Юқоридаги бобда баён этилган Қуръон оятлари ва улардан олинган натижалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларининг ҳукмини исботлаш учун кифоя қилади. Бинобарин бу Ислом шариатининг бош манбаси бўлмиш Қуръони карим билан исботланмоқда. Бироқ Қуръони карим умумий бир қоида ёки таълимот сифатида фақатгина "Пайғамбарга итоат"га эътибор қаратмасдан, айни вақтда у зотга итоат қилувчини ғайратлантириш ғояси билан ҳукмни фарқли йўналишлари ва амалга ошириш талабларини турли томонларига ҳам эътибор беради.
РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ –ҲУКМ ЧИҚАРИШ
Қуръони каримнинг бир қатор оятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукм чиқаришдаги ваколатлари баён қилинган. Хусусан, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿وَاكْتُبْ لَنَا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآَخِرَةِ إِنَّا هُدْنَا إِلَيْكَ قَالَ عَذَابِي أُصِيبُ بِهِ مَنْ أَشَاءُ وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ فَسَأَكْتُبُهَا لِلَّذِينَ يَتَّقُونَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالَّذِينَ هُمْ بِآَيَاتِنَا يُؤْمِنُونَ الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آَمَنُوا بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُوا النُّورَ الَّذِي أُنْزِلَ مَعَهُ أُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ﴾
«Бизларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзгин. Биз Сенга қайтдик. (Аллоҳ) деди: “Азобимни хоҳлаган кишимга етказурман. (Аммо) раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир. Уни (раҳматимни) тақвода бўлувчилар, закот берувчилар ва оятларимизга иймон келтирувчиларга ёзажакман. Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир»” (Аъроф сураси, 156-157-оятлар).
Оятга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифаларидан бири – “пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”. Яъни яхшиликка буюриш ва ёмонликлардан қайтариш, улардан огоҳлантириш.
Нарса (амал)ларнинг шаръий ва ношаръий эканига ҳукм чиқаришга аввало ваколат бўлиши керак. Ушбу оятда бу ҳуқуқ айнан Пайғамбар алайҳиссаломга берилмоқда.
Шунга кўра, янги шаръий ва ношаръий масалаларни белгилашда фақат Қуръони карим билан кифояланмайди. Сурадаги: “У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради” ояти бунга ишора қилади.
Оятнинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “иймон келтириш”га урғу бермоқда. Яъни шаръий ва ношаръий ишларни ажрата олиш ваколатларига ишониш шарт.
Навбатдаги оятдаги: “у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар”…. яъни Қуръони карим – “нурга эргашиш”га амр этилмоқда. Бунда “Матлув” (тиловат қилинадиган ваҳий) ёки “Ғойри матлув” (тиловат қилинмайдиган) ваҳий бўлсин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган, у зот алайҳиссаломнинг ахлоқ ва таълимотларида акс этган бутун амрларга эргашиш тушунилади.
Ушбу оят шубҳасиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги ҳукм чиқариш ваколатига эга эканликларига очиқ-ойдин ҳужжат бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
﴿قَاتِلُوا الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَا بِالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَلَا يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَلَا يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حَتَّى يُعْطُوا الْجِزْيَةَ عَنْ يَدٍ وَهُمْ صَاغِرُونَ﴾
«Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ дин (Ислом)ни дин қилиб олмайдиган аҳли китоблардан иборат кишиларга қарши – то улар ўзларини паст тутиб, жизя (солиқ)ни нақд бергунларига қадар жанг қилингиз!» (Тавба сураси, 29-оят).
У ёки бу нарсанинг ҳаром эканлигини эълон қилиш ҳуқуқи фақат Аллоҳ таолога хосдир. Аммо оятга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳнинг изни билан бу ҳуқуқни қўллай оладилар.
Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳуқуқлари орасидаги фарқ шубҳасиз ниҳоятда каттадир. Аллоҳ таолонинг ҳукм чиқариш ҳуқуқи бутунлай мустақил (ҳеч кимга ва ҳеч нарсага қарам бўлмаган). Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳуқуқлари Аллоҳ таолодан келадиган ваҳийга тобедир. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эгадирлар ва шу сабаб Аллоҳнинг ҳукмига итоат этиш шарт бўлгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам ҳукмларига бўйсуниш шартдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَنْ يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُبِينًا﴾
“Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди” (Аҳзоб сураси, 36-оят).
Ушуб оятда мўмин ва мўминалар Аллоҳ ҳамда Расулининг ҳукмига бўйсунишлари лозимлиги очиқ-ойдин таъкидланмоқда. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, оятда “Аллоҳ” ва “Унинг пайғамбари” ўртасида келган “ва” ҳам боғловчи, ҳам ажратувчи вазифасини бажаради. Бу ерда фақат "боғловчи" маъносида келган дейиш нотўғри талқин саналади. Энг маъқул ечим "ва" калимасини ҳам боғловчи, ҳам ажратувчи маъносида қўллашдир. Бунда Аллоҳ ёки Расули, ёки ҳар иккиси бирор нарсага ҳукм қилса, унга иймон келтириш, эргашиш лозимлиги тушунилади. Уларнинг ҳукмларини қабул қилишдан бошқа йўл йўқ, энг тўғри йўл – итоат (эргашиш)дир.
Демак, бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мукаллаф бўлган мўминларнинг шахсий ёки жамоавий (умумий) муаммоларини ҳал қилишда ҳукм чиқаришга шаръан ҳокимият эгаси бўла олишлари маълум бўлади.
Аллоҳ таоло бундай буюради:
﴿وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا﴾
“Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Бу оят фатҳ ва ғазотларда олинган ўлжа (ғанимат)ларга тегишли бўлсада, тафсир илмига кўра, бирор оят маълум ҳодиса ҳақида ваҳий орқали нозил бўлган ва қўлланилган ифодалар умумий бўлса, бу ифодалар умумий шарҳ қилинади ҳамда фақат бир ҳодисага хосланмайди.
Бу оят Набий алайҳиссалом ҳақларида умумий бир қоида бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломни чиқарган буйруқлари мўминларга тааллуқли бўлади ва қайтарган нарсалари эса улар учун ҳаром ҳукмини жорий этади. Бунга кўра, Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга, ҳукм чиқариш, қайтариқ қўйишда шаръий ҳуқуқ берган.
Шу ерда Набий алайҳиссаломнинг улуғ саҳобаларидан Абдуллоҳ ибн Масъуднинг бир аёлга берган ҳикматли жавобларини келтириб ўтсак.
حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني إملاء ، حدثني محمد بن سعيد القزويني ، نا عمرو ، عن منصور ، عن إبراهيم ، عن علقمة قال : قال عبد الله : « لعن الله الواشمات والمتوشمات المتفلجات للحسن المغيرات خلق الله » قال : فأتته امرأة من بني أسد ، يقال لها أم يعقوب فقالت : بلغني أنك لعنت كذا وكذا ؟ قال : ألا ألعن من لعن رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم وهو في كتاب الله ؟ قالت : فوالله إني لأقرأ بين اللوحين فما أجد هذا الذي تقول قال : بلى والله إنه لفيه :﴿ما آتاكم الرسول فخذوه وما نهاكم عنه فانتهوا[1]﴾ قالت : فأظن امرأتك منهن ؟ قال : فادخلي فانظري قال : فخرجت فقالت : ما وجدت كذلك قال : أما إنها لو كانت كذلك لم تجامعنا.
Алқама Абдуллоҳдан ривоят қилади «Абдуллоҳ: “Вашм[2] қилувчи, вашм қилдирувчи, қош терувчи ва ҳусн учун тишининг орасини очдирувчи аёлларни – Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчиларни Аллоҳ лаънатласин!” деди. Бу Бану Асадлик Умму Яъқуб деган аёлга етиб борибди. У келиб, “Сен фалон-фалондайларни лаънатлабсан-ми?!” деди. “Нега энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган ва Аллоҳнинг Китобида бўлганларни лаънатламас эканман?!” деди. У: “Мен икки муқова орасини ўқиб чиққанман, унда сен айтган нарсани кўрмаганман”, деди. У: “Ҳа, Аллоҳга қасамки у мана бу оятда: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз”, деди. Аёл: “Ўйлайманки, ўзингнинг аёлинг ҳам улардан бўлса керак?” деди. (Абдуллоҳ) “Кириб, кўр”, деди. (Абдуллоҳ) Аёл чиқиб айтди: “Излаган нарсамни топмадим”, деди. Шунда (Абдуллоҳ): “Агар шундай бўлганида, биз билан жам бўлмаган бўларди”, деди»[3].
Бу жавоб билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги оят Набий алайҳиссаломнинг бутун буйруқ ва қайтариқларини қамраб олувчи эканини ва қўйилган қайтариқлар Набий алайҳиссалом томонларидан келтирилгани учун унга бўйсуниш кераклигига ишора қилдилар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا﴾
“Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор иймон келтирмагайлар” (Нисо сураси, 65-оят).
Бу оятда ихтилофлар юзага келгандагина Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳукм чиқариш ҳуқуқлари бордек кўринади. Бироқ уни кенгроқ тушуниш керак. Бир ҳоким, шубҳасиз бирор ҳукмни чиқариши учун ҳокимиятга эга бўлиши лозим. Аммо унинг ҳукмини бажариш учун мусулмон бўлишлик талаб этилмайди. Агар ҳокимнинг ҳукми қабул этилмаса, бу жазоланишига сабаб бўлиши мумкин, лекин охирги натижа уни Ислом доирасидан чиқариб юбормайди.
Бундан фарқли равишда бу оятда Пайғамбар алайҳиссалом чиқарган ҳукмларни қабул этмаган банда мўмин бўла олмаслиги қаттиқ огоҳлантирилмоқда. Бу оятда Набий алайҳиссаломнинг ҳуқуқлари оддий ҳоким ҳуқуқ (ваколат)лари каби эмаслиги ва у зот алайҳиссаломнинг буйруқлари рад этилса, куфрга сабаб бўлиши айтилмоқда. Бу эса Набий алайҳиссаломнинг ҳукмлари муҳокама қилинадиган ҳукмлар сирасига кирмаслигини, уларнинг барчаси Аллоҳдан келган матлув ва ғойри матлув ваҳийга асосланган бўлиб, Аллоҳнинг тарафидан юзага келган ҳуқуқий ҳукмдир.
Шундай қилиб бу ҳуқуқий ҳукмни агар бирор мўмин рад этса, натижада “У Ислом дини чегарасидан чиқди ва илоҳий амрни рад этди”, деган тушунча юзага келади. Шу нуқтаи назардан юқоридаги оятга мувофиқ, Пайғамбар алайҳиссалом ҳукм чиқарувчи ҳоким сифатида қолмоқдалар. Ушбу оят билан у зот алайҳиссаломга илоҳий ҳуқуқ билан мусулмонлар тобеъ бўладиган ҳукм чиқариш ваколати берилмоқда. Қуръони каримда бундай дейилади:
﴿وَيَقُولُونَ ءَامَنَّا بِٱللَّهِ وَبِٱلرَّسُولِ وَأَطَعۡنَا ثُمَّ يَتَوَلَّىٰ فَرِيقٞ مِّنۡهُم مِّنۢ بَعۡدِ ذَٰلِكَۚ وَمَآ أُوْلَٰٓئِكَ بِٱلۡمُؤۡمِنِينَ ٤٧ وَإِذَا دُعُوٓاْ إِلَى ٱللَّهِ وَرَسُولِهِۦ لِيَحۡكُمَ بَيۡنَهُمۡ إِذَا فَرِيقٞ مِّنۡهُم مُّعۡرِضُونَ ٤٨ وَإِن يَكُن لَّهُمُ ٱلۡحَقُّ يَأۡتُوٓاْ إِلَيۡهِ مُذۡعِنِينَ ٤٩ أَفِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ أَمِ ٱرۡتَابُوٓاْ أَمۡ يَخَافُونَ أَن يَحِيفَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِمۡ وَرَسُولُهُۥۚ بَلۡ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ ٥٠ إِنَّمَا كَانَ قَوۡلَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ إِذَا دُعُوٓاْ إِلَى ٱللَّهِ وَرَسُولِهِۦ لِيَحۡكُمَ بَيۡنَهُمۡ أَن يَقُولُواْ سَمِعۡنَا وَأَطَعۡنَاۚ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ ٥١ وَمَن يُطِعِ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَيَخۡشَ ٱللَّهَ وَيَتَّقۡهِ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡفَآئِزُونَ ٥٢﴾
«Улар: "Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик", дерлар. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар. Ана ўшалар мўмин эмаслар. Уларни қачонки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланса, баногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчилардир. Агар ҳақ улар (тарафда) бўлса, у (Пайғамбар)га бўйин эгиб келурлар. Уларнинг қалбларида мараз борми?! Ёки шубҳа қилдиларми?! Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқадиларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир. Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланганларидаги гаплари: "Эшитдик ва итоат қилдик", демоқларидир. Ана ўшаларнинг ўзларигина нажот топгувчилардир. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир» (Нур сураси, 47-52-оятлар).
Бу оятдан мусулмон бўлиш учун Набий алайҳиссалом ҳукмларига сўзсиз таслим бўлиш шартлиги айтилмоқда. Даъват қилинганларидан сўнг ихтилоф чиқса Пайғамбарга мурожаат этмаганлари учун Қуръони каримга кўра, уларга мўмин сифатида муомала қилинмайди. Бу эса яна бир бор аввалги оятда зикр этилган асосга кўра: “Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтиришнинг асосий шарти – Пайғамбар алайҳиссалом ҳокимлигини бутун қалби билан қабул этишдир”.
Шунга кўра, мўминлар ихтилоф масаласида Пайғамбарга мурожаат қилишлари ва у зотга эргашишлари лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳукмларига тўлиқ таслим бўлиш талаб қилинади.
[1] Ҳашр сураси, 7-оят.
[2] Вашм – игна ёки бошқа восита билан расм ёки сўзни танага ўйиб, нақш солиш (татуировка).
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳ; Имом Муслим. Саҳиҳ; Имом Аҳмад, Муснад; Доримий. Сунан; Ибн Можа. Сунан; Абдураззоқ. Мусаннаф; Ибн Абу Шайба. Мусаннаф; Табароний. Кабир; Байҳақий. Кубро; Бағавий.
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 6-қисм, 7-қисм, Давоми бор...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан