8 август душанба куни Муҳаррам ойининг 10-куни – Ашуро кунидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Оғиз ёпиш ва очиш вақти (Тошкент вақти билан):
9 Муҳаррам - 7 август - якшанба
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:52
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 19:35
10 Муҳаррам - 8 август - душанба
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:54
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 19:34
11 Муҳаррам - 9 август - сешанба
Саҳарлик (оғиз ёпиш) вақти: 03:55
Ифторлик (оғиз очиш) вақти: 19:33
Нияти: Холис Аллоҳ учун нафл рўза тутишни ният қилдим.
Ғафлатда қолманг! Ашуро куни рўзасини тутишни ўтказиб юборманг!
Яқинларингизга ҳам эслатинг. Эҳтимол Сиз уларнинг рўза тутишига сабабчи бўларсиз.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: "Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман". Агар у (банда): "Алҳамду лиллааҳи Роббил ъааламийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга ҳамд - шукр айтди", дейди. Банда: "Ар-Роҳманир Роҳийм", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга сано - мақтов айтди", дейди. Банда: "Маалики йавмид-дийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Мени улуғлади", дейди. Банда: "Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн", деса, Аллоҳ: "Бу - Мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман", дейди. Агар банда: "Иҳдинас-сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн", деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, сўраганини бердим", дейди" (Имом Насоий ривояти).
Бир дақиқада Фотиҳа сурасини 6 маротаба ўқий оласиз. Унинг ҳарфлари сони 122 та. Агар уни бир маротаба ўқисангиз, 122х10=1220 та савоб берилади. Чунки ҳадисга мувофиқ, ҳар бир ҳарф учун 10 та савоб ваъда қилинган. Агар сиз уни 6 маротаба ўқисангиз, 7320 та савобга эга бўласиз. Бу Аллоҳнинг фазли, ким уни зиёда қилса, Аллоҳ ҳам фазлини зиёда қилаверади.
«Фазилатли амаллар - ажри улуғ амаллар» китобидан