muslim.uz

muslim.uz

Лимоннинг ҳуштаъмлиги инсонларга завқ бериши билан бирга шифобаҳшлиги кўпчиликка маълумдир. Халқ табобатида лимон  қон босими кўтарилганда,  ошқозон-ичак касалликларида,  подагра, атеросклероз,  ўпка сили,  нафас йўллари шамоллаганда, гепатит, бавосир, сийдик йўлларидаги  тошларни эритишда,   тана ҳароратини туширишда, бод касалликларини даволашда ишлатилади. Лимоннинг ҳиди асабларни тинчлантириш хусусиятига эгадир.  Гулини ҳидлаш эса ҳомиладор аёллардаги токсикознинг енгил кечишида ёрдам беради.

Лимон – рутадошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 2-3,5 метргача бўлади. Гуллари  майда, оқ, ҳиди хушбўй.  Лимон меваси таркиби эфир мойи, органик кислоталар, қандлар,  каротин,  пектин, флавоноид, темир, фосфор, калий, кальций, магний  ва бир қатор витаминлардан иборат.   

Лимоннинг сиқиб олинган суви:

  • рангни тоза қилиб, сепкилни кетказади;
  • тери касалликларидан темираткига суртилса даво бўлади;
  • кўзнинг сариқлигини кетказади;
  • гипертонияда қон босимини мўътадиллаштиради;
  • гепатит (сариқ касаллиги) да ёрдам беради;
  • меъдани тоза қилади.

Лимон шарбати:

  • иштаҳани очади;
  • безгак билан оғриган беморларнинг ҳароратини туширишда ёрдам беради;
  • ошқозон-ичак касалликларида, ҳазмни яхшилаш учун ичилади;
  • организмда минерал тузларнинг алмашинуви бузилганида даво бўлади;
  • ангина, фарингит, грипп ва нафас йўлларининг шамоллашида ишлатилади;
  • лимон шарбатини уч-тўрт қошиқ наҳорда истеъмол қилиш организмдаги ўсмалар ўсишини тўҳтатиши мумкин.

Барглари:

  • меъда ва ички аъзоларини кучли қилади;
  • гипертонияда;
  • қанд касаллигида даво бўлади.

 Гули:

  • Гулини ҳидланса кайфиятни кўтаради;
  • Ҳомиладор аёлларда токсикознинг енгил кечишида ёрдам беради.
  •  

Лимоннинг ёғи:

  • асабнинг бўшашганида ёрдам беради;
  • фалажга даво бўлади.

 

Лимон қобиғи:

     -    қобиғини оғизда тутиб турилса, ҳидни кетказади;

     -    кийимга қўйилса куя тушишдан сақлайди;

     -    турли кондитер пишириқлар пиширишда ҳам фойдаланилади;

     - лимон қобиғини қуритиб, қуруқ чой идиши ичига солинса, чой дамлаганда ҳушбўй ҳид келиб туради.

Лимон ўсимлигининг барглари, новдалари, мева қобиғидан эфир мойи олиниб, ундан озиқ-овқат, парфюмерия ҳамда фармацевтика соҳасида ишлатилади. Фармацевтика соҳасида лимоннинг эфир мойидан айрим дори-дармонларнинг таъмини яхшилашда фойдаланилади. 

САЛОМАТЛИК УЧУН  ОДДИЙ ТАВСИЯЛАР: 

Танадаги тузларни ҳайдашда -  уч дона лимонни пўстлоғи билан ва 150 грамм тозаланган саримсоқпиёзни қиймалагичдан чиқарилади. Сўнг 1 литрли шиша идишга солиб, устидан 0,5 литр қайнатиб, совутилган сув қуйилади. Бир суткадан кейин докадан ўтказиб, хомашёни сиқиб олгач, банка қопқоғини маҳкам ёпиб,  қоронғи жойда сақланади. Даво учун ушбу суюқликдан ҳар куни эрталаб 50 мл.дан ичинг.

Юрак қувватли бўлиши учун – 6 лимонни қобиғи билан  қиймалагичдан ўтказилади ва 1  кг асал билан аралаштирилади, 1 бош саримсоқпиёзни майдалаб, қўшилади. Аралашмани шиша банкага солиб, қоронғи, салқин  жойда 1 хафта сақланади.  Ҳар куни наҳорга 1 ош қошиқда истеъмол қилинади.

Уйқусизликда  -  бир стакан минерал сувга бир ош қошиқ асал, яримта лимон шарбатини аралаштириб, эрталаб оч қоринга 7 кун давомида ичилади.

Тузларни эритишда – 250 грамм петрушка барги ва илдизи, 150 грамм лимон пўстлоғини қиймадлагичдан ўтказилади. Унга 300 грам асал қуйиб аралаштирилади. Аралашмани 1 кун тиндирилиб, бир кунда 3 маҳал овқатдан  бир соат олдин  1 ош қошиқдан истеъмол қилинади. Даволаниш муддати 3 ой. Сўнг бир ой танаффус қилиб яна такрорланади. Жами муолажалар сони 3-4 тага етказилади.

Бош мияни озиқлантириш учун – 150 грамм қирғичдан чиқарилган олмани  2 чой қошиқ лимон суви ва 2 чой қошиқ асалга аралаштирилади. Аралашмага 10 та ёнғоқни майдалаб қўшилади. Бир киши учун бир кунлик  миқдор.

 

                  Мунира АБУБАКИРОВА

“Шаҳмат” сўзининг маъноси “шоҳмот” яъни шоҳ мот бўлди, юришга йўл топа олмай қолди, деганини деярли ҳамма билади. Ана шу ўйинни қадимги ҳиндистонликлар ўйнаган. Аммо уларнинг ўйини бугун ўйналаётган шаҳматдан катта фарқ қилган. Шаҳматнинг замонавий ўйини вариантини мусулмонлар, яна ҳам аниқроғи, форслар ўйлаб топган ва бу ўйин дастлаб мусулмон ўлкаларига тарқалган. Х асрда мавританияликлар шаҳмат ўйнашни испанияликларга ўргатган ва шу тариқа, шаҳмат қадам-бақадам Европага кириб борган.

 

Дунёдаги йирик ижтимоий тармоқлар террорчиликка қарши Глобал интернет форум ташкил этиш ҳақида эълон бердилар. Бу майдонга Facebook, Microsoft, Twitter ва YouTube чиқишди.  Бундан кўзланган мақсад террорчиликка оид манбаларни, шунингдек, хавфли минтақаларда қўлланиши кўзда тутилган янги услубларга оид умумий маълумотлар базасини ташкил этишдан иборат.

Асосан, террорчиликни тарғиб этиш руҳидаги ҳар қандай материал ўчириб ташланади. Бу борада ижтимоий тармоқларнинг раҳбарлари ўзаро фаол ҳамкорлик қилади ҳамда террорчиликка қарши халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан маълумот алмашиб боради.

Йирик интернет-ресурсларнинг бу қарорини БМТ қўллаб-қувватлади. БМТнинг террорчиликка қарши курашиш қўмитаси ижрочи директори Жон-Поль Лаборд таъкидлашича, террорчилик бу –  фақат бир ёқадан бош чиқариб бартараф этиш мумкин бўлган глобал таҳдид, БМТ  бу таҳдидга қарши бўлган хусусий секторлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

 

Вторник, 04 Июль 2017 00:00

Навбатдаги ўқувлар бошланди

2017 йилнинг 2 июль куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг навбатдаги босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Марказ директори Ш.Зиёдов қатнашиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри имом-хатибларидан иборат тингловчилар билан суҳбат ўтказилди.

Унда диний уламолар ва имом хатибларнинг олдида турган долзарб вазифа ва масъулиятлар, юртимизда шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ҳамда тараққиёт ишларида ҳар бир ходим ўз билим ва кўникмалари билан муносиб ҳисса қўшиши хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, бузғунчи, террорчи ва экстремистик гуруҳлар фитнаси, уларнинг кирдикорлари ва вайронкор ғояларидан ёшларни огоҳ этишда, айниқса, имом-хатиблар янада шижоатли ва ғайратли бўлиши, бепарволик ва лоқайдликка йўл қўймаслик лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

3 июль куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуида маъруза қилди.

Тингловчилар дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлаб юборишди.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

 

Руҳиятшунослар муваффақиятга эришишнинг асосий омили сифатида оптимистликни кўрсатадилар. Янги тадқиқотлар натжасида оптимистлик касалликларни даволашда ҳам асқатиши  аён бўлди. Торанто ва Калифорния университети тадқиқотчилари шахснинг оптимист бўлиши унинг иммунитет тизимини қувватлантиришини исботладилар. Уларнинг айтишича, бошқаларга ёрдам бериш, уларнинг айбларини кечириб юбориш, одамлар ҳақида яхши гумонда бўлиш инсон иммунитет ҳужайраларини ҳаракатга келтирувчи асосий гармон ва оқсиллар фаолиятини тартибга солади ва уларнинг касалликка қарши курашувчанлигини оширади. Натижада уларнинг соғлиги  пессимистларникидан кўра яхшироқ бўлади. Аксинча, ҳасадгўйлик, инсонларнинг айбини қидириш, бахиллик ва бошқаларга нафратини сочиш каби кўплаб маънавий ҳасталиклар инсоннинг иммун тизимини ишдан чиаради. Чунки кўп вақт бошқалар ҳақида салбий фикрда бўлиш инсон мияси ва юраги ҳамда иммунитет тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни доимо яхши гумонда бўлишга чақирганлар. Бу борада “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини то биродарига ҳам яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда “Яхшиликка умид қилиш (яхшиликка йўйиш) менга хуш келади”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса “Мўминлар ҳақида яхшиликни ўйланг”, деганлар.  Бу каби ўзгалар ҳақида яхши гумон қилишга ва уларга яхшилик қилишга чақирадиган ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп.  Ҳатто бирор киши тушида яхши нарса кўрса уни бошқаларга айтиши ихтиёрий бўлади, лекин ёмон туш кўрса уни бошқаларга айтишдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Яъни, ҳатто тушда кўрилган ёмонликдан ҳам салбий нарса кутмаслик керак. У Зотнинг “Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар” деган гаплари ҳам ижобий ёндашув ва оптимистик қарашларга ёрқин мисолдир.

Демак, дининиз тарғиб қилган чиройли хулқ дунёмиз учун ҳам, охиратимиз учун ҳам фойдалидир.

Ш.ЧЎЛПОНОВ,

ТИИ ўқитувчиси

Top