Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Декабр, 2025   |   17 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:11
Қуёш
07:36
Пешин
12:20
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
08 Декабр, 2025, 17 Жумадул сони, 1447

Сеҳр бор нарсами ёки тўқимами? - 2 қисм

13.10.2025   4862   3 min.
Сеҳр бор нарсами ёки тўқимами? - 2 қисм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сеҳр сафсата, хаёл ёки тўқима нарса эмас, балки у ҳақиқатдир. У эр-хотин орасини бузади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар” (Бақара сураси, 102-оят).

Унинг инсоннинг жисмига азоб бериши, турли касалликлар келтириб чиқариши, ҳатто ўлимга сабаб бўлиши ҳақдир. Албатта ҳар бир иш Аллоҳнинг изни билан бўлади.

Қарофий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сеҳр ҳақиқатдир. У инсоннинг феъл атвори, табиати, хулқи ўзгаришига, ҳатто агар олди олинмаса ўлимга ҳам сабаб бўлади” (Ал-Фуруқ. 149/4).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: “Сеҳрнинг ҳақиқат эканига жумҳур уламолар иттифоқ қилганлар. Унга Қуръони карим ва машҳур бир қанча саҳиҳ ҳадислар далил бўлади” (Равзат ут-толибийн. 346/9).


Уламолар сеҳрнинг ҳақ эканига қуйидаги оят ва ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

“Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан” (Фалақ сураси, 4-оят).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сеҳр қилиндилар. Ҳатто у зотга қилмаган ишларини қилгандек туюларди. У зот бир куни менинг олдимда эдилар, дуо қилавердилар, дуо қилавердилар, сўнг: “Эй Оиша, Аллоҳ менга у ҳақида фатво сўраган ишимда фатво берганини сездингизми?”, дедилар.

Мен: “Нима экан у, ё Расулуллоҳ?”, деб сўрадим.

У зот алайҳиссалом бундай дедилар: Ҳузуримга икки киши келиб, бири бош томонимга, иккинчиси оёқ томонимга ўтирди. Улардан бири иккинчисидан: Бу одамнинг дарди нима?, деб сўради. Сеҳрланган, деди у. Унга ким сеҳр қилди”, деди. “Зурайқлик яҳудий Лабид ибн Аъсом, деди. “У нима нарсада?, деди. Тароқ, тароқдаги (соч) ва хурмо (гули турадиган) тугунчасининг қобиғида”, деди. У қаерда?, деди. Зу Арвон қудуғида, деди”.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан ўша қудуққа бориб, унга қарадилар. Унинг устида хурмо дарахти бор экан. Кейин Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг олдиларига қайтиб келиб: “Аллоҳга қасамки, у (қудуқ)нинг суви ивитилган ҳинага ўхшаб кетибди, хурмолари эса худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, уни чиқариб ташладингизми?”, деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: Йўқ, Аллоҳ менга офият ва шифо берди. Одамларга ундан бирор ёмонлик қўзғаб қўйишдан қўрқдим”, дедилар. Сўнгра уни кўмиб ташлашга буюрдилар” (Имом Бухорий. 5766; Имом Муслим. 2189).


Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийлардан бири сеҳр қилди. У зот алайҳиссалом бир неча кун бетоб бўлдилар. Сўнг Жаброил алайҳиссалом келиб: “Яҳудийлардан бир киши сизга сеҳр қилди, тугун тугиб, фалон қудуққа (ташлади)”, деган хабарни берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам юбориб, уни чиқартириб, ечиб юбордилар. Шунда у зот алайҳиссалом енгил бўлиб, туриб кетдилар. Бу ҳақда ўша яҳудийга ҳеч нарса демадилар ва у билан юзма-юз ҳам келмадилар” (Имом Насоий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Унутилаётган суннатлар: Ёмғир ёққанда дуо қилиш

01.01.2021   7975   2 min.
Унутилаётган суннатлар: Ёмғир ёққанда дуо қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёға бошлаганда қуйидаги дуони ўқир эдилар: "Аллоҳумма, инний асалука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа ва хойро маа урсилат биҳ ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ".

"Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман".

Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. "Нега хавотирга тушдингиз?" деб сўрашса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман", дея жавоб берардилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турганимизда ёмғирда қолдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёмғир тегиши учун кийимларини шимардилар. Биз: "Ё Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?" дедик. У зот: "Чунки у (ёмғир) ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди", дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бу иш йилнинг биринчи ёмғири ёғишни бошлаганда қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "...ёмғир пайтидаги дуо рад қилинмайди", дедилар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғирни дуолар билан қарши олайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар