muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

"Охунгузар" масжиди Тошкент шаҳридаги қадимий масжидлардан бири. Иншоот ХIХ асрнинг охирларида бунёд этилган. Масжидни Шонеъмат Иброҳим ўғли исмли савдогар 1850 йилда қурдирган. Узоқ йиллар давомида масжид Себзор даҳасини маҳалла масжиди бўлиб хизмат қилган. 1992 йили масжид биноси қайта таъмирланган. Минораси буткул янгиланди. Бино ичи қадимий кўринишини сақлаб қолган. Ёғочли устунлар ва нақшлар қадимий услубда безатилган. "Охунгузар" масжида бугунги кунда ҳам мусулмонларга хизмат қилишда давом этмоқда.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансур

Суббота, 30 Ноябрь 2019 00:00

“Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлгай...

Атроф-муҳитдаги ҳодисалар моҳиятини англашга интилиш, “Дунё нега яралди?”, “Инсон яратилишидан муддао не?” каби азалий саволларга жавоб излаш инсонларда фалсафий тафаккурни шакллантирди, ривожлантирди. ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан 2002 йилдан бошлаб ноябрь ойининг учинчи пайшанбаси Умумжаҳон фалсафа куни деб белгиланиши, айтиш мумкинки, фалсафа илмининг аҳамиятига берилган юқори баҳо рамзидир.

Бугунги кунда фалсафа – илмий соҳа. У муайян давр, жамият, гуруҳ ёки шахс фалсафий қарашларини ўрганади.

Шу маънода, алломалар, улуғ зотлар қолдирган меросни фалсафий таҳлил қилиш бизни улар маънавиятини англашга яқинлаштиради.

Мана шу нуқтаи назардан, Бухоро заминида туғилиб камол топган аллома, хожагон тариқати асосчиси, “Хўжаи Жаҳон” номи билан машҳур пиру комил Абдулхолиқ Ғиждувоний рубоийсига юзланамиз. 

Гар бир кишидан дилда шикоят бўлгай,

Дил оғриғи андин бениҳоят бўлгай.

Ҳеч интиқом олишни ўйлама, чунки

Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлгай. 

Рубоий форс тилида ёзилган. Бу ерда ўзбекча таржимаси келтирилди. Маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, аввало, Аллоҳга бўлган улкан ишонч шоҳиди бўламиз. Илло, фақатгина Аллоҳни қалбдан севган, имони бутун инсонгина бирор касдан кўрган жабру зулм учун қасос олишга, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришга интилмайди. Чунки Аллоҳ барчасини кўриб турганига, яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам мукофот ёки жазо борлигига шубҳа қилмайди. Шунинг учун “бениҳоят дил оғриғидан” қийналса ҳам, “ёмонга ёмонлиги кифоят” эканига ишонади.

Рубоийнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, унда барча замонда ва ҳар бир инсон ҳаётида учраши мумкин бўлган ҳолат ҳамда ушбу вазиятда инсон амал қилиши керак бўлган оқилона йўл ифодаланган. Пиру комил Абдулхолиқ Ғиждувоний XII асрдан туриб бизга жаҳлни жиловлашни, озор чекканда барчасини Аллоҳга солишни ва ёмонлик қилиб, гуноҳ орттирмасликни насиҳат қиляптилар.

Шундай экан, азиз муштарий, улуғ аждодларимиз қолдирган маънавий меросни, улар моҳиятида яширин ахлоқни ўрганайлик ва маънавиятимизни бойитайлик. Зеро ҳаётни эзгу амал учун берилган имкон деб билган, қалби пок, умр йўли ибратли азиз-авлиёларимизнинг, алломаларимизнинг маънавий оламидан баҳра олар эканмиз, қалбимиз ҳам, руҳимиз ҳам покланиб бораверади. 

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

2019 йил 29 ноябрь куни Мир Араб олий мадрасасига Қозоғистондаги «Нур-Муборак» Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаев ташриф буюрди.

Меҳмонлар Олий мадраса талабалари билан учрашдилар.

Муҳаммад аш-Шаххат ал-Жиндий “Фойда берувчи илм“ мавзусида Олий мадраса талаба ва мударрисларига маъруза қилди.

 

 

“Илм гўзал хулқ ва тарбия билан ҳамда ўрганган илмига энг аввало ўзи амал қилиши билангина манфаат беради. Аллоҳ таоло ота-она ҳаққига қандай дуо қилишни Ўзининг каломида таълим бериб:

 وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا

“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт“, деган. (“Исро“ сураси 24-оят)

Ота-она ўз фарзандига таом, кийим-кечак ва ҳатто уй-жой ҳам тайёрлаб берадилар. Лекин, Аллоҳ таоло ота-она фарзанди учун қилган барча хизматларининг ичидан чиройли тарбиянигина хос зикр қилиши, ота-онанинг фарзанди учун қиладиган энг афзал амали гўзал тарбия эканига ишора қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бор сармоялари гўзал хулқ эди.

Илм олишни ва ўрганган илми, энг аввало, ўзига, қолаверса, барчага манфаатли бўлишини истаган кишида қуйидаги уч нарса жам бўлиши лозим:

- мақсадни аниқ белгилаб олиш;

- мақсадга олиб борувчи энг тўғри ва мустаҳкам йўлни, воситани танлаш;

- шуларга мувофиқ амал қилиш;”

Шунингдек, Мир Араб олий мадрасасида таълим олаётган талабаларнинг қандай масъулият эгаси эканликларини ажойиб бир қоида асосида изоҳлаб берди:

كل حق يقابله الواجب

“Ҳар бир ҳақнинг муқобилида бир мажбурият бўлади“. Яъни, ҳозир сизларга ота-онангиз ва устозларингиз таълим-тарбия бериш билан сизларнинг ҳақларингизни адо этмоқдаларми, демак, бунинг муқобилида кейинги авлодга илм ва маърифат улашиш ҳамда уларга ҳақни танитиш сизларнинг зиммангизга вожиб бўлади. Зеро инсонларнинг энг яхшиси уларга энг кўп манфаати етадиганидир. Бир авлод қўлдан бой берилса, миллат таназзулга юз тутиши ва ўнгланмаслиги маълум.”

 

 

Тадбир сўнгида Мир Араб олий мадрасаси ректори Хайдархон Йўлдошхўжаев меҳмонларга миннатдорчилик билдирди. Меҳмонлар ўзларига кўрсатилган эҳтиром ва талабалардаги илмга бўлган рағбатдан мамнун бўлганларини изҳор қилишди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шу билан бирга, меҳмонлар  томонидан  таълим муассасалари ўртасида мана шундай  ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида фикрлар билдирилди.

Шунингдек, меҳмонларга эсдалик совғалар топширилиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги ҳақида дуойи хайрлар қилинди.

 

Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати

 

2019 йил 28 ноябрь куни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан “Пайғамбаримиз сийрати – ибрат мактаби” мавзусида тадбир ва сийрат мусобақаси бўлиб ўтди.
Тадбирни билим юрти мудири Ў. Ғузаров кириш сўзи билан очиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларининг ҳар бир нуқтаси биз мусулмонлар учун ибрат бўлмоқлиги, у зотнинг суннатларига амал қилиш билан биз ўз муҳаббатимизни изҳор қилишимиз мумкинлиги ҳақида гапириб, тадбирнинг аҳамиятини тушунтириб ўтди.
Шундан сўнг сийрат мусобақаси иштирокчилари белгиланган шартлар бўйича чиқиш қилдилар. Ҳакамлар томонидан ғолиб деб топилганларга қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлари топширилди.
Шунингдек жорий ой давомида билим юрти талабалари ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга доир мақолалар ва иншолар танлови эълон қилинган эди. Мазкур танлов ғолиблари ҳам эълон қилиниб, билим юрти ҳомийлари кўмагида муносиб тақдирланди.

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

матбуот хизмати

Мақолалар

Top