39 - وَلِلصِّدِّيقَةِ الرُّجْحَانُ فَاعْلَمْ عَلَى الزَّهْرَاءِ فِي بَعْضِ الْخِلاَلِ
Маънолар таржимаси:
Сиддиқа (розияллоҳу анҳо)нинг Заҳро (розияллоҳу анҳо)дан баъзи фазилатларда устунлиги борлигини билиб қўйгин.
Назмий баёни:
Сиддиқада Заҳродан устун тараф бор,
Баъзи хислатларда, қилсанг эътибор.
Луғатлар изоҳи:
لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.
الصِّدِّيقَةِ – жор мажрур хабари муқаддам.
الرُّجْحَانُ – хабаридан олдин келган мубтадо.
فَاعْلَمْ – амр феъли. Тақдирий اَنْتَ фоили.
عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
الزَّهْرَاءِ – жор мажрур الرُّجْحَانُ га мутааллиқ.
فِي – мажозий зарфият маъносида келган жор ҳарфи.
بَعْضِ – бу жор мажрур ҳам الرُّجْحَانُ га мутааллиқ.
الْخِلاَلِ – бу калима خَلَّة нинг кўплик шакли бўлиб, “ўзига хос ижобий хусусиятлар” маъносини англатади. خَلَّةٌ ва خَصْلَةٌ ўртасида умум ва хосликда фарқ бор:
خِصَالٌ – خَصْلَةٌ – ўзига хос хусусиятлар. Ижобий хусусиятларга ҳам, салбий хусусиятларга ҳам қўлланади.
خِلاَلٌ – خَلَّةٌ – ўзига хос хусусиятлар. Фақат ижобий хусусиятларга қўлланади. Шунинг учун Нозим раҳматуллоҳи алайҳ خِلاَلِ ни ишлатган.
Матн шарҳи:
Сиддиқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари Оиша розияллоҳу анҳодир. Заҳро эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодир. Ушбу байтда чаҳорёрларнинг қолган барча инсонлардан афзал эканларининг исботи бор. Яъни Оиша розияллоҳу анҳо баъзи хислатларда Фотима розияллоҳу анҳодан афзал бўладиган бўлса, тўрталалари билиттифоқ Оиша розияллоҳу анҳодан афзалдир. Ушбу муҳтарама зотларнинг иккалалари ҳақларида ҳам афзалликларига далолат қиладиган ҳадислар келган. Қуйидаги ҳадиси шарифда Фотима розияллоҳу анҳонинг жаннатий аёлларнинг саййидаси экани очиқ-ойдин баён қилинган:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ أَقْبَلَتْ فَاطِمَةُ تَمْشِي كَأَنَّ مِشْيَتَهَا مَشْيُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرْحَبًا بِابْنَتِي ثُمَّ أَجْلَسَهَا عَنْ يَمِينِهِ أَوْ عَنْ شِمَالِهِ ثُمَّ أَسَرَّ إِلَيْهَا حَدِيثًا فَبَكَتْ فَقُلْتُ لَهَا لِمَ تَبْكِينَ ثُمَّ أَسَرَّ إِلَيْهَا حَدِيثًا فَضَحِكَتْ فَقُلْتُ مَا رَأَيْتُ كَالْيَوْمِ فَرَحًا أَقْرَبَ مِنْ حُزْنٍ فَسَأَلْتُهَا عَمَّا قَالَ فَقَالَتْ مَا كُنْتُ لِاُفْشِيَ سِرَّ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَتَّى قُبِضَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَأَلْتُهَا فَقَالَتْ أَسَرَّ إِلَيَّ إِنَّ جِبْرِيلَ كَانَ يُعَارِضُنِي الْقُرْآنَ كُلَّ سَنَةٍ مَرَّةً وَإِنَّهُ عَارَضَنِي الْعَامَ مَرَّتَيْنِ وَلاَ أُرَاهُ إِلاَّ حَضَرَ أَجَلِي وَإِنَّكِ أَوَّلُ أَهْلِ بَيْتِي لَحَاقًا بِي فَبَكَيْتُ فَقَالَ أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِي سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ أَوْ نِسَاءِ الْمُؤْمِنِينَ فَضَحِكْتُ لِذَلِكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Фотима юриб кела бошлади. Унинг юриши худди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламникидек эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Марҳабо хуш келибсан қизим”, – дедилар. Сўнгра уни ўнг томонларига ё чап томонларига ўтирғиздилар. Сўнгра унга бир сўзни шивирлаб айтдилар. У йиғлаб юборди. Мен унга: "Нега йиғлаяпсиз", – дедим. Сўнгра унга бир сўзни шивирлаб айтган эдилар, у кулди. Шунда мен: “Бугунги кундаги каби хурсандликнинг хафаликка яқинлигини кўрмаганман”, –дедим ва ундан у зотнинг нима деганларини сўрадим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилувчи эмасман”, – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар, сўнгра мен ундан сўрадим. У шундай деди: “У зот шивирлаб: “Жаброил Қуръонни менга ҳар йили бир марта ўқиб берарди, бу йил икки марта ўқиб берди, буни мен ажалим келгани деб биляпман, уйдагиларимдан биринчи бўлиб орқамдан етиб борадигани сенсан”, – дедилар, мен йиғлаб юбордим. У зот: “Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишга рози бўлмайсанми? ёки мўминлар аёлларининг саййидаси бўлишга рози бўлмайсанми?”, – дедилар, мен ўшанга кулдим”. Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Фотима розияллоҳу анҳонинг жаннат аҳли аёлларининг ёки мўминларнинг аёлларининг саййидаси бўлиши баён қилинган бўлса, қуйидаги ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳонинг бошқа барча аёллардан афзал эканига ишора қилинган:
عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَضْلُ عَائِشَةَ عَلَى النِّسَاءِ كَفَضْلِ الثَّرِيدِ عَلَى سَائِرِ الطَّعَامِ كَمُلَ مِنْ الرِّجَالِ كَثِيرٌ وَلَمْ يَكْمُلْ مِنْ النِّسَاءِ إِلَّا مَرْيَمُ بِنْتُ عِمْرَانَ وَآسِيَةُ امْرَأَةُ فِرْعَوْنَ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оишанинг аёллардан афзаллиги "сарийд"нинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир. Эркаклардан кўпчилиги камолга етган аёллардан эса фақат Имрон қизи Марям ва Фиръавннинг аёли Осиёларгина камолга етган”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо бошқа аёллардан “сарийд”нинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир, дейилган. “Сарийд” деб аталадиган таом эса ҳозирги кунда бизлардаги “қозон кабоб”га ўхшаган нон билан гўштдан иборат таом бўлган. Нонга қўшиб ейиладиган нарсаларнинг энг улуғи гўшт экани эса бошқа бир ҳадисда келган:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ سَيِّدُ إِدَامِ الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ اللَّحْمُ وَسَيِّدُ رَيْحَانِ أَهْلِ الْجَنَّةِ الْفَاغِيَةُ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِىُّ
Абдуллоҳ ибн Бурайда розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёю охиратда нонга қўшиб ейиладиган нарсаларнинг улуғи гўштдир, жаннат аҳли райҳонининг улуғи хинадир”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳонинг бошқа аёллардан афзаллиги "сарийд"нинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир, деган сўздан у зотнинг дунёю охиратдаги энг афзал аёл экани маъноси келиб чиқади.
Оиша Сиддиқа розияллоҳу анҳонинг баъзи хислатларда Фотима Заҳро розияллоҳу анҳодан афзал деб ҳисобланишига Мулла Али Қори иккита далилни иқтибос қилиб келтирган:
Сўнгра сўзларида давом этиб: “Аммо бу сўз имом Моликдан нақл қилинган: “Фотима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир бўлакларидир, у зотнинг бир бўлакларидан ҳеч кимни афзал санамайман”, – деган сўзларига зид эмас. Чунки имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтган жиҳатдан қаралса, ҳеч ким у зотнинг гапига қарши чиқмайди, – деган.
Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Васият” китобида шундай ёзган: “Оиша розияллоҳу анҳо Хадижаи кубродан сўнг оламдаги барча аёлларнинг саййидаси ва мўминларнинг оналаридир”.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
ЯЗИД ИБН МУОВИЯ ҲАҚИДАГИ БАҲСЛАР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бандаларнинг тавба-тазарру қилиши учун турли имтиҳонлар билан синовлар беради. Мана шу синовлардан шукр ва сабр ила ўтганларга Аллоҳ улкан савоблар бериб, гуноҳларини кечиради, мусибатларини аритади.
Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида туриб Аллоҳга зорланмадиларми?! У зотнинг нолаларига берилган жавоб қуйидагича бўлди: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик...»[1].
Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир, Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилгувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз»[2].
Айюб алайҳиссалом одоб ва ҳаё ила нидо қилмадиларми?! Аллоҳ таоло у зотга ҳам қуйидагича жавоб қилди: «Айюб эса Парвардигорига нидо қилиб: “(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюбга) оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг баробарида аҳли авлод ато этдик»[3].
Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини ҳам ижобат қилиб: «Нуҳни (эсланг!) У илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳлини буюк ғамдан қутқардик»[4], деди.
Яъқуб алайҳиссалом ҳам бошига тушган синовни аритишини сўраб Аллоҳ таолога нидо қилди: «...Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...»[5].
Пайғамбарларнинг энг афзали бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қувғин бўлиб, ҳатто ёш болалар тошбўрон қилишганида кавушлари қонга тўлиб оламлар Роббига дуою илтижолар ила юзланганлар: “Қувватсизлигим, чорасизликдан ва одамлар олдида хорлигимдан Сенга шикоят қиламан, эй Раббим! Сен Раҳмли Зотсан! Заифҳолларнинг Парвардигорисан ва менинг ҳам Роббимсан! Мени кимга ташлаб қўйдинг? Менга қовоғини соладиган бегонага ташлаб қўйдингми? Ишимни душманга топшириб қўйдингми? Муҳими, ғазабингга дучор бўлмаган бўлсам, бундан бошқа барчаси бекор! Шундай бўлса-да, офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишлари у билан юриб турадиган Важҳинг нури ила паноҳ сўрайман. Ғазабингга дучор бўлиб қолишимдан паноҳ тилайман. Ўзинг рози бўлгунингга қадар розилик Сеникидир[6]. Сендан ўзгада қувват ҳам, куч ҳам йўқ!”.
Бу дуонинг, нидонинг жавоби нима бўлди?!
Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиларига келиб: “Қавмингизнинг сизга айтган гапларини ва қандай қилиб сизни қувғин қилганларини Аллоҳ кўриб турибди. Аллоҳ таоло тоғларга масъул бўлган фариштани юборди, улар борасида нимани ихтиёр қилсангиз, буюришингиз мумкин”, деди.
Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга тоғларга масъул фаришта нидо қилиб: “Маккадаги мана бу икки тоғни уларнинг устига қопқоқ қилиб ёпиб қўйишимни хоҳласангиз, шундай қиламан”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аксинча, мен Аллоҳ таоло уларнинг пушти камарларидан Ягона Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга бирор нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан”, дедилар.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
[1] Анбиё сураси, 88-оят.
[2] Анбиё сураси, 87–88-оятлар.
[3] Анбиё сураси, 83–84-оятлар.
[4] Анбиё сураси, 76-оят.
[5] Юсуф сураси, 86-оят.
[6] Бу мажозий маъноси. Ҳақиқий маъноси: “Сен рози бўлганингча Сендан дакки эшитавераман”.