Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Феврал, 2026   |   18 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:29
Пешин
12:42
Аср
16:03
Шом
17:49
Хуфтон
19:03
Bismillah
06 Феврал, 2026, 18 Шаъбон, 1447
Мақолалар

Нега Каъбанинг иккита томи бор?

04.02.2026   2065   2 min.
Нега Каъбанинг иккита томи бор?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Каъба биносининг мустаҳкамлигини таъминлаш учун унга қўшимча том қурилган бўлиб, у ички ва ташқи томлардан иборат. Ушбу икки том орасидаги масофа бир метрдан ортиқни ташкил этади.

Ташқаридан қараганда ёки Каъба ичига кириб, шифтга қаралса, том бир қаватдек туюлади.  Каъбанинг юқорисига чиқгач, томнинг икки қаватдан иборат эканлиги билинади.

Каъбадаги ички шифт ва ташқи томлар асосан ёғочдан ишланган. Ташқи том Бирмадан келтирилган 49 дона Тик (teak) дарахти ёғочидан тайёрланган. Ҳар икки том махсус елим билан маҳкамланган бўлиб, бу уларнинг бутунлигига зарар етказмаслигини таъминлайди.

Тик ёғочи дунёдаги энг қаттиқ ва чидамли ёғочлардан бири ҳисобланади. Унинг таркибида табиий мойлар кўп бўлгани учун у намликка, чиришга ва турли ҳашаротларга (масалан, термитларга) ниҳоятда бардошлидир. Чидамлилиги туфайли ундан асосан кемасозликда, қимматбаҳо мебеллар ясашда ва тарихий обидаларнинг том қисмларини қуришда фойдаланилади. Асосан Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда (Ҳиндистон, Индонезия, Мьянма/Бирма) ўсади.

Маълумотларга кўра, Каъбанинг ички том қисми тарих давомида 100 мартадан ортиқ таъмирланган. Илк таъмирлаш ишлари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссломнинг охирги ҳаж сафарларидан қайтганларидан сўнг, баъзи тошлар тушиб кетганда амалга оширилган. Тошлар ёғоч билан алмаштирилган.

Кейинчалик, Халифа Умар ибн Хаттоб даврида ҳам бинони янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилган ва ушбу даврда мустаҳкам хом ашёлар ишлатилгани манбаларда қайд этилади.

Ҳар йили Маккада кучли ёмғирлар мавсуми бошланганда, бир гуруҳ мутахассис усталар Каъба томини кўздан кечирадилар. Агар ёмғир суви томдаги кичик тирқишлардан ичкарига сизиб кирса, иншоотнинг ўша қисмини қайта таъмирлайдилар.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳ Расулуллоҳ ﷺни таваккул қилишга буюрди

04.02.2026   3098   5 min.
Аллоҳ Расулуллоҳ ﷺни таваккул қилишга буюрди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ТАВАККУЛ ҚИЛИШНИНГ ФАЗЛИ

Қуръони каримни таваккул қилишга ундаши, унинг аҳлини мадҳ этиши ҳамда дунё ва охиратда фойдаси, фазлини баён қилиши хайратланарли нарса эмас.

 

АЛЛОҲ ТАОЛО РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ ТАВАККУЛ ҚИЛИШГА БУЮРДИ

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таваккул қилишга Қуръони каримнинг тўққиз оятида буюрган.

Маккий оятларда:

  1. Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккул қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт[1].
  2. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккул қил[2].
  3. Ва азиз ва меҳрибон зотга таваккул қил. Сени қоим бўлганингда кўрадиган. Ва сажда қилгувчилар ичида ҳаракатланишингни (кўрадиган) зотга. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир[3].
  4. Бас, сен Аллоҳга таваккул қил. Албатта, сен очиқ-ойдин ҳақдадирсан.[4]

 

Маданий оятларда:

5. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир.[5]

6. Улар, итоат, дерлар. Ҳузурингдан чиққач эса, бир тоифалари айтганингдан бошқага хуфёна тил бириктирадилар. Аллоҳ хуфёна тил бириктирган нарсаларини ёзиб қўяди. Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.[6]

7. Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.[7]

8. Ва фақат Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳ кофийдир.[8]

9. Кофир ва мунофиқларга итоат этма. Уларнинг озорларига парво қилма. Аллоҳга таваккул қил. Вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир[9].

Шунингдек, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваккул қилишларига фармон “вакил тут” кўринишида ҳам келган:

﴿رَبُّ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ فَاتَّخِذْهُ وَكِيلًا﴾

У машриқу мағрибнинг Роббисидир. Ундан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Уни ўзингга вакил тут[10].

Қуръондаги ушбу оятлар неъмат эгаларини каззобларга йўлиққанда Аллоҳга таваккул қилиш билан ёрдам сўрашга, айтган сўзларига сабр қилишга ва уларни гўзал тарк қилишга ундайди.

Аллоҳ таоло Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга таваккул қилишларини эълон қилишга ҳам бир неча марта буюрган:

﴿فَإِنْ تَوَلَّوْا فَقُلْ حَسْبِيَ اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَهُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ﴾

«Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккул қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир, дегин»[11].

Маълумки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга буюрилган ушбу ишларнинг ҳаммаси мукаллаф (вояга етган, ақли расо) бўлган умматнинг барчасига таълуқлидир. Биз буни фақатгина хос инсонларга демаймиз, худдики:

﴿وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِنَ اللَّيْلِ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ذَلِكَ ذِكْرَى لِلذَّاكِرِينَ﴾

Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир”[12] оятини хос инсонларга демаганимиздек. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга буюрилган таваккул барча уммат учундир.


Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобларидан


[1] Фурқон сураси, 58-оят.
[2] Ҳуд сураси, 123-оят.
[3] Шуъаро сураси, 217-220-оят.лар.
[4] Намл сураси, 79-оят.
[5] Оли-Имрон сураси, 159-оят.
[6] Нисо сураси, 81-оят.
[7] Анфол сураси, 61-оят.
[8] Аҳзоб сураси, 3-оят.
[9] Ахзоб сураси, 48-оят.
[10] Муззаммил сураси, 9-оят.
[11] Тавба сураси, 129-оят.
[12] Ҳуд сураси, 114-оят.

Мақолалар