Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари А.Алланиязов шаҳар ва туман бош имомлари билан учрашув ўтказди. Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б. Разов олиб борган тадбирда қуйидаги муҳим масалаларга эътибор қаратилди:
Ислоҳотлар тарғиботи: Юртимиздаги ўзгаришларни халққа тўғри етказиш ва тинчликни асрашда имомларнинг ўрни;
Маърифий ислом: Ёшларга ижтимоий тармоқларда соф ислом дини мазмунини ва Ҳанафий мазҳаби таълимотларини тўғри тушунтириш;
Маънавий тарбия: Жума ва кундалик намозларда долзарб мавзулар бўйича манзилли тушунтириш ишларини олиб бориш;
Ҳамжиҳатлик: Маҳаллалардаги ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, мамлакат тараққиёти йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш.
Учрашув якунида диний соҳа вакилларига берилаётган эътибор ва имкониятларга муносиб равишда, халқ фаровонлиги йўлида фаол хизмат қилиш лозимлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий банк хизматларини жорий қилишга ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда банк тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги муқобил банк хизматларини жорий этиш зарурати юзага келаётгани таъкидлаб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, мазкур Қонун билан 2 та кодекс ҳамда 7 та қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.
Хусусан, Қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тури жорий қилиниб, унга оид талаблар белгиланмоқда. Жумладан, мазкур лицензия билан банклар томонидан тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга ошириш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк фаолиятини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.
Шунингдек, исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига доир талаблар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, исломий молия операцияларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортиш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритилмоқда. Унга асосан исломий молия фаолиятидан олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилиб, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама ҚҚСдан озод қилинмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига, мамлакатимизда рақобат муҳитининг яхшиланишига ҳамда банк-молия соҳасига янги стратегик инвесторларнинг кириб келишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Senat.uz