Шу йил 3-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Swissôtel Tashkent” меҳмонхонасида диний соҳа ва жамоат етакчиларининг хабар ва контентлар тайёрлаш салоҳиятини ошириш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда. Унда Диний идора ва Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар масжидларида фаолият юритувчи имом-хатиблар иштирок этди.
Ушбу тадбир Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Бирлашган Араб Амирликларининг “HEDAYAH” экстремизм ва зўравонликка қарши курашиш бўйича халқаро маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков нутқ сўзлади. Унда бугун замон шиддатига ҳамоҳанг равишда медиа соҳаси ҳам тезкор ривожланиб бораётгани, бу эса барча жабҳалар қатори диний соҳага ҳам ўз таъсирини ўтказаётгани айтиб ўтди.
Ҳомиджон домла ўз сўзи давомида кейинги вақтда диний тушунчаларни нотўғри талқин қилаётган гуруҳларнинг кенг ёйилиб бораётгани, уларга қарши туриш учун соҳа мутахассислари доимо ўз устида ишлаб бориши лозимлиги, бу борада “Hedayah” халқаро маркази билан яхши ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани, мазкур семинар-тренингда раддиялар бериш йўналишида ўзаро тажриба алмашиш билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Дилшод Бобожонов ва Диний идора бўлим бошлиғи Шавкат Ҳамдамов мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
“Hedayah” халқаро маркази масъул вакили, дастур менежери Hafedh Dridi сўнгги йилларда марказ ва Ўзбекистондаги диний соҳага оид илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, бугунги таҳликали даврда динни нотўғри талқин қилиш оқибатида кўплаб зиддиятлар содир бўлаётгани, бунинг сабаби илмсизлик ва динни тўғри англамасликда деб билиши, ёшларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг бир қанча йўллари мавжуд ва уларнинг аввалида илм туришини қайд этди.
Уч кун давом этадиган семинар-тренингда юртимиз диний соҳа ходимлари ва “Hedayah” халқаро маркази вакиллари ўзаро тажриба алмашиш баробарида медиа контент тайёрлаш бўйича малака ҳосил қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёға бошлаганда қуйидаги дуони ўқир эдилар: "Аллоҳумма, инний асалука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа ва хойро маа урсилат биҳ ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ".
"Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман".
Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. "Нега хавотирга тушдингиз?" деб сўрашса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман", дея жавоб берардилар.
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турганимизда ёмғирда қолдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёмғир тегиши учун кийимларини шимардилар. Биз: "Ё Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?" дедик. У зот: "Чунки у (ёмғир) ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди", дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Бу иш йилнинг биринчи ёмғири ёғишни бошлаганда қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "...ёмғир пайтидаги дуо рад қилинмайди", дедилар.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғирни дуолар билан қарши олайлик.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД