Бугун, 4 октябр куни Бухоро давлат техника университетида “Таълим ва одоб-аҳлоқда Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг ўрни” номли халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Унда Малайзиядаги Жаҳон суфийлар маркази бош котиби шайх Абдулкарим бин Ҳадид, индонезиялик профессор, доктор шайх Али Масийкур Мусо, россиялик шайх Мавлон Дилдор Сафарали, бангладешлик шайх Сафиул Аъзам Ходим каби таниқли уламолар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Халқаро илмий йиғинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков нуфузли олимларни юртимизга ташрифлари билан қутлаб, ушбу анжуман Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросини чуқур ўрганиш ва тасаввуф илмлари ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб этишда яна бир босқич бўлишини эътироф этди.
Маълумки, Баҳоуддин Нақшбанддан кейин “нақшбандия” номи билан кенг танила бошлаган хожагон-нақшбандия тариқати ислом оламида вужудга келган илк сўфийлик тариқатларидан бири ҳисобланади. У аксарият тариқатлардан фарқли равишда, пайдо бўлган ватани — Ўрта Осиёдан бошқа кўпгина ўлкаларда ҳам тарқалган. Сўфийлик тариқатлари орасида биринчилардан бўлиб таркидунёчиликка қарши ижтимоий фаол турмуш тарзини тарғиб қилган. Баҳоуддин Нақшбанд илгари сурган “Дил ба ёру — даст ба кор”, яъни “Дилинг Худода, қўлинг ишда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам бу тариқатнинг мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилди.
– Сўнгги йилларда маънавий-маърифий қадриятларимизнинг тикланишига юртимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Ҳомиджон домла Ишматбеков. – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Махдуми Аъзам ва бошқа сўфий алломалар мангу қўним топган қадамжолар обод этилиб, бутунлай янги қиёфага кирди. Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази фаолият юритяпти. Ушбу марказ ташаббуси билан 2018 йилдан буён “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали нашр этиб келинади. Анъанавий тарзда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида ҳар йили сентябрь ойи учинчи жума куни Республика нақшбандхонлик илмий-амалий анжумани ўтказиб келинади.
Анжуманда сўзга чиққанлар юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялашда ҳамда бузғунчи ақидапараст ва диний-экстремистик ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 9 октябрь куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов бошчилигида вилоятда фаолият олиб бораётган барча имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини янада оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Учрашувда Андижон вилоятида бўлиб ўтган илмий-амалий семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ҳар бир имом-хатибнинг фаолияти давомидаги тадбирларнинг қамрови ва аҳамияти, моҳияти, эришилган ютуқлар, натижалар, тажриба алмашинувларнинг диний ходимлар учун манфаатли бўлиши эътироф этилгани, шу билан бирга, берилган топшириқ ва тавсиялари бўйича Вилоят бош имом-хатиби томонидан монитор орқали жонли кўргазмали тарзда амалий семинарда олинган кўникмаларни вилоятда оммалаштириш учун кўрсатма берилди.
Шунингдек, учрашув давомида ўз устида мунтазам ишлаш, илмий савияни янада ошириш, аҳоли билан мулоқот қилиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ҳамда хайрия ёрдамлари уюштиришдаги уюшқоқлик, тизимдаги ходимлар ўртасида ўзаро бирдамлик муҳити янада мустаҳкамлаш зарур экани алоҳида таъкидланди.
Вилоятимизнинг барча масжидларида намозхонлар учун суҳбатларни олиб бориш, айниқса, ҳар душанба ва пайшанба кунлари масжид жамоаси кўп тўпланадиган вақтда намозидан кейин суҳбатлар ташкил этиш, масжидлар ишларини бошқариш, ободончилик ва тозаликка алоҳида эътибор қаратиш такидлаб ўтилди. Белгилаб ўтилганидек, ҳудудлардаги имом-хатиб ва имом-ноиблар пайшанба ўқувларини самарали ташкиллаштириш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилди.
Жорий йилнинг 23 сентябрдаги Муфтий ҳазратларининг таман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокидаги видео селектор йиғилишида берган кўрсатма ва топшириқларини амалий ва самарали ижро этишлари, жойларда амалий натижага эришишлари учун берилган топшириқ хати ўқиб эшиттирилди.
Йиғилиш давомида ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиби имом-ноиблар фаолиятига ҳам эътибор қаратишлари лозимлиги, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини сифатли якунлаш ва ўз вақтида вакиллик масъулларига маълумот тақдим этишлари алоҳида айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати