Ҳадис шарҳи
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазаъдан қайтардилар. Мен Нофеъга: “Қазаъ нима?” дедим. У: “Ёш бола боши (сочининг)нинг бир қисмини олиб, бир қисмини қолдириш”, деди» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни қазаъдан, яъни сочнинг баъзисини олиб, баъзисини қолдиришдан қайтардилар. Абу Довуд “Сунан”ида: “Сочнинг ҳаммаси олинади, ундан бирор нарса тарк қилинмайди. Баъзиси қисқартирилиб, баъзилари қолдирилмайди. Сочни қазаъ кўринишида олиш табиий хилқатни ўзгартириш ҳисобланади. Бу қайтариган амалдир”, деган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир бола келтирилади. Унинг бошидаги баъзи сочлари олинган, баъзилари эса олинмаган эди. Шунда Расулуллоҳ: “Соч олсангизлар, барчасини олинглар ёки тарк қилсангизлар, барчасини тарк қилинглар”, дедилар.
Агар зарурат бўлмаса, қизларнинг кичигини ҳам, каттасини ҳам сочи қириб олинмайди. Бошда жароҳат бўлиб, даволаш учун соч олса, зарари йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижомага эҳтиёж сездилар ва эҳромдаликларида сочини олдирдилар.
«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қазаъдан қайтарганларини эшитдим”, деди. “Қазаъ нима?”, дедим. Убайдуллоҳ бизга ишора қилиб: “Агар боланинг сочини қириб олсангизлар баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдирманглар ёки бошнинг икки ёни ва олд томонини қолдирманглар”, деди.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг сочини қириб олишдан қайтарганлар”, деди. Барча ҳадисларда қазаъ ва унинг кайфияти, Аллоҳ таоло эркакларни ундан қайтаргани, сочларни қириб олиши кераклиги ҳақида гапирдик. Бу масала атрофлича изоҳланди. Аммо бу қайтариқ аёлларга тегишли эмас. Чунки аёлларга сочни қириб олиш вожиб эмас. Сабаби, соч аёлларга ҳусн ва зийнат қилиб берилган.
Соч – аёллар зийнатланишида энг муҳим нарса. Аёллар эрлари учун сочларини асрайдилар ва турмаклаб зийнатланишади.
Тўрт мазҳаб уламолари қазаъ турли жойларда бўлса, макруҳ эканига ижмо қилганлар. Агар даволаниш ва шу каби нарсалар бўлса, жоиз. Қазаънинг ҳаромлигига келсак, агар бирор киши у ишни ўзга диндагиларга ёки фосиқларга тақлидан қилса, ҳаром бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у улардандир”, деганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у улардандир. Яъни,ташқи кўринишда, кийинишда, баъзи амалларда кўринади”, дедилар».
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?! (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўпи фосиқ (итоатсиз)дирлар!” (Ҳадид сураси, 16-оят).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирида бундай дейилади: «...(Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?!..” Бу оят аслий ва фаръий масалаларда аҳли китобларга ўхшашдан қайтарилганига ишорадир».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Умматим то ўзларидан аввалги замонлардагиларга қаричма-қарич, зироъма-зиро эргашмагунларича Қиёмат қоим бўлмайди. Ҳатто улар зоббнинг уясига кирган бўлишса, сизлар ҳам худди шундай унга кирасизлар”. “Ё Расулуллоҳ, форслар ва румларга ўхшабми?” дедик. У зот: “Улар бўлмай ким бўлсин?!” дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Манбалар асосида
Дилфуза РАҲИМОВА
тайёрлади.
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси