muslim.uz

muslim.uz

Среда, 05 Декабрь 2018 00:00

«Сўраган эдингиз» I-II

«Сўраган эдингиз» рукни остида «Ислом нури» газетаси ва «Ҳидоят» журнали саҳифаларида сизни қизиқтирган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов берган жавобларни халқимиз бир неча йиллардан буён ўқиб-ўрганиб келмоқда.

Ушбу китобда ақида, таҳорат, ғусл, намоз ва бошқа ибодатларга доир масалалар юзасидан муҳим саволларга Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) асос солган ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбалари асосида тушунарли, қисқа ва аниқ жавоблар берилган.

Китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 6236-рақамли хулосаси асосида нашрга тайёрланди. 

Муаллиф: Усмонхон Алимов
Номи: «Сўраган эдингиз» I-II
Нашриёт: «Мовароуннаҳр» нашриёти
Сана: 2017 йил
Ҳажми: 384 бет
ISBN: 978-9943-12-416-5
Ўлчами: 60х90 1/16
Муқоваси: қаттиқ

Нашриётда сотув нархи: 32000 сўм

 

Среда, 05 Декабрь 2018 00:00

Хўп бўлади, ОНАЖОН

Она – ажойиб хилқат. Мўътабар зот.

Динимизда оналар эъзозланган, жаннат уларнинг оёқлари остида деб эълон қилинган.

Ота-онасини рози қилган инсондан Аллоҳ таоло рози бўлиши айтилган.

“Кимга яхшилик қилай?” деб сўраган саҳобага Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта “Онангга!” деб, тўртинчисида “Отангга ва яқин қариндошларингга!” дея жавоб берганлар.

Дунёда боласини ёмон кўрадиган, унга ёмонлик етишини истайдиган бирорта она йўқ.

Ҳеч бир она боласини қарғамайди. Хафа бўлиб, аччиқланса ҳам, тилининг учида танбеҳ бериб, уришади.   

Боласи жонидан тўйдириб юборган тақдирда ҳам онаизор қарғамайди. Мабодо боласининг озорларига сабр косаси тўлиб кетганда, боласини эмас, ўзини сўкади. “Сени туғмай мен ўлай” дейди.

Ҳа, она ана шундай меҳрибон, мушфиқдир.

Қиш фасли ҳам кириб келди. Совуқ ҳавода юпун кийиниб юрган инсон шамоллаб қолиши ҳеч гап эмас.  

Онангиз сизга “Болам, иссиқ кийиниб ол. Шамоллаб қолма” деса ва аёлингизга қараб, “Қизим ўғлимнинг жемперини, пальтосини олиб чиқинг, кийиб олсин” деганида, “Кийимим қалин бўлиб кетади, қўполлашиб кетаман, ҳаракатларим ноқулай бўлади. Ёш бола эмасман-ку! Шу яхши. Совқотмайман” деб волидангизнинг истагини ерда қолдирманг!

Меҳрга тўла юракларини эзманг!

Қўполлашиб кетсангиз ҳам айтган нарсаларини кийиб олинг!

Онангиз хурсанд бўлиши учун кийиб олинг!

Ҳаракатларингизда ўнғайсизлик сезсангиз ҳам онажонингизнинг гаплари ерда қолмасин!

Онангиз рози бўлиши учун қўполлашиб, қалинлашиб кетишга ҳам рози бўлинг!

Эртага чиндан ҳам ҳаво совиб, ўша жемпер ва пальтоларни кийишга эҳтиёжингиз тушганда, истасангиз ҳам, кутсангиз ҳам, соғинсангиз ҳам “Болам жемперингни кийиб ол, шамоллаб қолма” деган овозни эшитмайсиз.

Ҳозир бошингизда шундай овоз соҳибаси бор экан, Аллоҳ таолога кўп шукр қилиб, иссиқ кийиниб юринг!

Шу кичик ишни айтганларида ҳам “Хўп бўлади” деб, кўнгилларини кўтариб, кўплаб савоб ишлаб олишнинг пайидан бўлинг!

Онасининг овозини эшитишни соғинганлар, аммо эшита олмаётганлар қанча!

