Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Феврал, 2026   |   5 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:50
Қуёш
07:09
Пешин
12:42
Аср
16:22
Шом
18:09
Хуфтон
19:21
Bismillah
22 Феврал, 2026, 5 Рамазон, 1447
Мақолалар

Исломда барчаси маълум, фақат чиройли амал қилиш қолди холос

19.02.2026   2621   1 min.
Исломда барчаси маълум, фақат чиройли амал қилиш қолди холос

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қачонки, бирортангиз Исломини чиройли қилса, унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн мислидан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилади. Қилган ҳар бир ёмон амали эса ўз мислича ёзилади, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: Фақат Аллоҳ уни ўтиб кечиб юборса (ёзилмайди)”, дейилган (Икки Шайх ривоят қилишган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида биз умматларини мухлис мусулмон бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Чунки ўта мухлис мусулмон бўлмай туриб, ҳеч ким ўз Исломини чиройли қила олмайди. Ўтган ҳадисларнинг бирида киши Исломининг чиройли бўлиши ичдан ҳам, устдан ҳам Исломнинг ҳамма талабларига жавоб бера оладиган бўлиши билан амалга ошишини ўрганган эдик.

Инсон ўз Исломини чиройли қилганда эса катта ва улкан мукофотга сазовор бўлар экан. Бу мукофот эса икки томонлама бўлади:

1. Унинг қилган ҳар бир яхши амали ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилар экан.

2. Унинг қилган ҳар бир ёмон амали ўз мислича, кўпайтирилмасдан ёзилар ёки Аллоҳ хоҳласа, кечириб юборилар экан. Бу эса албатта, мўмин банданинг олий даражаларга эришишидан далолат беради.

Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар очиқ-ойдин кўриниб турибди. Фақат Исломимизни чиройли қилишга уринишимиз қолди, холос.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи 

21.02.2026   2443   3 min.
Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи 

Рамазон — қалбларни поклайдиган, инсонни ўзи билан юзма-юз қўядиган, руҳий камолотга етаклайдиган муқаддас ой. Қуръони каримда: «Аллоҳ кечиргувчи ва меҳрибондир», деб марҳамат қилинади. Бу оят Рамазоннинг мазмун-моҳиятини, унинг кечирим ва раҳм-шафқат ойи эканини яна бир бор ёдга солади.


Бугун Жиззах вилоятида ушбу муборак ойнинг файзу баракаси яққол сезилмоқда. Воҳадаги 170 та масжидда таравеҳ намозлари мунтазам адо этилмоқда. Уларнинг 124 тасида 208 нафар қори томонидан хатми Қуръон қилинмоқда. Бу рақамлар — қуруқ статистика эмас, балки юзлаб қалбларнинг Қуръон нуридан баҳраманд бўлаётганининг амалий ифодасидир.


Таравеҳ намозлари вилоятдаги барча масжидларда бир хил вақтда — соат 20:30 да бошланмоқда. Бу тартиб ва интизом ибодатда ҳамжиҳатликни таъминлаб, жамоатни ягона мақсад атрофида бирлаштирмоқда. Ислом манбаларида таъкидланганидек, таравеҳ намози Рамазон ойига хос суннат амаллардан ҳисобланади ва асрлар давомида мусулмон уммати томонидан адо этиб келинмоқда.


Таравеҳ намозлари 27 кун давомида ўқилиб, Лайлатул қадр кечаси билан якунланади. Лайлатул қадр — Қуръон нозил бўла бошлаган, минг ойдан яхшироқ деб васф этилган муборак кечадир. Ушбу муборак тун арафасида хатми Қуръон қилиш юртдошларимиз учун улкан маънавий ютуқ, қалблар учун беқиёс зиё манбаидир.


Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов таъкидлаганидек:


— Аллоҳ кечиргувчи ва Ул зот кечиримлиларни яхши кўради. Рамазон — нафақат рўза тутиб, гуноҳлардан тийилиш, балки бир-биримизни кечириш, кимнидир ранжитган бўлсак, узр сўраш ойидир.


Дарҳақиқат, бу ой инсонни нафс билан курашга, бағрикенгликка, меҳр-оқибатга чорлайди. Масжидлардаги маърифий суҳбатлар, Қуръон тиловати ва жамоат ибодати — барчаси жамият маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.


Айни пайтда имом-хатиблар ҳомийлар кўмагида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйларида ифторликлар ташкил этмоқдалар. Турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилиши Рамазоннинг саховат ва ҳамдардлик руҳини янада мустаҳкамламоқда. Бу ишлар «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодасидир.


Масжид — фақат ибодат жойи эмас, балки маърифат, тарбия ва ҳамжиҳатлик маскани. Рамазон ойида бу масканлар янада файзли, янада гавжум бўлади. Қуръон садоси остида инсон ўз қалбини тинглайди, хатоларини англайди, эзгуликка интилади.


Жиззахдаги бу манзара — юртимизда диний-маърифий ҳаёт барқарор ва изчил ривожланаётганининг ёрқин ифодасидир. Тартиб-интизом, жамоатчилик бирдамлиги ва саховатпешалик — барчаси Рамазоннинг мазмун-моҳиятига мос тарзда намоён бўлмоқда.

 


Рамазон — кечирим ойи;
Рамазон — бирдамлик ойи;
Рамазон — қалбларни нурга тўлдириш ойи.


Жиззахда эса бу нур 170 масжиддан таралиб, минглаб хонадонларга зиё бахш этмоқда.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА

Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи 
Ўзбекистон янгиликлари