалар етиб келди. Бугун, 24 август куни “Умра – 2025/2026” мавсумининг навбатдаги гуруҳ зиёратчилари Ҳасан домла Қодиров ва бошқа тажрибали уламолар элликбошилигида Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Сафар давомида зиёратчиларимиз ибодат ва зиёратларни гўзал тарзда адо қилиш билан бирга уламоларимизнинг таъсирли мавъизаларидан баҳраманд бўладилар, иншо Аллоҳ.
240 нафар ҳамюртимиз Тошкент халқаро аэропортидан "Uzbekistan Airways" ҳаво кемаси орқали Жидда шаҳрига йўл олди.
Маълумот ўрнида юртдошларимиз дастлаб Мадина шаҳрида 3 кун, сўнгра Макка шаҳрида 7 кун муборак зиёратда бўлади.
Шунингдек, зиёратчилар Мадинада “Grand Shahba”, Макка шаҳрида эса “Al-Ayyam Elite” ва “Marmara Hotel” каби замонавий меҳмонхоналарда истиқомат қилишади. Уларга 3 маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва сархил мевалар тортиқ қилинади.
Умра сафари давомида зиёратчиларга тажрибали ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади.
Бундан ташқари, Макка ва Мадина шаҳарларида муборак жойларни зиёрат қилиш билан бирга Жидда шаҳридаги Қизил денгизга саёҳатга ҳам олиб борилади.
Аллоҳ таоло ҳамюртларимизнинг сафaрларини хайрли қилиб, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимиз давлат тузилиши, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат органлари ҳокимият таркиби ва уларнинг ваколатлари ва жамият учун ҳуқуқий майдонни белгилайдиган энг олий ҳуқуқий ҳужжатдир. Асосий қонун 1992 йилнинг 8 декабрида Республика Олий Кенгашида қабул қилинган.
Конституция лотинча constitutio – тузилиш, тузук деган маъноларини англатади. 2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимизда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга асосланади. Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат.
Конституция ҳар бир давлатнинг сиёсий ва ҳуқуқий тизимини белгилаб берадиган энг муҳим қонунлар мажмуасидир. Шу боис Конституцияни “бош қонун” деб аташади. Конституциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири у халқнинг умумий иродасини ифодалашидир. Шунинг учун Конституция фақатгина ҳуқуқшунослар учун эмас, балки ҳар бир фуқаро учун муҳим қўлланма ҳисобланади.
Ҳар қандай конституциянинг марказий ўрнида инсон ва унинг ҳуқуқлари туради. Замонавий конституцион тизимларда инсон қадр-қиммати, шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар алоҳида аҳамият касб этади. Конституция мазкур ҳуқуқларнинг дахлсизлигини кафолатлаб, давлат органларига уларни ҳимоя қилиш ва риоя этиш мажбуриятини юклайди. Бу эса демократик жамият барпо этишда асосий омиллардан биридир.
Конституция, шунингдек, ҳокимият тармоқлари — қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўртасидаги мутаносибликни белгилайди. Бу тизим ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиб қолмаслиги, самарали назорат ва мувозанат сақланиши учун жуда муҳимдир. Ҳокимиятнинг чегаралангани ва бир-бирини тийиб турувчи механизмлар мавжудлиги давлат бошқарувининг барқарор ва адолатли бўлишига хизмат қилади.
Шу жиҳатлари билан Конституция давлат ҳаётининг асосий устуни, жамиятнинг сиёсий тараққиёти ва ҳуқуқий маданиятнинг бош манбаидир. У қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва фуқаролик жамияти тамойилларига асосланган муҳитни шакллантиради. Мазкур ҳужжатнинг мавжудлиги ва унга амал қилиниши ҳар қандай давлатнинг барқарор ривожланиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлатни барпо этиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, давлат органлари ва жамият ўртасида муносабатларни тартибга солувчи энг асосий ҳужжат. Унинг амал қилиш инсон қадр-қимматини кўтариб, мамлакатимиз тараққиёти, барқарорлиги ва фаровонлигига хизмат қилади.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби