muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваровнинг Ўмон Султонлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад бин Саъид бин Муҳаммад Ал Лаватий билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўмон Султонлигининг Тошкентдаги элчихонасида самимий тарзда ўтказилган учрашувда сўнгги йиллардаги Ўзбекистон ва Ўмон мамлакатлари ўртасидаги ривожланиб бораётган алоқалар, илмий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик, шу жумладан “Ал-Беруний кутубхонаси” лойиҳасига юқори баҳо берилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ҳақида батафсил маълумот берилиб, Марказнинг тарихий-илмий манбаларини шакллантиришда Ўмон томони билан ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилди.
Элчи Муҳаммад бин Саъид бин Муҳаммад Ал Лаватий бутун ислом олами мероси ҳисобланган Ўзбекистоннинг бой илмий, диний, маърифий манбаларини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб қилиш, келажак авлодга етказишдек савобли ва масъулиятли ишда Ўмон Султонлиги ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Самарқандда 19-23 июнь кунлари умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанлари бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро танловда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан вакиллар иштирок этаётир. Илк бор ташкил этилаётган халқаро олимпиадада ушбу мамлакатлардан 45 нафар истеъдодли ўқувчи физика ва астрономия фанлари бўйича билимини синовдан ўтказади.

20 июнь куни олимпиада иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейига ташриф буюриб, буюк астроном ҳайкали пойига гуллар қўйди. Меҳмонларга мазкур масканнинг яратилиш тарихи, буюк бобокалонимиз томонидан самони ўрганиш борасиди олиб борилган изланишлар ҳамда музейда сақланаётган ноёб ашёлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Кечки пайт Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида халқаро олимпиаданинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Ўзбекистон нафақат Шарқ, балки умумжаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлгани халқаро миқёсда эътироф этилган. Бу заминдан етишиб чиққан Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек сингари алломалар ўз илмий изланишлари, фан оламидаги янгилик ва ихтиролари билан умумбашарият тараққиётига бемисл ҳисса қўшган. Аждодларимизнинг ибратли ҳаёти, серқирра фаолияти, илм-фан ривожи йўлидаги ишлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.

Буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳам ўз даврида илм-фан ҳомийси сифатида дунёнинг турли мамлакатларидан олимларни Самарқандга чорлаб, астрономия, математика фанлари бўйича муҳим тадқиқотларни амалга оширган. Бу қадимий кентда дастлабки олий таълим даргоҳи – мадрасаи олия ташкил этган. Унда ўз даврининг етук олимлари риёзиёт, ҳандаса каби аниқ фанлар соҳасида изланишлар олиб борган. Биргина “Зижи жадиди кўрагоний” асари Мирзо Улуғбекнинг дунё астрономияси тараққиётини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди.

Давлатимиз раҳбари ғояси асосида ташкил этилган мазкур халқаро олимпиада буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ўқувчилар учун хорижлик тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади. Назарий ва экспериментал босқичда ўтказиладиган олимпиада ишитирокчиларининг билими жаҳонда таниқли экспертлар, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, нуфузли олимлар томонидан баҳоланади. Ғолиблар ва совриндорлар ташкилий қўмита томонидан олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.

 Ўзбекистондан қатнашган халқаро олимпиада ғолиблари юртимиздаги олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади. Мазкур олимпиадани кейинчалик ҳар икки йилда анъанавий тарзда ўтказиш кўзда тутилган. Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий объектларга саёҳати, юртимиз ёшлари ҳаёти, таълим жараёни билан ҳам яқиндан танишиши, шунингдек, турли маданий-маърифий учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
– Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ташкил этилиши бу буюк аллома илмий меросини ўрганиш учун ҳам катта имконият яратди, – дейди Назарбоев номидаги Чимкент кимё-биологияга ихтисослашган мактаб ўқитувчиси Айнур Смагулова. – Чунки, биздаги дарсликларда Мирзо Улуғбекнинг астрономия фанидаги ўрни ҳақида маълумотлар келтирилган бўлса-да, улар жуда кам. Бугун Улуғбек расадхонаси ва музейи билан танишиб, кўп янги маълумотларга эга бўлдик.  Тадбир доирасида юртимиз маданияти ва санъати ўз ифодасини топган концерт дастури намойиш этилди.

21 июнь куни Самарқанд давлат университетида халқаро олимпиаданинг биринчи босқичи ўтказилади.

 

Ғолиб ҲАСАНОВ

Манба: ЎзА

Венгрия Республикаси Парламенти ноқонуний тарзда мамлакатга келган қочоқларга кўмак берганларга нисбатан жиноий жавобгарликни жорий этиш тўғрисидаги қонунни тасдиқлади. Бу ҳақда "Reuters" агентлиги хабар берди.

Бу қонун мамлакатда авж олган "Сорос фондини тўхтатиш" кампанияси доирасида қабул қилинди. Маълум бўлишича Сорос фонди ноқонуний муҳожирларга кўмак кўрсатган.

Венгрия ташқи ишлар вазирининг фикрига кўра, Венгрия иммигрантлар мамлакатига айланмаслиги керак. Европалик экспертлар эса Венгрия ҳукуматининг бу қарори Европа Иттифоқи сиёсатига тўғри келмайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 22 Июнь 2018 00:00

Жониворлар ҳақлари

Ҳаётда шундай инсонлар борки, ҳар хил жониворларни сақлаш, боқиш улар ҳаётининг бир қисмига айланган. Баъзилар паррандаларга ошиқ. Каптар боқади, сайроқи қушлар шайдоси бўлади, турли зотдор хўрозларсиз яшай олмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Яна кимдир от, ит, мушук каби ҳайвонларни парваришлаб завқланади.

Аллоҳ ер юзидаги барча жониворларни инсоният манфаати учун яратганига шубҳа йўқ. Шундай экан, инсон шариат доирасида ўзи учун лозим топган жониворларни сақлаб завқланиши, боқишига монелик йўқ. Лекин инсоният ҳаётини Ўзининг илоҳий қонунлари билан ҳадлаб қўйган Раббимиз – Аллоҳ қўл остимиздаги жониворлар учун ҳам бизнинг зиммамизда бир қанча ҳақ-ҳуқуқларни белгилаб, унга риоя этиш масъулиятини биз бандаларига юклаб қўйган.

Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисида келтирилишича Расулуллоҳ жониворларни бир-бирига гиж-гижлаб уриштиришдан қайтарган эканлар. Шу мазмунли ҳадисга Муҳаммад Ходимий изоҳ берар экан айтади: она тарафдан бобом Зайнуддин Ироқий қўчқор уриштириш, хўроз уриштириш каби ишлар шу ҳадисга дохил бўлади, деганлар.

Шунингдек, жониворларни қафас ё катакка қамаб қўйиб қийнаб ўлдиришдан, айниқса, ўқотар қуролларга нишон сифатидан боғлаб қўйиб ўлдиришдан ҳам шаръан қайтарилганмиз. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жони бор ҳайвонни қуролга нишон қилиб ўлдирганларни лаънатлаган эканлар.

Имом Биргивий “Тариқа”да айтишича, фуқаҳолар жониворларга озор бериш инсонга озор беришдан кўра оғирроқ гуноҳ эканини таъкидлаганлар. Чунки жониворга озор берган инсоннинг қиёматда азоб тортиши муқаррар экан. Имом Биргивийнинг сўзларини Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича изоҳлайди: Қиёмат куни инсонларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқулари уч хил услубдан бири билан ҳисоб-китоб қилинади:

  1. Озор кўрган жабрдийдага золимнинг яхши амалларидан олиб, унинг ҳаққи ундириб берилади;
  2. Агар золимнинг амал дафтарида яхши амаллар умуман топилмаса, ёки озроқ бору бироқ, у мазлумнинг ҳаққини тўлашга етарли бўлмаса, бу вазиятда мазлумнинг гуноҳларидан олиб золимга юклаб қўйилади;
  3. Агар юқоридаги икки тариқдан бири билан ҳисоб китоб қилиш имкони бўлмаган тақдирда мазлумга золимникидан кўра юксакроқ даражалар берилиб, уни рози қилинади.

Энди, инсонлар билан жониворлар орасидаги ҳақ-ҳуқулар масаласини ҳал қилишда юқоридаги уч хил кўринишнинг бирортаси иш бермайди. Чунки, дунё ҳаётида жониворларга озор берган инсонларнинг савобларидан олиб ҳайвонларни рози қилиш учун жониворларга қиёматда савобнинг аҳамияти бўлиши керак. Улар жаннат ё дўзаҳга киритилмагани учун уларга савобнинг заррача қиймати йўқ. Шундай экан, уларни савобимиздан бериш билан рози қила олмаймиз.

Иккинчи усул ҳам фойдасиз. Яъни, жониворларнинг дунёда қилган гуноҳларини ўз бўйнимизга олиб уларни рози қиламиз десак, уларда гуноҳнинг ўзи йўқ. Чунки гуноҳ шаръий мажбуриятларга мукаллаф бўлган инсон ва жинларда бўлади. Ҳайвон ва паррандалар эса мукаллаф эмас. Шундай экан уларда гуноҳ нима қилсин?!

Учинчисини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди, дунёда биздан озор топиб ҳақдор бўлиб қолган ҳайвонларни рози қилиш учун ларга жаннатда олийроқ мақом бериб, биз инсонларни улардан пастда қолдириб рози қилиш учун ҳайвонлар ҳам жаннатий бўлиши керак. Ваҳоланки, юқорида айтганимиздек жониворларга жаннат-дўзах деган тушунчани ўзи йўқ.

Энди инсондан озорланган ҳайвон ё паррандани рози қилишнинг ягона йўли бу—ўша жонивор то рози бўлгунига қадар инсонга азоб беришдир. Бошқа йўл йўқ. Охиратдаги азобнинг дунёдагига нисбатан нечоғли зиёда эканини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундай экан, инсонга озор беришдан кўра, жониворларга озор бериш оғирроқ ҳисобланади.

Жониворларни ҳар хил қийноқлар билан ўлдириш, ем-ҳашак, дон-дун ва сувларини вақтида бермаслик, касалга чалинганда даволатмай ўз ҳолига ташлаб қўйиш, бир-бирлари билан шунчаки завқланиш мақсадида уруштириб ўйнаш каби ишлар жониворларга ноҳақ озор бериш турларидандир.

Муҳаммад Ходимийнинг “Бариқа” асари асосида,
Ботиржон қори
тайёрлади

Манба: vakillik.uz

 

Бугун, 21 июнь куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Қирғизистоннинг «Имом Аъзам» мадрасаси мударрис ва талабалари таниқли уламо марҳум Анвар қори домла Турсуновнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш мақсадида «Минор» жоме масжидида бўлдилар. Қардош миллат вакилларини масжидда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов кутиб олдилар. Уламолар таниқли олим, ўткир воиз Анвар қори домланинг вафоти муносабати билан ўзбек халқига ўзларининг чуқур ҳамдардликларини билдирдилар. У киши нафақат Ўзбекистонда, балки, қўшни давлатларда ҳам кўплаб мусулмонларнинг меҳрини қозонган, ёшлар тарбиясига жиддий аҳамият қаратадиган, дину-диёнат йўлида фидоий зот бўлганликларини айтдилар.

Эргашали домла Рустамов марҳум устозимизнинг баракали умрлари, диний-маърифий йўналишдаги серқирра фаолиятлари, эзгу фазилатлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Меҳмонлар масжидда Пешин намозини адо этишгач, Анвар қори домла қабрларини зиёрат қилиш учун «Минор» қабристонига йўл олдилар. Талабалар Қуръони каримдан тиловатлар қилдилар. Устозлари марҳум ҳақларига дуолар қилдилар.

Аллоҳ таоло домламизни қабрларини мунаввар этиб, охиратларини обод этсин.

 

 

 

Манба: http://minor.uz

Top