Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
САЛАВОТ айтишнинг 40 та ФОЙДАСИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! Сизлар ҳам унга салавот ва салом айтингиз!»
(Аҳзоб сураси 33/56 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва
қаерда бўлса ҳам хорланади:
– менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
– Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
– ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган».
САЛАВОТ айтишнинг 40 та ФОЙДАСИ:
1) Салавот айтишда Аллоҳ таолонинг амрига итоат, бўйсуниш бор.
2) Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг салавот айтиши билан ўзаро мувофиқлик бор. Икки салавотнинг фарқи бўлса ҳам.
3) Малоикалар билан мувофиқликда салавот айтиш бор.
4) Бир марта салавоти эвазига салавот айтувчига Аллоҳ таолодан ўнта салавот ҳосил бўлади.
5) Банда салавот сабаб ўн даражага кўтарилади.
6) Салавот айтувчига ўнта савоб-ҳасанот ёзилади.
7) Салавот айтувчидан ўнта гуноҳи ўчирилади.
8) Салавот – дуонинг ижобат бўлиши сабабларидан биридир.
9) Салавот айтувчи Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлади.
10) Салавот айтиш – гуноҳлар мағфират қилиниши сабабларидан биридир.
11) Аҳамиятли ишларида салавот айтувчи бандага Аллоҳ таоло кифоя қилади.
12) Салавот айтувчи Қиёмат куни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлади.
13) Машаққат вақтида айтилган салавот садақанинг ўрнига ўтади.
14) Ҳожатлари салавот сабабидан раво бўлади.
15) Аллоҳ ва фаришталари салавот айтувчи бандага салавот йўллайдилар.
16) Салавот айтувчи салавот сабабли покланади.
17) Ўлимидан аввал у бандага жаннат хушхабари етади.
18) Қиёмат кунидаги қўрқинч, хавотирлардан нажот топади, қутулади.
19) Бандага унутиб қўйган нарсасини ёдига туширади.
20) Айтган салавотига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам алик олиб, жавоб қайтарадилар.
21) Салавот айтишда банда ҳожатларини сўраши бор.
22) Салавот айтувчи фақирлик-қашшоқликдан сақланади.
23) Салавот айтувчи банда бахилликдан қутулади.
24) Салавот айтувчи хор-зор бўлиб, хўр бўлиб қолишдан, дуоибад касофатидан омонда бўлади.
25) Салавот – айтувчини жаннат йўлига йўлланиши сабабидир.
26) Салавот айтишда Аллоҳ таолодан Унинг Ҳабибига мақтов сўраш бор.
27) Гапирадиган гаплари ва бошқа сўзлари комил бўлади.
28) Сирот кўпригида ёрқин, кўпгина нурга мушарраф бўлади.
29) Салавот айтувчи жафодан, бегоналикдан узоқ бўлади .
30) Салавот айтувчи осмонлар-у ер аҳли ўртасида Аллоҳ таолонинг мақтовига сазовор бўлади.
31) Салавот айтиш билан банда баракот соҳиби бўлади.
32) Салавот айтишда Аллоҳ таолонинг раҳматига ноил бўлади.
33) Салавот айтувчида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга давомий муҳаббат бўлади.
34) Салавот айтувчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломга суюкли бўлади.
35) Салавот – ҳидоятга йўллаб, қалбнинг ҳаёти сабабидир.
36) Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтувчининг исми кўрсатилади.
37) Сирот кўпригида собитқадам бўлади.
38) Салавот айтувчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг баъзи ҳақларини адо қилган бўлади.
39) Салавотда Аллоҳ таолони зикр қилиш ва Унга шукр қилиш жамлангандир.
40) Салавот – дуодир!
Иброҳимжон домла Иномов
Бугунги ахборот асрида инсон онги ва қалби учун кураш янги босқичга чиқди. Айниқса, диний қадриятларга ҳурмат кучли бўлган жамиятларда кишиларнинг муқаддас туйғуларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, яъни манипуляция ҳолатлари тез-тез бўй кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқлар бундай таъсир ўтказишнинг энг қулай майдонига айланиб қолди.
Диний ҳиссиётлар орқали оммани жунбушга келтирувчилар, одатда, холис таҳлил ва илмий асосларга эмас, балки инсоннинг эҳтиросларига урғу берадилар. Уларнинг асосий қуроли эмоционал чақириқлардир. Масалан, бирор ижтимоий муаммони диний бўёқлар билан бўрттириш орқали одамларда ҳимояланиш ёки агрессия инстинктини уйғотишади.
Бундай вазиятда инсон ақл билан фикрлашдан тўхтайди ва ўзи билмаган ҳолда фитначиларнинг қўлидаги қуролга айланади. Ваҳоланки, Ислом дини ҳар бир хабарни текширишга ва ақл билан иш тутишга чақиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Бугунги кунда етарли илми бўлмай, аммо нотиқлик маҳорати билан оммани эргаштираётган қатлам шаклланди. Улар кўпинча мураккаб фиқҳий ёки ақидавий масалаларни юзаки ва популистик тарзда талқин қиладилар. Бунинг натижасида жамиятда ихтилоф пайдо бўлади, уламоларга нисбатан ишончсизлик уйғотилади.
Диний ҳиссиётларни суиистеъмол қилиш жамиятни ичдан емиради. Биринчидан, бу жараён ёшларни манипуляция қилади. Иккинчидан, жамият мувозанатини бузишга қаратилган хуружларга йўл очади. Энг ёмони, бундай ҳаракатлар диннинг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик ва маърифат эканини четга суриб, уни низолар манбаи сифатида кўрсатишга хизмат қилади.
Бундай хавфларга қарши энг самарали раддия, бу саводхонликдир. Ҳар бир мусулмон ахборот гигиенасига амал қилиши, интернетда эшитган ҳар қандай таъсирли гапни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилмаслиги лозим.
Дин нажот ва сакинат манбаи бўлиб, кимларнингдир ғаразли ёки шахсий манфаатлари йўлида қўлланиладиган бошқарув воситаси эмас. Муқаддас туйғуларимизни виртуал фирибгарлардан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби