muslim.uz

muslim.uz

Италиянинг Пестум шаҳрида XXIII Ўрта ер денгизи археологик туризм бўйича халқаро кўргазмасида Ўзбекистон элчихонаси вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Кўргазмага келган 10 мингдан ортиқ меҳмон Ўзбекистон, Австралия, Исроил, Иордания, Испания, Куба, Малайзия, Мексика, Словакия, Тунис, Туркия, Эквадор, Эстония ва бошқа мамлакатларнинг қарийб 100 та павильони ва стенди билан танишди. Тадбир доирасида 60 дан ортиқ анжуман ва учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон дипломатия миссияси томонидан халқ амалий санъати намуналари экспозицияси ва мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги материаллар тақдимоти ўрин олган алоҳида стенд ташкил қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг бой маънавий ва маданий-тарихий мероси, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси ва Репрезентатив рўйхатларига киритилган тарихий ва маданий ёдгорликлари, табиий-иқлим шароити ва диққатга сазовор масканлари ҳақида батафсил маълумот тақдим қилинди.

Ўзбекистон томонидан виза тартибини либераллаштириш, жумладан, 92 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, сайёҳлик инфратузилмасини кенгайтириш, хусусан, экотуризм, этнотуризм, маданий, гастрономик, пляж, тоғ туризми каби янги сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ахборот маълумотномалари тарқатилди.

Бундан ташқари, кўргазма меҳмонлари Ўзбекистонда жорий этилган «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» сайёҳлар учун хавфсиз шароитлар яратиш бўйича лойиҳа билан танишди.

Америго Варотти, Пезаро ва Урбино Савдо конфедерацияси бош директори:
– Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан жуда манфаатдормиз. Мен Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон ва Қирғизистонда бўлганман. Ушбу мамлакатлардаги ҳамкорлар билан сайёҳлик ва савдо алоқаларимиз мавжуд. Ўзбекистон - жуда чиройли гўзал мамлакатдир. Биз Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, Самарқанднинг чиройи ва тароватини ҳис қиламиз.

Сантина Бруни, Салерно провинциясидаги «Vela Dream Agropoli» сайёҳлик компанияси раҳбари:
– Юртингизга ҳавас қиламан, ҳар гал туроператор сифатида сайёҳлик кўргазма ва ярмаркаларига борганимда, биринчи галда Ўзбекистон стендини кўришга ошиқаман.

Мамлакатингизга бориш орзуим бор. Бундан бир неча йил аввал «Римдаги халқаро аёллар клуби» кўргазмасида иштирок этаётиб, сизнинг ажойиб анъанавий ва гўзал матоларингиз билан танишган эдим.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 06 Декабрь 2021 00:00

"Юсуф" жоме масжидидаги суҳбат (16.11.2021 йил)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларининг устунлигига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, юртимизда гендер тенглигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Гендер тенглик нафақат инсон ҳуқуқини таъминлаш, балки жамиятни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этадиган эзгу қадрият саналади. Қолаверса, гендер тенглик – мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикаторлардан бири ҳисобланади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб белгилаб қўйилган бўлса-да, тан олиш керакки, сўнгги беш йилда бу борадаги ишлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Бунинг самараси ўлароқ, сўнгги йилларда жамиятнинг турли соҳаларида, ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада аёлларнинг роли ва мавқейида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 2 сентябрда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги янги қонунлар имзолангани бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам гендер тенгликни таъминлаш масаласида кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг «Исломда гендер» мавзусидаги лойиҳасида иштирок этиб, «Исломда гендер тенгликнинг ўзига хос тамойиллари» номли ўқув қўлланмани ишлаб чиқди.

Долзарб мавзуга бағишланган мазкур китоб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев, «Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO» кафедраси мудири Миродил Ҳайдаров ҳамда кафедра доценти, юридик фанлари доктори Нигора Юсупова томонидан яратилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мазкур ўқув қўлланманинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур қўлланмада республикада исломда гендер тенглик моҳияти, аёл ҳуқуқлари ва эркинликларига доир ислом консепсияси, ислом ҳуқуқида аёлнинг ҳуқуқий мақомини тадқиқ этишга бағишланган мақолалар ўрин олган. Мазкур китоб бу соҳадаги илк тадқиқот ҳисобланади.

Тақдимотда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, УНФПАнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю, УНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гендер масалалари бўйича мутахассиси Дилора Ғаниева, «ICESCO Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш» кафедраси мудири Миродил Ҳайдаров, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.

Тақдимотни УНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гендер масалалари бўйича мутахассиси Дилора Ғаниева олиб борди.

Шунингдек, китобда ислом ҳуқуқида аёл масаласини фуқаролик ҳуқуқи, оила ҳуқуқи, сиёсий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал этишнинг ижтимоий¬иқтисодий, маънавий-ахлоқий асослари кенг тадқиқ этилиб, ислом ҳуқуқи нормаларида оилавий муносабатларга киришишдаги аёлларнинг ҳуқуқлари, маҳрга оид ҳуқуқлар, нафақа, мерос тақсимотидаги улушлари ҳамда сиёсий ҳуқуқлари ислом ҳуқуқининг асосий манбалари орқали ёритиб берилган.

Самимий мулоқот давомида УНФПАнинг Ўзбекистондаги вакили сўз олар экан, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг давлат ишларини бошқаришдаги ролини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида мамлакат эришган ютуқлар ҳақида сўз юритди. Муҳтож аёлларни уй-жой, иш билан таъминлашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди. Ўзбекистон, хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан мамнунлигини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова гендер тушунчаси ва унинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти, фуқароларнинг гендер хабардорлигини ошириш, мамлакатимиз қонунчилигида аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлади. Бунинг натижасида юртимиз тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етгани, айнан шу кўрсаткич бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилганини эътироф этди.

Шу билан бирга, 2019-йил 2-сентябрьда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлари юртимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат эканлигини қайд этди.
«Исломда гендер тенгликнинг ўзига хос тамойиллари» китоби ҳақида тақдимот давомида юридик фанлари доктори Нигора Юсупова томонидан тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш борасида қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди. Китоб тақдимоти бўйича йиғилганлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Тақдимот якунида муаллифлар томонидан мазкур ўқув қўлланмадан Академия талаба-магистрантлари, Малака ошириш маркази тингловчилари турли ўқув курсларида фойдаланиши тавсия этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

  1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифаси Қуръонни етказиш, холос, эмиш. Унинг пайғамбарлик сиймоси, яъни суннатлари, топширадиган вазифа ва кўрсатмалари йўқ. Шунинг учун итоат фақат Қуръони каримга вожиб, Пайғамбар алайҳиссаломга пайғамбарлик юзасидан на саҳобага ва на кейинги умматга вожиб.

 

  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иршодлари, кўрсатмалари саҳобаларга вожиб бўлган, бизга вожиб эмас, эмиш. Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш унинг давридаги саҳобаларгагина вожиб бўлган, қолган умматларга вожиб бўлмас.
  2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, иршодлари ҳаммага вожиб эди, барча умматга вожиб бўлган, бироқ, ҳозирда бизгача етиб келган ҳадислар қобили эътимод эмас, ҳужжат бўлишга ишончли эмас. Саҳиҳ ва ишончли санад билан биронта ҳадис етиб келмаган.

1 – эътирозга раддия

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари Қуръони каримни етказиш билан чекланмайди, балки оятларнинг асл маъноларини тушунтириб бериш, тафсир қилиш, изоҳлаш, тўла ва мукаммал, аниқроғи муфассал равишда англатиш – ҳаммаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом вазифалари бўлган. Бу вазифалар эса фақатгина ҳадислар орқали адо топади. Биз Аллоҳ таолонинг оятларини тўла, мукаммал ва муфассал тушунишимиз учун ҳадисларга муҳтожмиз.

بِٱلۡبَيِّنَٰتِ وَٱلزُّبُرِۗ وَأَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلذِّكۡرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيۡهِمۡ وَلَعَلَّهُمۡ يَتَفَكَّرُونَ ٤٤

“(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик(Наҳл сураси, 44-оят).

لَقَدۡ مَنَّ ٱللَّهُ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ إِذۡ بَعَثَ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡ أَنفُسِهِمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبۡلُ لَفِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٍ ١٦٤

Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар(Оли Имрон сураси, 164-оят).

Оятдаги “Китоб”дан мурод Қуръони каримдир, “Ҳикмат”дан мақсад эса ҳадиси шарифлардир.

 

2 – эътирозга раддия

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари фақатгина саҳобаларга эмас, балки бутун уммат учундир. Зеро, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни бутун башариятга пайғамбар этиб жўнатган:

وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ إِلَّا رَحۡمَةٗ لِّلۡعَٰلَمِينَ ١٠٧

(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят).

 

3 – эътирозга раддия

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримни сақлашга ваъда берган. Ҳадислар эса Қуръоннинг тафсири, шарҳи ҳисобланади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло ҳадисларнинг ҳам то Қиёматга қадар уммати Муҳаммадга етиб келишини таъминлаган.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис илмига кириш” китобидан

Понедельник, 06 Декабрь 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси юртимиз қорилари устози, уч мингдан зиёд мураттаб ҳофизи Қуръонларни тарбиялаган Муҳсинхон қори Ҳасанхон ўғлининг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум устозни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум қори домламизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Аллоҳ таоло марҳум қори домламизнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум Муҳсинхон қори Ҳасанхон ўғлининг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Top