Аллоҳ таоло ота-онаси ҳаёт бўлган азизларимизнинг ота-оналарига узоқ умр, сиҳат-саломатлик берсин!

Ота-онаси вафот этган азизларимизнинг ота-оналарини раҳматига олиб, охиратларини обод айлаб, жойларини жаннатда қилсин!

 

 

Нозимжон Иминжонов

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2013 йилда мусулмон дунёсида барчанинг диққат-эътиборини ўзига тортган ажойиб бир хабар тарқалди. Ўша йили дунёга таниқли машҳур сураткаш Адел Қурайший ўзининг “Қўриқчилар” номли фотолойиҳасини ташкил этди. Унда Мадина шаҳри Масжиди Набавийдаги Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам дафн этилган қабр эшиги калитини сақлайдиган саккиз кишининг фотосурати оммага намойиш этилди.

 

 

Адел бу кўргазмани Мадина шаҳри ҳокимининг топшириғига кўра ташкил қилган эди. Маълум бўлишича, шу кунгача ушбу бахтли саккизта қўриқчидан бештаси ҳаёт экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн этилган жойдаги эшикнинг калитини сақлаш одати XII асрда бошланган экан. Хабарда айтилишича, калитни муҳофаза қилувчилар қадим асрлардан буён арабистондаги масжидларда дарвозабон ва қўриқчилик қилиш билан ном чиқарган ҳабашистонликларнинг авлодларидир.

Аделни ҳайратга солган ҳолат шундан иборат эдики, улар билан бўлиб ўтган суҳбатлар чоғида ён-атрофларида мутлақо енгиллик ва хотиржамлик ҳукмронлик қилишини ҳис этган.

“Бу ёрқин шахслар ажойиб энергия соҳиби эдилар. Улардан чиққан нурли ёруғлик хонани ёритиб турарди”, деб хотирлайди Адел Қурайший.

 

Islam.ru материаллари асосида тайёрланди

 

Манба: https://islom.uz 

Среда, 05 Декабрь 2018 00:00

Буюк муфассирнинг камтарлиги

Насабшунос олим Исмоил ибн Ҳусайн Ғанавий ҳикоя қилиб айтадилар:

“Машҳур муфассир олим Фахруддин Ар-Розий (маълумот ўрнида айтамиз: бу киши “Ат-Тафсийр ал-кабийр” ёки “Мафотийҳул ғойб” номли тафсир китобини ёзганлар) Марв шаҳрига келдилар. У киши қадри баланд, номи машҳур, виқорли, ҳайбатли киши эдилар. Шу даражада катта олим эдиларки, у кишининг айтган гапларини рад этиб бўлмас, ҳузурларида биров чуқурроқ нафас олишга ҳам журъат этмас эди.

Марвга келган кунларидан бошлаб улуғ олимнинг олдида дарс ўқишга интилдим. Дарс кунларининг бирида менга: “Талабаларнинг насаби ҳақида бир ажойиб китоб ёзиб берсанг дегандим. Кейин мен ўша китобнингни ўқиб, ёдлаб олардим” дедилар.

Мен устоз айтганларидек қилиб насаблар борасида бир китоб ёзиб бердим. Китобни олиб келиб, у зотга узатганимда, ўтирган курсиларидан пастга тушдилар ва ердаги бўйра устига ўтирдилар. Менга қараб: “Анави курсига бориб ўтир!” дедилар. Мен бундай қилишни ўзимга эп кўрмай, бош тортдим. Устоз мени койидилар, хафа бўлиб, баланд овозда “Айтган жойимга ўтир!” дедилар. Ҳайбатларидан чўчиб, у киши айтган курсига бориб ўтирдим.

Кейин олдимда ўтирганча менинг китобимни ўқий бошладилар. Ора-орада тушунмаган жойларини мендан сўраб қўярдилар. Шу тарзда китобни охиригача ўқиб тугатдилар. Кейин менга қараб “Ана энди истаган жойингда ўтиравер! Бу насаб илмида сен менга устозсан. Мен эса бу борада сендан фойдаланаман, сенга шогирд ҳисобланаман. Шогирд устозидан пастроқда, олдида ўтириши одобдандир ” дедилар”.

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Top