Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кузатувлар натижасида маълум бўлдики, савол берувчилар қуйидагича бўлар экан.
1. Билмаганини билиш учун сўровчилар.
Бундай инсонлар чиндан ҳам ниманидир билмайди ва ўша нарсани билишни истайди. Ана шунда аҳли илмлардан сўрайди.
2. Домланинг билимини синаш учун сўровчилар.
Айримлар домланинг илми, савияси қай даражада эканини синаш учун савол беради.
3. Жавобни бошқа домланинг жавоби билан солиштириш учун сўровчилар.
Бу тоифадагилар олдин қайсидир илм аҳлидан ўзининг саволини сўраган бўлади. Кейин “Қани, мана бу домладан ҳам сўраб кўрайчи, буниси нима дер экан?!” деган мақсадда ўша саволни бошқа домладан сўрайди.
4. Қайсидир масалада енгилроқ жавоб, рухсат олмагунча кўплаб домлалардан сўровчилар.
Бу тоифадаги сўровчилар бирор масала юзасидан аҳли илмларнинг бирига савол беради. кейин у домланинг жавоби савол берувчининг нафсига оғирлик қилиб, енгилроқ жавоб берувчи домлани излаб, то ўзи истагандек жавоб топилгунича савол сўраб юраверади.
5. Бошқалар эшитиб, билиб олсин деган мақсадда сўровчилар.
Бундай инсонлар муайян масалани ўзлари билсалар ҳам, бошқалар билиб олсин деган ният билан ўша масалани меҳмондорчиликларда ўтирганда домлалардан сўрайдилар. Натижада у ерда ўтирганлар ҳам унинг жавобини билиб оладилар.
6. Домлани қийин вазиятга тушириш учун ихтилофли, фитнали саволларни сўровчилар.
Маросимларда, одамлар тўпланиб турган жойларда, бир тоифа инсонлар домлалардан фитнали, ихтилофга сабаб бўладиган саволларни сўрайдилар. Бу билан домлани қийин аҳволга солишни ёки “Ана, домла берган саволимга жавоб беролмади” деган гапни тарқатишни кўзлаган бўладилар.
7. Ўртада туриб сўраб берувчи, воситачи сўровчилар.
Бирор масалани сўрашга ийманиб турган, бориб сўрашга уяладиган ёки хижолат бўладиган кишиларнинг саволини домлалардан сўраб берувчилар ҳам бўлади.
8. Реал воқеликда содир бўлмаган нарсаларни сўровчилар.
Ҳаётда учрамаган, бирор инсоннинг бошига тушмаган нарсалар ҳақида савол сўрайдиганлар ҳам бўлади.
9. Ўзига фойдасиз нарсалар хусусида сўровчилар.
Баъзилар шундай саволни сўрайдиларки, у саволнинг жавобидан на ўша одамнинг ўзига, на атрофдагиларга фойда бўлади.
10. Сўрайдиган зарур нарсасини масжидга бориб сўраш ўрнига, кўчаларда, машинада домлага дуч келиб қолсагина сўровчилар.
Айримлар бирор масалада қийналиб турган бўлса-да, ўша масаланинг жавобини билишни хоҳласа-да, илм аҳлини истаб, масжидларга боришга эринадилар ёки ийманадилар. Ўша домлани кўчада, автобусда, таксида кўриб қолишганда, сўрамоқчи бўлган нарсаларини сўраш эсларига тушиб қолади.
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар. Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга масжид одоблари мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, маърузада айтиб ўтилганидек, масжидлар эҳтиром юзасидан “байтуллоҳ” – Аллоҳнинг уйи дейилади. Зеро, масжиднинг деворлари ва устунлари Аллоҳ номи билан қурилган. Уларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, У Зот улуғланади, мақталади. Унга руку ва саждалар қилинади. Зеро, Қуръони каримда бундай баён қилинган: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!” (Жин сураси, 18-оят).
Сўнгги йилларда юртимизда бир нечта йирик масжид ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасини олайлик. Ушбу мажмуанинг умумий майдони 44 гектар бўлиб, ўз ичига маҳобатли мақбара, ўн минг кишига мўлжалланган катта масжид ҳамда аллома тарихига бағишланган замонавий музей бунёд этилди.
Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда республикамиз бўйича 2147 та масжид фаолият олиб бормоқда. Бу ҳам бўлса, жамиятимизда диний-маънавий ҳаётнинг юксалиб бораётганидан далолат. Масжидлар ободлигига бўлган бу эътибор, шубҳасиз, муқаддас динимизга ва унинг қадриятларига бўлган эҳтиромнинг ёрқин кўринишидир. Зеро, масжидларни обод қилишнинг замирида инсон қадрини улуғлаш, унинг руҳий-маънавий эҳтиёжларини таъминлашдек эзгулик мужассам.
Масжид бино қилишнинг фазли ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради” (Имом Муслим ривояти).
Манфаатли суҳбат якунида бундай хайрли ишларга камарбаста бўлаётган мутасаддилар ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати