muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Руқойя розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайнаб розияллоҳу анҳодан кейин дунёга келган қизларидир. У ҳам ота-онасининг кўз қорачиғи эди. Руқойя розияллоҳу анҳо ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо икковлари худди эгизаклардек улғаядилар. Бир-бирларини жуда яхши кўрардилар. Бу меҳр опалари Зайнаб розияллоҳу анҳо узатилганидан сўнг янада кучайди. Гўё тақдир уларнинг ҳаётини муштарак бир йўлга чизгандек бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолган эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Ос ибн Робиъ билан турмуш қурганидан сўнг Руқойя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларнинг ҳам бўйлари етиб қолди. Абу Толиб уларни биродари Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбага сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай жавоб бердилар: — Эй амаки, қариндошчиликни сийлайман, бироқ менга бир оз муҳлат беринг. Бу масала юзасидан қизларим билан гаплашай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадон аҳлига Абу Толибнинг мақсади ҳақида гап очдилар, Ҳадича розияллоҳу анҳо онамиз ва қизларига аҳволни тушунтирдилар. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо бу гапларни эшитиб ўйга чўмдилар. Чунки Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил қаҳри қаттиқ, тили аччиқ ва ўйламай иш қиладиган хотин эканини билар эдилар. Шунинг учун қизларининг бу хонадонга келин бўлишларини хоҳламай турардилар. Бироқ раъйларини қайтармаслик учун индамадилар. Қизлари ҳам буни ҳис қилиб жим ўтирардилар. Шундай тарзда, қатьий қарор қабул қилинди. Шафқатли ота қизларига барокат тилади. Уларни азиз ва жамил бўлган Аллоҳнинг паноҳига топширди.

Кунларнинг бирида Макка осмонида бир нур кўринди ва Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди. Бу нур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик нури эди. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо қизлари Руқойя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларни ўйлар эди. Умму Жамил ва унинг сўзидан ҳеч чиқмайдиган Абу Лаҳаб хонадонида қизларининг ҳоли не кечади? Қурайшийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири:

— Сиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ишига халақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади, - деди. Абу Лаҳаб Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари билан оила қурган ўғилларига:

— Агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин, - деди. Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар.Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набий алайҳиссаломга доимий равишда азият етказавердилар. Аммо, Аллоҳ таоло суюкли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказган бу икки бадбахтни жазолабгина қолмай, Қуръони каримда уларнинг қисматлари ҳақида сўз юритувчи “Масад“ сурасини нозил қилди. Таржима маъноси: ”1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди – ҳалок бўлди. 2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! 3-4-5. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам самимий ва вафодор завжасига: “Энди бизга уйқу йўқ, эй Ҳадича...” дедилар. Руқойя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар. Қурайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Руқойя розияллоҳу анҳони Усмон розияллоҳу анҳуга никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан завжаси Руқойя розияллоҳу анҳо ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқойя розияллоҳу анҳонинг кўзлари ёш, қалби ғам-алам билан тўла эди. Айрилиқ олдидан отасини, онасини ва қариндошларини бир-бир қучоқлади. Айтмоқчи бўлган гапларини айтолмай, сўзлари бўғзига тиқилди. Унинг бутун ҳолати гўё: “Оиладан, ватандан айрилиш жуда оғир. Руҳ билан тананинг ажралишига ўхшайди. Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлсин. Ишончимиз йўлида жонимиз фидо бўлсин”, деяётгандек эди. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли мўмина Руқойя розияллоҳу анҳо унга юзланиб, таскин бериш учун: - Аллоҳ таоло биз билан ва Шу муборак Байтнинг атрофидаги тупроғимизда қолаётган кишилар билан биргадир, — деди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қайғуси тарқалди. Ҳабашистон томон йўлга тушдилар.

Давоми бор...

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Понедельник, 28 Январь 2019 00:00

Етимнинг ҳаққи

Машҳур олимлардан бири Муҳаммад Ротиб ан-Набулусий шундай ҳикоя қиладилар: Кунларнинг бирида мен Дамашқ бозорида харид мақсадида юрган эдим, ногоҳон бир киши дўконидан ғазаб билан чиқиб, мени тўхтатиб, савол бера бошлади.

Мен бугун бир воқеъани эшиттим лекин, тушинмадим деди.

 Мен унга тушинмаган воқеъангни менга айтчи дедим.

Бир киши болаларига ҳалол ризқ талаб қилиб, Дамашқ бозорига мато сотгани келибди. Шунда ўша мато сотувчи ўқ овозини эшитиб қолиб, ким экан дея дўконидан чиқган экан отилган ўқлардан бири унга тегиб, натижада бирданига шол бўлиб қолибди. Ахир унинг гуноҳи нима? Бечора  ризқ излаб келган бўлса, дўкон очиб ишлаётган бўлса, ишлаш ибодат бўлса... Мен бу ҳолатни хечҳам тушина олмаяпман, ақлимга сиғдира олмаяпман деди.

 Мен унга билмадиму, лекин, сен ҳам, мен ҳам Аллоҳ ўз ишида адолатлилигини чуқур тушина олмаймиз. У учун бизда Аллоҳ таолонинг илми каби илм бўлиши керак дедим.

Бу воқеъадан 20 кун ўтди. Бир дўстимиз келиб, менга яқинда ўзи гувоҳ бўлган бир воқеъани айтиб берди.

 Бизнинг тепа қаватимизда яшайдиган бир қўшним бор эди. У етимларнинг молларини ер экан. Укаси ўлгач унинг болаларига қолдирган нарсаларини жабр ва бўхтон қилиш йўли билан олиб қўйибди. Етим болалар умид билан бир олим инсоннинг олдига бориб, амакисидан ўзларига тегишли бўлган нарсаларни шариъат йўли билан олиб беришни илтимос қилишибди. Олим инсон етимнинг нарсаларини олиб қўйган кишини олдига келиб, етим болларнинг нарсаларини қайтариб бер деб, дъват қилибди. У эса олимнинг бошига келиб, мен уларга ҳеч нарса бермайман деб туриб олибди. Шунда ҳалиги олим болажонларим бу сизнинг амакингиз унга шикоят қилманг, шикоятингизни Аллоҳ таолога қилинг дебди. Кўп ўтмай бозордалигида унга ўқ тегиб, шол бўлиб қолди деди.

Мен дўстимизга бу воқеъа қачон бўлган дедим.

У 19 кун бўлди, фалон бозорда деб айнан мендан сўралган ўқ еб, шол бўлиб қолган киши бўлиб чиқди. Кўрдингизми хеч бир айб жазосиз қолмайди. Хоссатан етимнинг ҳаққи. Етимнинг молини ейишнинг бу дунёдаги оқибатларидан бири бу. Охиратдагиси бунданда баттар бўлиши Қуръон ва суннатда очиқ баён қилинган.

Шундай экан азизлар! Етимнинг молини ейишдан эҳтиёт бўлайлик!

 

Манбалар асосида Тошкент шаҳаридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдураҳманов Яҳё

Понедельник, 28 Январь 2019 00:00

Кембрижда янги масжид очилади

Буюк Британиянинг Кембриж шаҳрида мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун жоме масжидининг очилишига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу масжид замонавий меъморчилик санъати жиҳатидан Буюк Британияда ўхшаши йўқ обида бўлади.

Бундан 40 йил олдин исломни қабул қилган, ҳозирда масжидлар масъуллари кенгаши раиси вазифасида ишлаётган Тим Уинтер масжид, асосан ҳомийлар ҳисобидан барпо этилаётганини айтган. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, масжид қурилиши учун 23 миллион фунт стерлинг маблағ сарфланган.

Янги масжид минг нафар намозхонга мўлжалланган. Масжид ҳовлисида авто ва бошқа уловлар учун ҳам махсус тураржой барпо этилган.

Масжиднинг ёрқин дизайнига шифтга ўрнатилган саккиз хил рангдаги ойналар, полга тўшалган Испания мармарлари ва Шимолий Ирландиянинг декоратив эман панеллари ўзгача шукуҳ бағишлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Россия Ҳаж миссияси ва Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги ўртасида жорий йилда учрашув ташкил этилди. Учрашувда вазир ўринбосари Абдулфаттоҳ бин Мулаймон Машшат иштирок этган. Россия делегациясига эса Чеченистон муфтийси Межиев Салах Митаевич бошчилик қилган.

Қрим Республикаси номидан муфтий ўринбосари Эсадуллаҳ Баиров ҳамда Қримда фаолият юритувчи Ҳаж оператори АВН-Тур компанияси раҳбари Артур Решитов иштирок этган.

Учрашувда зиёратчилар учун қулайликлар яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш масалалари муҳокама қилинган. Учрашувда транспорт ва ёқилғи тарифларининг ошиши, Мино ва Муздалифада чодирларда яшаш хизматларининг кўтарилиши масалалари ҳам муҳокама қилинган. Бунда зиёрат нархи 20 фоизга ошиши айтилган.

Бундан ташқари, учрашувда Россия Федерацияси республикалари учун квоталарни қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Қрим Республикаси учун 600 ўрин ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда Ҳаж зиёратига келишни истовчилар сони ошган. Шу мақсадда квота сонини 1000 тага етказиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top