muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 06 Сентябрь 2019 00:00

Навоий масжидлари обод бўлмоқда

Бугун мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларининг устидан чиқасиз. Шиддаткор замоннинг ўзи  ривожланиш йўлида янгича ташаббуслар, илғор фикрларни амалга ошришни талаб этмоқда. Ана шу янгиланишлар қаторида мўътабар ибодат уйлари бўлган масжидлар ҳам замонавий талаб ва шарт-шароитлар даражасида янгиланмоқда. Қолаверса, жамоат намозлари, айниқса жума ва ҳайит намозларида намозхонлар сони ортиб борётгани сабаб кичик бинолар энди торлик қилмоқда. Сиғими кенг, шинам хонақоҳларни бунёд этишга эҳтиёж туғилмоқда. Айниқса қиш мавсумида жамоатни илиқ ва пана жойга сиғдириш, етарли шароит ҳозирлаш учун масжид ходимлари, байтуллоҳ хизматида қоим бўлган кишилар кўплаб ишларни амалга оширмоқдалар.

Навоий вилоятида бугунги кунда 9 та  масжид тубдан қайта қурилаётган бўлса, яна шунча масжиднинг хонақоҳлари таъмирланмоқда.

 Нурота туманидаги "Деҳибаланд" қишлоғи "Обод қишлоқ дастури"  дастури доирасида тарққий топиб, янгича қиёфа касб этди. Ҳудудда жойлашган “Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн” тарихий масжиди ҳам реконструкция қилиниб, атрофлари кўкаламзорлаштирилди.  

Қизилтепа туманидаги "Боязид Бистомий" жоме масжидида ҳам қиш мавсумига тайёргарлик бошлаб юборилган. Хонақоҳга иссиқ пол тизими  ўрнатилмоқда. Таъмирга муҳтож асбоб - ускуналар иситиш, электр-энергия ускуналари ва қувирлари янгиланмоқда.

"Хўжа Жалол", "Чангир"  жоме масжидларида ҳам маҳаллий аҳоли ҳашари, ҳомийлар кўмагида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

 

  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

Қиёмат куни Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Қиёматгача яратилган барча инсонлар маҳшар майдонида тўпланадилар. Тасаввур қилинг, ўша пайтда қанча одам бўлади. Ҳозир дунё аҳолисининг сони 7 миллиарддан ортиқ бўлса, Одам алайҳиссаломдан то Қиёматгача қанча инсон яшаб ўтган бўлади? Жуда ҳам кўп! Аниқ саноғини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шунча миқдордаги кишилар орасида турган умматларини қандай таниб оладилар? Бу ҳақида ворид бўлган ҳадислардан бирини келтирсак:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, умматим Қиёмат куни таҳоратнинг асаридан «Ғурран Муҳажжалийн» деб (пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида) чақирилурлар. Сизлардан ким ўзининг ғуррасини (қашқасини) узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин!» Бухорий ривояти.

“Ғурра” деб отнинг пешонасидаги оқ қашқага айтилади.

“Муҳажжал” деб олд ва орқа оёқларининг туёқларидан юқори қисми оппоқ бўлган отларга айтилади.

Одатда кўпгина отлар ичида мазкур сифатга эга бўлганлари гўзаллиги ва қашқалари билан ажралиб туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларининг юзларидан ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турганини кўриб, шундан таниб олар эканлар. Бу нур таҳорат сабабли пайдо бўлар экан. Энди ким “Қиёмат куни нурим узун ва ёрқинроқ бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олишлари яна ҳам осон бўлсин” деса, доим таҳоратли юришга, ибодатларни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилсин!

Аллоҳ таоло барчамизга қиёмат куни ана шундай нур ато этсин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Ҳадис илми мактабида Давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!» шиори остида ўтказиладиган Мустақиллик дарси

Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Ислом дини равнақи йўлида улкан ишларни амалга оширди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинди. Мусулмонлар ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди.

Истиқлол йилларида улуғ аждодларимизнинг хоки поклари мангу қўним топган қадамжолар обод этилиб, уларнинг маънавий мерослари халқимизга етказилди.

Ҳадис илми мактабида 2019 йил 5 сентябрь куни Давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!» шиори остида ўтказиладиган Мустақиллик дарси бўлиб ўтди. Мазкур ўқув машғулотини Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ўтказди. Шунингдек, ушбу Мустақиллик дарсида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ш.Жалилов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Илмий ишлар бўйича проректори З.Абдирашидов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Б.Рустамов иштирок этди.

«Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл обод!» шиори остида ўтказиладиган Мустақиллик дарсида маърузачи Ўзбекистонда сўнги йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги устувон вазифалар, Ўзбекистоннинг хорижий, айниқса, қўшни давлатлар билан ўрнатилган дўстона муносабатлари, 2018-2019 йиллардаги диний-маърифий соҳадаги энг муҳим ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисила маъруза қилди.

 

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Мустақиллик байрами тантаналарини муайян бир ғоя, эзгу ҳаракат остида нишонлаш анъанаси халқимиз ҳаётининг маънавий юксалишида ўзига хос замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Албатта бундайин эзгу ғоялар мамлакат аҳолисининг истиқлол йилларидаги ҳаёти, турмуш тарзи, эришган ютуқлари ва эришажак мақсадларини сарҳисоб қилишга ундайди.

2019 йил 5 сентябрь куни Ҳадис илми мактабида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги ва 2019-2020 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Мустақиллик дарси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минавваров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, М.Жалилов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Илмий ишлар бўйича проректори З.Абдирашидов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи С.Шерхонов, “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормурадов, Самарқанд Давлат университети ректори тех.ф.д., проф. Р.Холмуродов шунингдек, Самарқанд вилоятидаги зиёлилар иштирок этишди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси мадҳияси билан бошланди. Анъанага кўра тадбир аввалида Ҳадис илми мактаби 1-курс талабаси Парпиев Саидмаҳмудхон Қуръон тиловат қилиб берди. Қуръон тиловатидан сўнг ушбу олий даргоҳни очилишига жонбозлик кўрсатган раҳбарлар, мактаб ўқитувчи ва талабаларининг ҳақларида ҳамда янги ўқув йилининг баракали бўлишини сўраб дуои хайрлар қилинди.

Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов тадбирни очиб бериш учун нутқ сўзлаб жумладан, мазкур ўқув йили кириш имтиