muslim.uz

muslim.uz

Қорақалпоғистонда бир неча ой аввал таъмирталаб бўлиб қолган бир қанча жоме масжидларнинг иморатини қайта қуриш ишлари бошлаган эди. Маҳаллий ишбилармонлар ва аҳолининг яқиндан берган кўмаги натижасида ўтган йили ноябрь ойида қурилиш ишлари бошланган Кегейли тумани «Обод» овул фуқаролари йиғини ҳудудидан, аҳолига, айниқса ёши катта нуроний отахонларга қўлай ўриндан миллий услубда «Искандар ва Алавуддин эшон» жоме масжидининг янги иморати қуриб битказилди.
Бугун мазкур масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди, унда «Обод» маҳалласида туғилиб ўсган, бир неча йил халқ манфаати учун хизмат қилган меҳнат фахрийлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходимлари ва масжид имом-хатиблари иштирок этди.
Тадбир давомида меҳнат фахрийси, нуроний хожи Каллибек Камалов бугунги кундаги амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва бунёдкорлик ишлари, диний соҳадаги имкониятлар ҳақида алоҳида таъкидлади. Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов мазкур масжид қурилишида яқиндан ёрдам берган ҳомийларга ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди. Ушбу диёрдан ўтиб кетган марҳум диний уламолар, Искандар ва Алавуддин эшонлар ҳаққига дуолар қилинди.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Бугун, 4 май куни Рамазон ойи арафасида масжидлар атрофини обод қилиш, намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар ҳозирлаш ва санитария-гигиена ҳолатларини яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан республикадаги барча жоме масжидларда “Озодалик куни” номли ҳашар тадбири ўтказилди.
Унда масжидлар имомлари ва қавмлари томонидан жомелар ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳашарда халқимизга хос меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, улуғ айём олдидан масжидлар, маҳаллалар ва кўчаларни озода қилиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилди.
Ушбу ҳашар ишларида масжидлар имомлари ва жамоаси фаол иштирок этдилар. Масжидларнинг ички ва ташқи ҳудудларидаги ободонлаштириш ишлари билан биргаликда қўшимча бинолар, хонақоҳлар, китоб жавонлари, таҳоратхоналар ва ибодат қилиш учун ҳозирланган жойлар тозаланиб, шинам ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, масжидларнинг атрофи ва ҳовлидаги яшил майдонларга сайқал берилди, қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди, ҳовлидаги шудгорлар тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва қуриган шохлари кесилди. Ҳашар иштирокчилари манзарали, мевали дарахт ва гул кўчатларини экиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу ҳашар доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган ёрдамчи хўжалик ерларида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
“Озодалик куни” шиори остида масжидларда ўтказилган Рамазони шариф олдидан ушбу ҳашар ишлари эртанги таровиҳ намозларида мўмин-мусулмонларга ўзгача бир тароват бахш этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида энг катта жоме масжид – Büyük Çamlıca Camisi очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, турли давлатлардан диний арбоблар ва расмий шахслар иштирок этган. Жумладан, ушбу файзли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам қатнашди.
Мазкур масжиднинг баландлиги 72 метр бўлиб, у Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда яшовчи миллатлар сонини ифодалайди. Масжид гумбази ичида 16 та турк давлати шарафига Аллоҳнинг 16 исми битилган. Масжидда 11 минг квадрат метр майдонни эгалловчи музей ва 3,5 минг квадрат метр майдонда кутубхона жойлашган.
Ушбу мажмуа таркибида музей, санъат галереяси, кутубхона, минг кишилик мажлислар зали, саккизта санъат устахонаси ва ёпиқ автотураргоҳ ҳам бунёд этилган. Мазкур мажмуа нафақат ибодат қилиш маскани, балки ижтимоий, маданий, таълимга йўналтирилган биноларни ҳам ўз ичига олади.
Маълум қилинишича, ушбу жоме замонавий Туркия тарихидаги энг катта масжид ҳисобланади. Бир вақтда 60 минг киши намоз ўқий оладиган масжид қурилиши 6 йил аввал бошланган эди. Масжиднинг қурилишида рақамларга аҳамият берилган.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Суббота, 04 Май 2019 00:00

Жаннат эшиклари очилмоқда

Юртимиз узра фараҳбахш Рамазон ойи ўзининг файзу футуҳи билан кезмоқда. Мунаввар тонгларда, муазззам шомларда қилинаётган хайрли дуолар диёримизнинг муссаффо осмонидан раҳмат, мағфират ва барака бўлиб ёғилмоқда.

Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда  ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Муқаддас динимиздаги барча ибодатларда бандалар Аллоҳнинг олдида баробар туради. Жумладан, рамазони шариф рўзасини тутишда ҳам одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечирадилар. Уларнинг ораларидан ё бой, ё мансабдор истисно қилинмайди.  Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, хос ва омманинг фарқи йўқ. Имом Ғаззолийнинг “Мукошафатул қулуб” асарида келтирилган бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Менинг умматимга беш хислат берилди, бу аввалгиларга берилмаганди:

  1. Аллоҳнинг наздида рўзадорнинг оғзидан мушкдан ҳам яхши ҳид келади.
  2. Ифторгача малаклар рўзадор учун истиғфор қиладилар.
  3. Бу ойда шайтонлар боғланади.
  4. 4.Аллоҳ ҳар куни жаннатни безантиради ва “Солиҳ бандаларим, қалбларидан ёмонлик ва жавобгарликни йўқ қилиш учун шошилинч ҳаракат қилишяпти!” деб буюради.
  5. У, ойнинг сўнгги кечасида уларни афв этади.

Аллоҳ таоло бу ойда қиладиган барча ибодату дуоларимизни ва тутадиган рўзаларимизни қабул айласин. Бандачилик қилиб билиб билмай қилган хатоларимизни мағфират айласин.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

Ойбек Маърупов.  

 

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, ҳар йили Рамазони шариф кириб келиши билан юртимиз масжидлари хатми Қуръон садолари ила бурканади. Йилдан-йилга масжидларимизда хатми Қуръонлар зиёда бўлиб, тартиб ва ўзгача тароватда ўтмоқда.
Бу йили Республикамиз бўйича 1220 масжидда таровиҳ намозларида Аллоҳнинг каломи бошдан охир ўқилиб, хатми Қуръон қилинади. Уларда жами 2038 нафар қориларимиз иштирок этади.
Жараён шуни кўрсатмоқдаки, йилдан-йилга диёримизда Қуръон ҳофизлари кўпайиб бормоқда. Маълумот учун, ўтган 2018 йилда 1149 масжидда хатми Қуръон ўтказилган бўлиб, уларда 1860 нафар қори қатнашган эди.
Шунингдек, ҳар йилгидек хорижий давлатларнинг таклифларига биноан қориларимиз хатми Қуръонларда иштирок этадилар. Бу шубҳасиз, Яратган Роббимизнинг халқимизга берган энг улуғ инъомидир.
Хатми Қуръонларга марҳабо!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top