Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

ШҲТ САМАРҚАНД САММИТИ – ЯНГИ УФҚЛАР ПОЙДЕВОРИ

22.09.2022   1595   6 min.
ШҲТ САМАРҚАНД САММИТИ –  ЯНГИ УФҚЛАР ПОЙДЕВОРИ

Муносабат

 Жорий йил 15–16 сентябрь кунлари бутун дунёнинг диққати кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига қадалди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, дипломатлар, сиёсатшунослар ШҲТнинг навбатдаги 22-саммитида иштирок этиш учун Шарқ гавҳари Самарқандда жам бўлишди.

Ойнаи жаҳон, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали ШҲТ саммитини кузата туриб, бундан олти аср олдин Соҳибқирон бобомиз Амир Темур юритган одилона сиёсатнинг мантиғий давомини кўрдим.

Муҳтарам Президентимиз ШҲТ саммитда нутқ сўзлаб, бундай дедилар: “Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда”.

Дарҳақиқат, яхшилик узра ҳамкорлик қилиш муқаддас динимизнинг ҳам талабидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси 2-оят).

Ушбу оятдаги яхшиликдан мурод унинг ҳар қандай кўринишидир. У бандаларнинг дунё ва охиратдаги барча манфаатини қамраб олган. Унда бандаларнинг ўзлари ва Парвардигорлари билан боғлиқ ҳолатлари ҳақида сўз кетяпти. Чунки банда мана шу икки ҳолат ва икки мажбуриятдан айро эмас. Бири ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги мажбурият бўлса, кейингиси ўзи билан одамлар ўртасидаги мажбуриятдир.

Инсон табиатан ижтимоий мавжудот бўлгани учун бу оламда ёлғиз ҳаёт кечиришга қодир эмас. Шу боис ҳаёти бардавом бўлиши учун айрим масалаларда ўзгалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Аллоҳ таоло одамлар бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиши учун уларни турли миллат ва элатлар қилиб яратган. Чунки ўзаро ҳамкорлик Одам болалари орасидаги ҳаёт тарзининг энг яхшиси ҳисобланади. Зеро, у саодат, ютуқ ва фаол ижодкорлик учун асосдир.

Ўзаро ҳамкорликда иш юритиш юксак ижтимоий қадрият бўлиб, муваффақият сиридир. Шу орқали инсонлар ўз мақсадларига эришади, жамият фаровонлик ва саодатда ҳаёт кечиради. Бундай жамиятда меҳр-оқибат, дўстлик ва аҳллик ҳукмрон бўлади. Унинг аъзолари фаровон ҳаёт, бахтли келажак учун ўзаро ҳамкорликда ва елкама-елка туриб курашади. Ёмонлик ва зулмнинг тизгинини тийиб қўяди. Ўзаро ҳамкорлик туфайли ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган халқ ва жамиятда қадр-қиймати ва ўрни борлигини ҳис қилиб яшайди.

Ана шу жиҳатларни бугун ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлигида яққол кўриш мумкин. 3,5 миллиарддан зиёдроқ аҳолига эга ШҲТга аъзо давлатлар бугунги кунда ҳар жиҳатдан мустаҳкам алоқа ўрнатиши томонлар манфаатига хизмат қилади.

Мусулмон киши ўз биродари билан ҳамкорлик қилар экан, иккисининг ҳаракатига фаоллик қўшилади. Шу боис кўзланган мақсадга тез ва ишонч билан эришади. Чунки ҳамкорлик вақт ва меҳнатни тежайди.

Кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам яхшилик ва тақво ишларида ҳамкорликка тарғиб қилинганини кўрамиз. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Мўминлар ўзаро раҳму шафқатда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган бутун жасад бедорлик ва иситма билан оғриққа жавоб беради”; яна: “Аллоҳнинг қўли жамоат биландир”; яна: “Мўмин мўмин учун бир-бирини тутиб турадиган бино кабидир”, деб марҳамат қилганлар.

Мусулмонлар ўзаро ҳамкорликда яшаши учун Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи ва салламнинг ўзлари барчамизга амалий ибрат ва намуна  бўлиб берганлар. У Зот барча ишларда, шодликда ҳам, қайғули вазиятларда ҳам сафдошлари билан бирга бўлганлар. Макка мушрикларининг барча тазйиқлари чоғида ҳақиқий иймон эгаларига қўшилиб озор-азият чекканлар. Илк масжид қурилишида уларга қўшилиб елкаларида ғишт, тупроқ ва тош ташиганлар. Ҳандақ жанги куни эл қатори ер қазиганлар.

Ҳамкорлик яхшилик ва тақво ишларида бўлади. Яъни ҳар бир инсон илми ва амали билан бошқаларга ёрдамчи бўлади. Чунки одам ёлғиз ўзи ҳамма ишга ҳам қодир эмас. Зеро, Аллоҳ таоло инсониятни бир-бирига боғлиқ ва кўмакчи қилиб яратган.

Борлиқни яратган Аллоҳ таоло инсонларнинг куч-қудрати ва имкониятларини, иқтидори ва эҳтиёжларини ҳам бир-биридан фарқли қилиб яратди. Шу боис кимдир кучли, кимдир ожиз, бирови бой, бошқаси камбағал. Ҳамма вақт ва ҳамма замонларда, ҳар бир жамиятда бадавлат ва қашшоқ, олим ва жоҳил, кучли ва кучсизлар табақаси мавжуд бўлган. Шу боис инсонлар ўзи яшаб турган жамиятни саодатли қилишни истаса, бир-бири билан ҳамкорликда яшаши лозим.

Ўзаро ҳамкорликнинг самараси жамият ҳаётида намоён бўлади. Аъзолари иқтисод, фарзанд тарбияси ва ота-онага меҳрибонлик борасида бир-бирига ҳамкор бўлган жамоа бахтли бўлади. Одамлари камбағалга ёрдам, илмсизга таълим, беморга шифо, етимга кафиллик берадиган, зулмга қарши курашадиган ва фисқ-фасод тарқалишининг олдини оладиган жамият саодатга эришади. Унда фаровонлик, хотиржамлик барқарор бўлади. Фуқаролар ўртасида меҳр-оқибат кенг тарқалади.

Ҳақиқатан, ШҲТ саммитини кузатиб, бу тадбирда қабул қилинган қирқдан зиёд ҳужжатлар, келишувлар, меморандумлар – барчаси ташкилотга аъзо давлатларнинг манфаатларига бирдай хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Муҳтарам Юртбошимиз ўз нутқларида: “Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янада изчил ривожланишига ҳамда Ташкилотимиз нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади”, дея таъкидлаганлари ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларини руҳлантириб, янгидан-янги зафарларга, муваффақиятларга ундаши шубҳасиз.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

22.11.2024   2475   2 min.
Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».

Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар