Таиланд ҳукумати Таиланд ва Малайзия ўртасидаги мусулмонлар кўп бўлган чегара вилоятларида ҳалол саноатни ривожлантириш орқали Яқин Шарқдаги мамлакатларга ҳалол маҳсулотлар экспорт қилишга интилади.
Озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан, ҳалол маҳсулотларга глобал талаб ортиб бораётгани муносабати билан Таиланд ҳукумати мазкур йўналишдаги фаолиятни янада ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Бугунги кунга қадар Таиландда ҳалол маҳсулотлар экспорти 20 фоизни ташкил этади. Мамлакат 2021-2022 йилларда ҳалол маҳсулотлар экспортидан 6 миллиард доллар даромад олган.
Шу мақсадда Таиланднинг Ҳат Яй шаҳрида Малайзия ва Таиланддан ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирокида ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Икки мамалакат мутасаддилари фикрига кўра, ушбу кўргазма Малайзия ва Таиландда иқтисодий ривожланишни кенгайтиришга ёрдам беради.
Қайд этиш жоизки, ҳалол маҳсулотлар нафақат озиқ-овқатни, балки мода, кийим-кечак, фармацевтика маҳсулотлари ва туризмни ҳам ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Айни дамда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро анжуман қизғин давом этмоқда.
Тадбир аввалида Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Табрикда Президентимиз қатнашчиларни улуғ алломалар юртига ташрифи ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётганини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номлари билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият кўрсатаётгани, жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани таъкидлаб ўтилган.
Ўз навбатида анжуман иштирокчиларига ўз ҳаётини ана шундай эзгу ишга бағишлаб келаётгани, Имом Мотуридий ва Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан бошқа улуғ алломаларимизнинг бой илмий-диний меросини ўрганиш йўлидаги машаққатли меҳнати, изланиш ва тадқиқотлари учун самимий миннатдорлик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятида янги ютуқлар ва конференция ишига муваффақият тилаган.
Анжуман иштирокчилари Президентимизнинг табриги ва илиқ тилакларидан бағоят мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати