Ғарб халқларидаги айрим одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳокимиятлари фақатгина ақидага оид масалалар билан чегараланиши керак деган даъвони қилишади.
Уларнинг фикрига кўра, Набий алайҳиссаломнинг бошқарувлари иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ишларга тегишли бўлмаслиги керак. Бордию Набий алайҳиссалом бу йўналишларда бирор кўрсатма берган бўлсалар, буни Пайғамбар сифатида эмас, балки шахсий тавсия ўлароқ айтганлар. Ва уммат бундай кўрсатмаларга амал қилиши мажбурий эмас эмиш.
Ушбу бузуқ даъволарини исбот қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга “Сизлар дунёнгиз ишини билувчироқсиз” деб айтган ҳадисларини келтиришади.
Аввало, шуни унутмаслик керакки, ҳадисни далил қилиб келтиришда уни тўлиқ бериш талаб этилади. Акс ҳолда, нотўғри тушунишга, хато тасаввурга олиб келади.
Ислом бошқа динлар каби айрим таълимот ва ибодатлар билангина чегараланмайди. Ислом дини кишилар турмуш тарзини ҳам тартибга солади, ҳар ким ҳаётини ўзи истаганича эркин қуриб яшашига изн берилмайди. Шу боис, айримлар Пайғамбар ҳокимиятини фақат баъзи таълимот ва ибодатлар билан чегаралашга интилади.
Бу замонавий қараш қаттиқ адашиш (янглишиш)дан ўзга нарса эмас. Ислом бошқа динлардан фарқли ўлароқ фақат таълимот ва ибодатлардан иборат эмас. У илоҳий мавзуларга тўлиқ жавоб бера олганидек сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий йўналишлардаги муаммоларга ҳам аниқ жавоб бера олади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱسۡتَجِيبُواْ لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمۡ لِمَا يُحۡيِيكُمۡ ٢٤
“Эй, иймон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай деб) жавоб қилингиз!” (Анфол сураси, 24-оят).
Аллоҳ таоло ва Унинг Расули мўминларни ҳаётга чақирмоқда. Бундан келиб чиқиб дунёвий ишларни Аллоҳ ва Расулига алоқадар эмас деган даъвони қандай тушуниш мумкин?
Ким Қуръони каримни батафсил ўрганса унда олди-сотди, шерикчилик, мерос, оилавий масалалар, сиёсий мавзулар, жанг ва сулҳга оид муаммоларнинг ечимига мавжудлигига гувоҳ бўлади.
Агар Ислом фақат ибодат ва таълимотлар билан чегараланиб қолганида, Қуръони каримда юқорида зикр қилинган мавзуларнинг ечими келтирилмаган бўларди.
Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий муаммолар ечими тўлиқ қамраб олинган ва бу мавзуларга оид қатор китобларда ёзилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий ишларда ваколатга эга бўлмаган бўлсалар, унда қандай қилиб юқоридаги каби мавзулар билан пухта шуғулланганлар дейиш мумкин? Қуръони карим ҳамда суннатнинг бу борада (дунёвий ишларда)ги кўрсатма ва ечимлари шу қадар бехато, аниқ ва қатъийки уларни шахсий тавсиялар деб тасаввур қилиш мумкин эмас.
Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш ҳақидаги кўплаб оятларни юқорида келтириб ўтдик. Бу итоат айнан бир мавзу билан чегараланмаган. Балки бу итоат тўлиқ таслим бўлишга, ҳеч қандай истисносиз бўйинсунишга далолат қилади.
Қуръон ва Суннат ҳамиша инсоният тарихида тартибсизликларнинг асосий сабаби бўлган ва одамлар унинг таъсири остида доимо шайтоний истакларнинг қурбони бўлган инсон ҳаётининг бу тирик тармоғига муносбат билдирмай қолмайди.
Қандай бўлмасин, Ислом кишилар ҳаётининг амалий соҳаларига аралашмаслиги керак деган фикр мутлақо нотўғри экани аниқ. Келинг бу хато қарашни даъво қилувчилар фойдаланадиган “Сизлар дунёнгиз ишини билувчироқсиз” ҳадисини таҳлил қилайлик:
Мадиналик мусулмон араблар хурмо дарахтлари яхши ҳосил бериши учун дарахтларни чанглашарди. Бу иш “таъбир” деб аталарди. Бу ишлар Эдвард Уильям Лейн[1] (1801-1876) (E.W. Lane) томонидан қўйидагича изоҳланади: “Одамлар хурмо дарахтининг устига чиқиб, маълум ҳаракатларни бажариб, дарахт шохларини бир-бирига киритиб чанглатишади”.
Буни кўзингиз олдида тургандек тасаввур қилинг ва Имом Муслим “Саҳиҳ” ҳадислар тўпламида келган ушбу ҳадисни ўқинг. Саҳоба Толҳа розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади.
وحدثنا إسحاق بن إبراهيم بن جبلة ، نا عبيد الله بن موسى ، أنا إسرائيل ، عن سماك ، أنه سمع موسى بن طلحة ، يحدث عن أبيه قال : مررت مع النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم في نخل ، فرأى قوما في رءوس النخل يلقحون النخل ، فقال : «ما يصنع هؤلاء ؟» قالوا : يجعلون الذكر في الأنثى قال : «ما أظن ذلك يغني شيئا» ، فبلغهم ذلك فتركوه ، فنزلوا عنها فبلغ ذلك النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال : «إنما هو ظن ظننته ، إن كان يغني شيئا فاصنعوه ، فإنما أنا بشر مثلكم ، وإن الظن يخطئ ، ولكن ما قلت لكم : قال الله تعالى فلن أكذب على الله عز وجل».
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хурмолар устида турган қавмнинг олдидан ўтдим. Шунда, у зот: “Анавилар нима қилишмоқда?” дедилар.
“У(хурмо)ни чанглатишмоқда, эркагини урғочисига қўшса, чангланади”, деб айтишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан”, дедилар.
Ҳалиги одамларга бунинг хабари берилди. Шунда улар чанглатишни тўхтатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда: “Агар ўша нарса уларга манфаат берса, уни қилаверсинлар. Албатта, мен бир гумон қилдим, холос. Гумон ила мени тутманглар. Лекин қачон сизларга Аллоҳдан гапирсам, уни олинглар. Чунки мен зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон демасман”, дедилар»[2].
Анас розияллоҳу анҳуга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳодисада “Сиз дунёвий ишларингизни яхшироқ биласиз”, деганлар.
Умуман олганда, ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтини чанглаш ҳақида ҳеч қандай тақиқловчи гап айтмаганлар. Пайғамбаримизнинг қилган ишлари на бир буйруқ, на бир қайтариқ ё на бир диний тақиқ ва на бир ахлоқий муҳокама эди. Ҳаттоки у жиддий бир гап эмас эди. Фақатгина тавсия эди, холос. Бу ҳақда у зот алайҳиссалом бироздан кейин бундай деганлар: “бу ишнинг бирор бир фойдаси бор деб ҳисобламайман”. Ҳеч ким бу сўзларни бирор ҳукм сифатида қабул қилмайди.
Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чанглатаёган одамларнинг олдига бориб тавсияларини айтмаганлар ва билдирган тавсияларини уларга етказилишини амр ҳам қилмаганлар. Улар фақатгина бошқа одамлар воситасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу мулоҳазаларидан хабардор бўлганлар.
Бу тавсия гарчи буйруқ бўлмасада аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотга бўлган муҳаббатлари сабабли чанглатишни тўхтатганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларнинг чанглатишни тарк этишганларидан хабар топганларида айтган гаплари хато тушунчага сабаб бўлмаслиги учун ҳам сўзларини шарҳлаганлар.
Бундан шу маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор ишга қатъий айтган сўзларигагина амал қилиниши шарт саналади.
У зот алайҳиссаломнинг шахсий тахмин, тавсиялари инобатга олиниши лозим, лекин шариатнинг бир қисми ҳисобланмайди.
Юқорида айтиб ўтилганидек, шариатда кўзда тутилмаган оддий кундалик ишлар борки, одамлар ўз билимлари ва тажрибаларига қараб қарор қабул қилишлари мумкин. Масалан, чўлда тупроқни ўстиришда қандай асбоблар керак? Далаларни қандай ўғитлаш керак? Ўзини ҳимоя қилиш учун қайси қуролни ишлатиш яхшироқ?....
[1] Инглиз, араб таржиймони, шарқшунос, сайёҳатчи.
[2] Ибн Можа. Сунан; Имом Аҳмад. Муснад; Баззор. Муснад.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, 9-қисм, 10-қисм, 11-қисм, Давоми бор...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан