muslim.uz

muslim.uz

Ташриф чоғида меҳмонлар таълим муассасаси фаолияти, жумладан, ўқув жараёнлари, маънавий-маърифий ишлар билан яқиндан таништирилди. Шундан сўнг, Танзила Камаловна  билим юрти педагог-ўқитувчилари ва талаба қизлари билан самимий суҳбат олиб борди. Суҳбат жараёнида жамиятда, хусусан, аёл-қизлар ўртасида долзарб ва муҳим бўлган муаммолар, улар орасида юзага келаётган қийин вазиятлар ҳақида маълумотлар бериб, бугунги кунда ечимини кутаётган кўплаб ижтимоий масалалар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида диний ва дунёвий билимлар бериладиган ушбу таълим муассасасининг ўқитувчи ва мураббийлари ҳамда  талаба қизларининг  ўрни жуда муҳим экани, улар билан биргаликда жамиятдаги аёл-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини яратишга, оилаларда мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этишга, ёш қизларни катта ҳаётга ва оила қуришга тайёрлаш  каби масалаларни таъкидлаб ўтдилар. Психолог Р.Тўрахўжаева эса талаба қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган қизиқиши, келажакдаги режа ва мақсадлари, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида савол-жавоб ўтказди.

Суҳбат сўнгида, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Камаловна Норбоева ва унинг ўринбосари Мукаррам Ахмедовна Нурматовалар, жамиятдаги ўз ечимини кутаётган турли муаммолар, хусусан, аёллар орасида тарқалган ўз жонига қасд қилиш, турли бидъат-хурофотларга барҳам бериш, ёш оилалар бузилишини, “оммавий маданият” ҳолатларини олдини олиш, ота-онага бўйсунмаслик, ватанга хиёнат, экстремизм ва терроризм ҳамда ёт ғояларга қарши курашиш борасида билим юрти билан мунтазам равишда ҳамкорликда иш олиб бориш, жойлардаги таълим муассасаларида, айниқса, жамиятнинг муҳим бўғини саналган маҳаллаларда билим юрти мударрисалари ва талаба қизлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, учрашувлар ўтказиш, бундай ишларнинг ҳам маънан ҳам диний жиҳатдан тўғри эмаслигини тушунтириш, ёшларда ватанга бўлган муҳаббат туйғусини шакллантириш зарурлигини қайд этиб ўтдилар.

Танзила Норбоеванинг билим юртига ташрифи талаба қизларда катта таассурот уйғотди. Бош вазир ўринбосари томонидан билим юрти талаба қизларига юртимиз равнақи ва илм-фанига ўз ҳиссаларини қўшиш, келажакда улардан диний соҳада улкан натижалар кутилаётгани ҳақида тўхталиб, уларга катта ишонч билдирилди.

Шунингдек, Т.Норбоевага ҳар қандай вазиятда ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда мурожаат қилишлари мумкинлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳар доим ёрдамга тайёр эканини,ҳар қандай ижобий фикр ва таклифлар, инновацион ғояларни қўллаб қувватлаш тарафдориэканини айтиб ўтди.

Матбуот хизмати

Понедельник, 08 Октябрь 2018 00:00

Оила бегига ўн беш насиҳат!

1.Уйдан чиқаётганингда аёлингга: Яхши қолинг, деб чиқ. Ҳамиша унинг кўнглини ҳушнуд эт! 2.Сени кутиб кўзи тўрт бўлмасин, вақтлироқ уйга кел! 3. Ташқаридан еб-ичганларингдан уйингга ҳам олиб кел! 4. Аёлингни хато-камчиликларини бошқаларга айтма, яхшилик фазилатларини эсла! 5.Уйингни сарф-харажатсиз қолдирма, улар бошқаларга муҳтож бўлишмасин! 6. Ишхонангдаги ноҳушликларни уйга келиб айтма. Уйинг севинчга тўлсин! 7. Тўй ёки саёҳатга борганингда иложи бўлса, аёлингни ҳам олиб бор!  8. Уйга салом бериб ва табассум билан киргин. Уйдагиларинг келганингдан севинишсин! 9.Уйингни Қуръонсиз, китобсиз ва намозсиз қолдирма. Бомдодга турганингда оила аъзоларингни ҳам ўйғот. Раҳмат ва баракот кун бўйи сиз билан бирга бўлсин! 10. Ғайратли бўл, рашқли бўл. Бироқ ноўрин гумон ва шубҳага борма. Айб-камчилик қидиришдан сақлан! 11. Инсофли бўл, аёлинг кучи етмайдиган ишларни унга буюрма. Керак бўлганида унга ёрдам бер! 12. Қарорларингда аёлинг билан ҳам маслаҳатлашишни унутма! 13. Кутилмаган совғалар бериб, кунглини олишни бил! 14. Дунё уйига кириш дунёга муккасидан берилиш эмас, охиратни унутма!  Дининг, ватанинг ва инсоният учун меҳнат қилишни унутма! 15. Озгина ҳалол даромад кўп ҳаром фойдадан яхшидир. Ҳаром луқма ема, хотининг ва фарзандларингга ҳам едирма!!

Хайруллоҳ Саттаров,

Ҳикматлардан

ЎМИ матбуот хизмати

 

Манба: http://kamolon.uz/

Понедельник, 08 Октябрь 2018 00:00

Фаросат – ярим каромат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил мўмин кишиларга бериладиган кароматлардан бирини шундай баён қилганлар:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  ‘‘Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ‘‘Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури ила назар солади’’, – дедилар, сўнгра ‘‘Албатта, бу (ходиса) да  фаросатли кишилар учун аломатлар бордир’’ оятини ўқидилар’’ (‘‘Сунани Термизий’’да келган).

Шарҳ:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам комил ва мухлис банданинг Аллоҳ таоло томонидан иззат-икром қилинишини, унга ҳақ билан ботил орасини ажратиш  форосати берилишини хабар бермоқдалар. У зотнинг: ‘‘Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар’’, дея буюришларидан қуйидаги маънолар ирода қилинган: маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар, эҳтимол, мўмин киши халойиқдан яшираётган нарсаларингизни билиб турар, натижада, унинг олдида шарманда бўласизлар. Чунки комил мўмин киши сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таола чароғон қилган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади. Фаросат луғатда ‘‘фаҳмлаш’’, ‘‘ўткир ақл’’ маъноларини англатади. Шунинг учун ҳам халқимизда ‘‘Фаросат ярим каромат’’ деган ҳикматли сўз бор. ‘‘Туҳфатул аолий’’ китобида фаросат турларга ажратилиб шарҳланган:

Фаросатнинг турлари:

  1. Иймоний фаросат;
  2. Риёзий фаросат;
  3. Холқий фаросат.

Иймоний фаросат – банда қалбига солган Аллоҳ таолонинг нури бўлиб, қалбни чулғаб оладиган идрокдан бўлади. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунчалик ўткир бўлади.

Риёзий фросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ўзини ҳилватга олиб ёлғиз бўлиш каби ишлар билан ҳосил бўлади. Мазкур ишларни қилиш натижасида кишида фаросат ва атрофидаги нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунчалар юзага келади. Ушбу фаросат фақатгина мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан кофир кишида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам валийликка ҳам далолат қилмайди, шунингдек, ҳақиқатни ҳам, доимо тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.

Холқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақазо қилган боғлиқликлардан ҳулоса чиқариш истеъдоди бўлиб, мазкур боғлиқликларни илғай олган кишиларда ҳосил бўлади.

Каромат тушунчасининг ғайриоддий ишларга қўлланилиши ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган: ‘‘Кароматнинг ғайриоддий ишларга нисбатан қўлланилиши мажозийдир. Зеро, Аллоҳ таоло ана шундай ғайриоддий ишларни тақводор мўмин учун иззат-икром сифатида зоҳир қилади. Кароматнинг зоҳир бўлиш ҳикмати эса валийнинг дунёда зуҳдга бўлган азму қарорини кучайтириш ҳамда уни нафсу ҳаво чақириқларидан ажратишдир’’.

Ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, валийлар Аллоҳ таолонинг дўстлари бўладилар,  улар тарафидан содир бўладиган ғайриоддий ишлар Аллоҳ таолонинг уларга берган инъоми бўлади. Улар бу мукофотларга шариат ҳукмларини яхши биладиган ва уларга қатъий амал қиладиган олим бўлганлари сабабли эришганлар. Чунки шариат аҳкомларини яхши тушунмаслик ва тушунишга жиддий ҳаракат қилмаслик Аллоҳ таолонинг дўстлари шаънига тўғри келмайди. Қолаверса, жаҳолат билан қилинган амалларда шариат кўрсатмаларидан чиқиб кетиш кўп учрайди. Шариат кўрсатмаларига номувофиқ ҳолатда риёзат чекиш эса тоат бўлмайди. Сўфи Оллоёр бобомизни Аллоҳ раҳмат қилсин, бу масалани икки оғиз сўз билан қалбга нақшлаб қўйган

Шариат ҳукмидин ташқи риёзат

Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат

Яъни қанчалик машаққат билан қилинган бўлмасин шариатга тўғри келмаган риёзат ибодат саналмайди. Балки бемаъни ҳатти-ҳаракатлар бўлади. Тоат ибодат учун аввало шариат ҳукмларини ўрганиш лозим.

 

‘‘Эътиқод Дурдоналари’’ китоби асосида
Нуриддин Акромов тайёрлади
 

ЎМИ матбуот хизмати

Понедельник, 08 Октябрь 2018 00:00

Ҳотиржамлик керакми ёки қарзми?

Ҳар бир инсон қўлларини баланд кўтарибми ёки ғойибона бўлса ҳам дуо қилганида барча яхши тилаклар дилидан ўтади, айниқса, Аллоҳ таолодан икки дунё ҳотиржамлигини сўраб, қалбларига офият сўрайди. Аслида ҳотиржамлик инсонга йўлдош қилиб берилган бўлади, одамзод эса дунё зийнатига бўлган муҳаббати туфайли ўзидан хотиржамликни қочиради.
Инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий олам ўзаро боғланиб, бу икки оламда юз берадиган ўзгаришларни мувозанатда сақлай билиш бу катта маҳоратдир. Инсоннинг белгиланган умрини босиб ўтадиган даврида моддий ва маънавий мувозанатни сақлай билиши учун ҳотиржамлик неъматини ўзидан узоқлаштирмасдан, уни маҳкам тута билишлик керак.
Ҳозирда ҳотиржамлик аталмиш улуғ неъматга қарама-қарши туриб уни емираётган қарздорлик кўприги вужудга келган бўлиб, унинг кенгайиши тоборо ортиб бормоқда. Бунга сабаб, орзу-ҳавасга берилиб, фарзандларининг камолини янада баландда кўрай деб, дунё зийнатларига учиб, моддий эҳтиёжларини устун қўйиб, руҳий оламига қарама-қарши туриб қарзсиз яшай олмаётган кишиларнинг орамизда кундан — кунга кўпайиб кетаётганини кўриб турибмиз. Албатта қарз олаётган кишиларнинг баъзилари ўзларининг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, баъзилари кўр-кўрона, айримлари эса кимнингдир маблағи эвазига ўз-ўзини моддий бойликларга қондириб олганидан хурсанддек қарз кўпригидан юришда давом этаверадилар. Бундай қарз олувчилар “Қарз қачондир узилади, керак нарса ёнга қолади” иборасини кўп қўллашларини эшитиб ҳам қоламиз. Насияга нарса олиш, кимдандир қарздорлигини доим эслаб ва бундай қарздорлик ҳисси қон-қонга сингиб кетган инсоннинг иймони емирилиши турган гап. Аҳир инсоннинг белгилаб қўйилган ризқи зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди. Бу ҳақда, Қуръони каримда “Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз” (Зухруф сурасининг 32-ояти) дейилмоқда. Хўш, қарздорликдан қочиш ўрнига, ўзининг белгилаб қўйилган ризқини бошқа бир мўмин биродарининг эвазига қондириши иймонли-мўминнинг ишими? Ҳеч ким кимдир қарз сўраб қолса бериб турарман деб маблағ тўпламайди. Лекин қарз олиш илинжида юрган одамларни нақадар ёлғончиликка берилганини, ўзини йўқчиликка тушиб қолгандек тутишлари ажаблантиради. Бошқаларга зарар келтириш эвазига, ўзининг ишларини уддалаган инсонлар яна қанча? Боридан қаноатланиб, сабр-матонат билан, қарздорликсиз фарзандларини олий маълумотли, ҳунарманд қилиб иймон-инсофли қилиб тарбиялаб, ҳалол ризқ билан яшаб келаётган оилалар ҳам борку.
Ота-оналаримизнинг турмушда қийналиб қолишганларида бирор бир бурда нончалик қийматга эга бўлган буюмдан ҳам қарз бўлиб қолганлиги ва ана шу қарздорликдан ўзларини хижолатда сезишиб юрган ҳолатлари хали-ҳанузгача ҳеч ҳаёлимдан чиқмайди. Уларда “Қарз қарзни чақиради” деган ибораларни ишлатишлари ёки олган қарзлари эвазига аянчли ҳолатга тушишлари, гўёки Аллоҳ таолодан қаттиқ уялгандек ўзларини тутишлари ва бизларга ҳам “қарзсиз яшай олишни бил” ва “ризқ-насибангда сабрли бўл” деб уқтиришлари ҳамон ҳаёлимда. Аҳир Аллоҳ таоло сабр улкан ҳислатлардан эканлигини “Сабр қилинглар, албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” – деб, (Анфол сураси 46-ояти) уқтириб, мўминлар шу сифатни ўзлаштириб олишлари шартлигини таъкидлайди. Аслидачи, ўзида йўқ маблағ эвазига олдиндан моддий манфаъат кўришни хохловчилар ортиб бормоқда. Ўша қийинчилик даврларини бошидан кечирган ота-оналаримизнинг ўгитларини ҳозирда саробга айлантириб, қарз деб аталмиш уммонга чўкиб, оиладаги фарзандларига ҳам қарздорлик касаллигини юқтириб, ҳотиржамлик неъматини йўқотиб қўяётганлар ҳозирда оз эмас. Қарздорлик натижасида уйқунинг равонлиги йўқолиб бундан ташқари ўзининг саломатлигига, руҳиятига, оилавий шароитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни зиммасига олиб, қарздорлик кўпригида юриш шартми? Ҳотиржамликнинг қадр-қимматини барчамиз жуда яхши билсакда уни ўзимиз йўқотамиз. Инсон дунё зийнатлари деб, ўз-ўзини қийнаш билан кун кўрадиган бўлиб қолгандек гўё.

Ҳадиси шарифларда ҳам тинчлик ва ҳотиржамлик мавзуси алоҳида муҳим ўрин эгаллаган. Росулуллох с.а.в. айтадиларки: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Буҳорий ривояти).

Салмжон  Юнусов,

Избоскан туман бош имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

Top