Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#xabar
Бугун юртимиз бўйлаб муборак Рамазон ойининг илк таровеҳ намози асносида бошланган хатми Қуръонлар кўтаринки руҳ ва ўзгача файз ила адо этилди.
Жоме масжидларга жам бўлган мўмин-мусулмонлар хуфтон намозидан кейин моҳир қориларимизнинг гўзал қироатларидан баҳра олиб, дуою илтижолар билан қалблари мунаввар бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бу йилги илк таровеҳ намозини Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" жоме масжиди жамоати билан бирга адо этдилар.
Жамоат намозидан олдин Муфтий ҳазратлари ушбу жомега жам бўлган мўмин-мусулмонларга Рамазони шариф ва хатми Қуръоннинг фазилатларига оид таъсирли мавъиза қилиб бердилар.
Эслатиб ўтамиз, улуғ ой давомида юртимиз бўйлаб 2101 та масжидда адо этиладиган таровеҳ намозлари, хусусан, 1762 та жомеда ўқиладиган хатми Қуръонлар юртимизга файзу барака ёғилишига сабаб бўлади, инша Аллоҳ.
Аллоҳ таоло диёримиздаги тинчлик ва осойишталикни бардавом айлаб, муборак ойни барчамиз учун раҳмат, мағфират ва барака ойи қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, динимизда рўзадорга ифторлик қилиб бериш катта савоб ишлардан. Ҳатто битта хурмо, ё бир қултум сув, ё бир ҳўплам сут билан бўлса ҳам, рўзадорни ифтор қилдириш катта ажрга сабаб бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор савобича савобга эришади. Лекин рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Бугунги кунда ифторлик қилиб беришни ният қилганлар муҳтож қариндош ва қўни қўшниларига пул ёки маҳсулот шаклида ифторликни етказиб берсалар, айни муддао бўлади ва мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган савобга эришадилар.
Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иш қанчалик савоби улуғ бўлмасин, рўзадорга ифторлик қилиб берган кишининг зиммасидан рўзани соқит қилмайди. Чунки Рамазон ойида ҳар бир соғлом мусулмон киши рўза тутишлиги фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин", – деб буюрган (Бақара сураси, 185-оят). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.