Қуръони каримнинг жуда кўплаб оятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш таъкидланган бўлиб, уларнинг аксарияти Аллоҳ таолога итоат этиш билан бир ўринда зикр этилади.
قُلۡ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَٱلرَّسُولَۖ فَإِن تَوَلَّوۡاْ فَإِنَّ ٱللَّهَ لَا يُحِبُّ ٱلۡكَٰفِرِينَ ٣٢
“«Айтинг: “Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз!” Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас» (Оли Имрон, 32-оят).
وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَٱلرَّسُولَ لَعَلَّكُمۡ تُرۡحَمُونَ ١٣٢
“Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат қилинг, шояд, шунда сизларга раҳм қилинса” (Оли Имрон, 132-оят).
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَأَطِيعُواْ ٱلرَّسُولَ وَأُوْلِي ٱلۡأَمۡرِ مِنكُمۡۖ ٥٩
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).
وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَأَطِيعُواْ ٱلرَّسُولَ وَٱحۡذَرُواْۚ ٩٢
“Аллоҳга итоат қилингиз ва Расулига итоат қилингиз ҳамда (ман этилган нарсалардан) сақланингиз!” (Моида сураси, 92-оят).
فَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَأَصۡلِحُواْ ذَاتَ بَيۡنِكُمۡۖ وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓ ١
“Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 1-оят).
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَلَا تَوَلَّوۡاْ عَنۡهُ وَأَنتُمۡ تَسۡمَعُونَ ٢٠
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга ва (Унинг) Расулига итоат этингиз! Ўзларингиз эшитиб туриб, Ундан юз ўгириб кетмангиз!” (Анфол сураси, 20-оят).
وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَلَا تَنَٰزَعُواْ فَتَفۡشَلُواْ وَتَذۡهَبَ رِيحُكُمۡۖ ٤٦
“Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз” (Анфол сураси, 46-оят).
﴿قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّمَا عَلَيْهِ مَا حُمِّلَ وَعَلَيْكُمْ مَا حُمِّلْتُمْ وَإِنْ تُطِيعُوهُ تَهْتَدُوا﴾
Айтинг: “Аллоҳга бўйин сунингиз ва Пайғамбарга бўйин сунингиз! Шундан сўнг агар юз ўгирсангиз, бас, (Пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (Аллоҳнинг буйруғини етказиш) ва сизларнинг зиммангизда ўзларингизга юкланган нарса (унга бўйин суниш) бордир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсиз” (Нур сураси, 54-оят).
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَوَلَا تُبْطِلُوا أَعْمَالَكُمْ﴾
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз! Амалларингизни зое қилмангиз!” (Муҳаммад сураси, 33-оят).
﴿فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ﴾
“Намозни баркамол адо этингиз ва закотни берингиз ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этингиз!” (Мужодала сураси, 13-оят).
﴿وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّيْتُمْ فَإِنَّمَا عَلَى رَسُولِنَا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ﴾
“Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга бўйин сунингиз! Бас, агар (итоатдан) бош тортсангиз, у ҳолда (билингизки) Бизнинг (юборган) пайғамбаримиз зиммасида фақат (ваҳийларимизни сизларга) аниқ етказиш бор, холос” (Тағобун сураси, 12-оят).
Мазкур оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш мажбурий тарзда зикр қилинмоқда. Қуйидаги оятларда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга итоат этишнинг мукофоти (ажри) баён этилади, ушбу оятлар ҳам Аллоҳга итоат этиш билан биргаликда келади:
﴿وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ﴾
“Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир” (Нисо сураси, 13-оят).
﴿وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَأُولَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا﴾
“Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят).
﴿وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُولَئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ﴾
“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят).
﴿وَإِنْ تُطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَا يَلِتْكُمْ مِنْ أَعْمَالِكُمْ شَيْئًا﴾
“Агар сизлар Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этсангиз, У сизларга (қилган яхши) амалларингиздан (савобидан) бирор нарсани камайтирмас” (Ҳужурот сураси, 14-оят).
Қуръони каримда пайғамбарга итоат этиш фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлмай, балки аввал ўтган барча пайғамбарларга ҳам тегишли эканлиги баён этилган:
﴿وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ رَسُولٍ إِلَّا لِيُطَاعَ بِإِذْنِ اللَّهِ﴾
“Қайси бир пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни билан унга итоат қилиниши учун (юборганмиз)” (Нисо сураси, 64-оят).
Шунингдек, пайғамбарлар алайҳиммусалом Аллоҳ таолонинг ваҳийи (иродаси)ни етказувчилар эканликлари, уларга итоат этиш Аллоҳ таолога итоат этиш билан тенглиги таъкидланади:
﴿مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ﴾
“Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди” (Нисо сураси, 80-оят).
Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш Қуръон оятларида зикр этилгани ҳамда Набийга итоат Аллоҳ таолога итоат этиш эканлиги таъкидланганидек, уларга итоатсизлик ҳам Аллоҳга итоатсизлик сифатида зикр этилади:
﴿وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا﴾
“Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур” (Нисо сураси, 14-оят).
﴿وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُبِينًا﴾
“Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди” (Аҳзоб сураси, 36-оят).
﴿وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَإِنَّ لَهُ نَارَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدً﴾
“Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, албатта, унга жаҳаннам олови бордирки, (улар) ўша жойда мангу қолурлар” (Жин сураси, 23-оят).
وَمَن يُشَاقِقِ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ فَإِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ ١٣
“Кимки Аллоҳ ва Расулига мухолифлик қилса, бас, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Анфол сураси, 13-оят).
﴿أَلَمْ يَعْلَمُوا أَنَّهُ مَنْ يُحَادِدِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَأَنَّ لَهُ نَارَ جَهَنَّمَ خَالِدًا فِيهَا﴾
“Кимки, Аллоҳ ва Расули (белгилаган) ҳаддан тажовуз этса, унинг учун мангуликдаги жаҳаннам олови бўлишини билмаганмидилар?!” (Тавба сураси, 63-оят).
Шу тариқа, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш ва итоатсизлик қилиш Аллоҳ таолга итоат этиш ҳамда этмаслик сифатида бирга зикр қилинади.
Бирор оятда Аллоҳга итоат этиш алоҳида таъкидланмаган, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш билан биргаликда зикр этилган. Аммо айрим оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш Аллоҳ таолога итоат этиш таъкидланмаган ҳолда зикр этилган:
﴿وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ﴾
“Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
﴿وَإِنْ تُطِيعُوهُ تَهْتَدُوا﴾
“Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топурсиз” (Нур сураси, 54-оят).
﴿يَوْمَئِذٍ يَوَدُّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَعَصَوُا الرَّسُولَ لَوْ تُسَوَّى بِهِمُ الْأَرْضُ﴾
“Кофир бўлганлар ва пайғамбарга итоатсизлик қилганлар ўша куни ер билан яксон бўлишни орзу қиладилар” (Нисо сураси, 42-оят).
﴿وَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَى وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ وَسَاءَتْ مَصِيرًا﴾
“Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!” (Нисо сураси, 115-оят).
Ушбу оятларда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш таъкидланишининг сабаби – Аллоҳга итоат этиш пайғамбарга итоат этиш билан бўлишлигидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз динини пайғамбарлари орқали инсонларга етказади.
﴿وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَنْ يُكَلِّمَهُ اللَّهُ إِلَّا وَحْيًا أَوْ مِنْ وَرَاءِ حِجَابٍ أَوْ يُرْسِلَ رَسُولًا فَيُوحِيَ بِإِذْنِهِ مَا يَشَاءُ إِنَّهُ عَلِيٌّ حَكِيمٌ﴾
“Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши мумкин эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир” (Шўро сураси, 51-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўз хоҳиш, иродасини пайғамбарлари орқали юборади. Агар пайғамбар алайҳиссалом бирор нарсага буюрса ёки бирор нарсадан қайтарса Аллоҳнинг элчиси сифатида қилган бўладилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбарга итоат этиш ва унга эргашишни Ўзига итоат бўлишини таъкидлаган:
﴿مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ﴾
“Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди” (Нисо сураси, 80-оят).
Шундай экан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш Аллоҳ таолога этишдир. Чунки у зот алайҳиссалом ўз нафсларидан сўзламайдилар, балки Аллоҳнинг иродасини етказадилар:
﴿وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى﴾
“(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм сураси, 3-4 – оятлар).
Шу нуқтаи назардан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш Аллоҳга итоат этиш демакдир. Шу боис, айрим оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш зикр қилиниб, Аллоҳга итоат этиш таъкидланмаган. Бу Аллоҳга итоат – пайғамбарга итоат этиш орқали бўлишини англатади.
Қуръони каримнинг Аллоҳга итоат этиш борасида келган ҳар бир оят албатта Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш билан биргаликда зикр қилинган.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
Алҳамдулиллаҳ, неъматлар ичра яшаяпмиз. Деярли кўпчилик инсонлар болалар тарбияси масаласида бир хил ўйда: фарзандларим илмли, солиҳ, етук инсонлардан айниқса “қори” бўлса деб орзу қилишади. Бу орзусига ҳамма ҳар хил қадам ташлайди. Инсонлар уч тоифага бўлинади бу борада:
1. Аллоҳ таолонинг айтганларини бажаришликда жидду жаҳд қилган, илм йўлига тушган, изланиш, гўзал таълим-тарбияли бўлишга интилиб, фарзандларини ҳам шу йўлга етаклайди;
2. Ўзи Аллоҳнинг айтганларини қилмайди-ю аммо фарзандларини илм олиб, камолга етиши учун мол-дунёсини аямайди;
3. Ўзи ҳам Аллоҳ таолони айтганларини бажаришликда амал қилмайди, фарзандларини ҳам бунга чақирмайди.
Сиз юқоридагиларни қайси бирига кирасиз? Албатта, уч тоифадан бири сизники. Буларни қисқача очиқлаб ўрганиб чиқамиз.
Биринчиси – мақталган, дунё ва охират саодати харидори, Аллоҳ таолонинг Жамоли ва Жаннатидан умидвор мўмин одамнинг ҳаёт йўли. Улар мана шу йўлда бардавом бўлишлари учун Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган дуолар ила муножотда бўлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Парвардигорим, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этувчи қилгин. Парвардигоро, дуоимни қабул айла” (Иброҳим сураси, 40-оят).
Фарзанд кўз ўнгида ота ёки онанинг гўзал амаллар билан банд бўлиши унга энг таъсири кўп бўлган жиҳатлардан биридир. Аввало болага Аллоҳ ва Расулини танитиш, нима учун яратилганлигимизни тушунтириш ҳамда буйруқ ва қайтариқларни яхшилаб ўргатиш зарур. Шариат амалларини ота-она ўзи яхшилаб англаб, фарзандига сингдириши шарт. Зеро, Аллоҳ таоло солиҳ амал қилган бандаларига абадий Жаннатни ваъда қилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир нечта сураларида башоратлар берилган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Раббиларига бўйсунганлар ана ўшалар жаннат аҳлидир. Улар у ерда абадий қолурлар” (Ҳуд сураси 23-оят).
Аллоҳ таолони айтганини қилган бандаларга дунёда ҳам тирикчилигида кенглик беради. Яхши амалларнинг мукофоти нафақат охиратда балки бу дунёда ҳам берилиши айтилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўмин ва мўминаларга хушхабар айтган:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз...” (Наҳл сураси, 97-оят).
Иккинчиси – Ҳар бир ота-ота фарзандини камолини кўришни хоҳлайди. Билингки, ўзингиз Аллоҳнинг чақириғига “лаббай” демас экансиз улар ҳам сизларнинг чақириғингизга ижобий жавоб қайтармайди. Улар учун сарфлаган пулларингиз ҳавода титилган жун каби ҳар қаёққа беиз кетиб қолади. Бола биринчи таълим тарбияни ота-онасидан ёки бирисидан олади. Албатта, оила бошлиғи бўлган ота пул топишга, оилани таъминлашга масъул. Она эса уй ишлари, бола тарбиясига кўпроқ масъулдир. Агар улар ўз вазифаларини бажармас экан, тизим ишдан чиқади. Улардаги вазифаларни бир-бирига алмаштириб қўйилса, ҳам бу чора бўлолмайди. Бу ҳолатда ота-она бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, сўзлари бир жойдан чиқиши керак. Аксинча фарзандлар олдида эр аёлининг хатоларини муҳокама қилиб, жиркиб, ҳақоратлаб турса, бу нарса бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Боланинг илмларни ўзлаштиролмаслигига оилавий муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади. Биз фарзандларимиздан кутаётган ютуқларни ҳали ҳам кутиб ўтирганимизнинг сабаби беҳудаликларнинг ҳаётимизда ортиши. Кўп кузатувларимиз натижаси шуни тасдиқлайдики, бола тарбиясидаги оқсоқликларнинг илк сабабчиси телефондир. Ота-она фарзандлари кўз ўнгида бебаҳо вақтларини соатлаб телефон иловаларига бахшида этишмоқда. Катталарнинг ҳар бир ҳаракатидан улгу андоза олиш фарзандга ҳеч бир қийинчиликсиз сингади.
Мен тўсатдан бир жараённи кузатиб ҳайратландим. Бефарзанд ота-оналар муолажалари ичида онани ҳомиладорликка тайёрлаш жараёни бўларкан. Бунда ота-онанинг бутун таҳлиллари кўздан кечирилиб, унга дори дармон муолажалари бошланилиб, бу жараён 3-4 босқичда олиб борилар экан. Қаранг, ота-она бўлиш учун қандай жиддий уринишлар. Ҳомиладорликдан олдин она жисмининг ўта қаттиқ назоратга олиниши. Бу албатта, керакли ҳол. Аммо бунга онанинг руҳий ҳолати ҳам жисмини тайёр бўлишиданда муҳим омиллардандир. Фарзандли бўлишдан илгари руҳан ҳам жисмонан тайёр бўладиган бўлсак, бола дунёга келгач, бизнинг масъулиятимиз яна ортса ортадики камаймайди. Халқимизда шундай мақол бор: “Нима эксанг, шуни ўрасан”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг қайси фазилатга эга бўлганлари нажот топишлиги, кимлар Фирдавс жаннатига ворис бўлиб ўша ерда мангу қолишларини айтган ояти каримада бир жиҳат алоҳида таъкидланган: “Улар беҳуда (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчилардир” (Мўминун сураси, 3-оят).
Бандларимиздаги иккинчи тоифани очиқлашга қайтсак, хўп ўзи амал қилмаган ҳолда болага сармоя тиккан ота-оталар умуман натижасиз қолишининг асосий сабабларини ўрганиб олсак. Пул ҳамма нарсани ҳал қилади деган ўй хато. Қаттиқ (контрол) ва тергаш керак болага. Болани вақтини тўғри тақсимлаш биринчи галдаги масаладир. Уйқу режими, дарс қилиш соатлари, кўчада ўйнаб келиш учун белгиланган вақтлар онанинг кузатувидан четда қолмаслиги керак. Бола тунги соат 01-02 да ухласа, дарсни хаёлини паришон ҳолда бажарса, кўчада 4-5 соатлаб ўйнаса, қорни очгани учунгина уйга кирса, онага гап қайтарганда ота бунга эътироз билдирмаса, ёш бўлишига қарамасдан онани менсимаса ва бунга ота йўл қўйиб берса, боладан қандай ижобий нарса кутиш мумкин? Ҳеч нарса!!!
Ота-она фарзандларга намуна бўлмаслигининг зарари уларга сўз билан таъсир ўтказиш қийинлашади. Масалан намоз ўқиш, ҳалол ризқ топиш, гуноҳлардан тийилишга амал қилмаса, фарзандлар ҳам буни оддий ҳол деб қабул қилади. Мабодо ўша амалларга буюрсангиз, “Отам-онам айтганларини ўзлари қилмайдику” деб ўйлайди.
Фарзандларни қалби ва руҳияти дарахтга ўхшайди. Иймон, Аллоҳга тақво унинг илдизидир. Агар ота-она бу илдизларни суғоришга эътибор бермаса, яъни диний тарбия билан шуғулланмаса бу дарахт заиф ўсади ва турли гуноҳлар шамолида тезгина синиб кетиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзаҳдан сақланг. Унинг устида қўпол ва дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг буйруқларига исён қилмаслар ва буюрилган ишни бажарадилар” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оят ота-оналарга ўз оиласини дўзахдан сақлашга бўлган масъулиятини эслатади.
Яхши ниятда унга илм ўргатдингиз, тили калималарни айтиб берадию, ахлоқдан асар ҳам йўқ. Қуръони каримни ёддан айтиб берадию, ота-она ҳақларини риоясини қилмайди. Атрофдагиларга бадхулқлиги билан доим азият бераверади. Хулқ илмдан устун туради. Хулксиз илмдан фақат залолатга ботиш, гуноҳларга шўнғиш бор. Фарзандни аввало гўзал хулқли “инсон” қилиб тарбиялашимиз керак. Ундан кейингина илм билан зеб берамиз.
Учинчи – тоифадаги одамларнинг ўзлари ҳам фарзандлари ҳам охир оқибатлари нима бўлиши ҳаммамизга аён. Барча амаллари бу дунёнинг ўзида қолиб кетади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур. Ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз. У “Раббим, нимага мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрувчи эдим-ку”, деган эди. (Аллоҳ) айтди: “Шундай. Сенга мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг, бугун сен ҳам ана шундай унутиласан” (Тоҳа сураси, 124–125–126-оятлар).
Ортиқча изоҳларга ҳожат йўқ. Аллоҳ бу тоифага тушиб қолишдан, зурриётларимиздан ҳам шундайлар чиқишидан Ўзи асрасин. Барчаларимизни Ўзи гўзал ислоҳ қилсин.
Азиза РАҲМАТОВА
Самарқанд тумани бош отинойиси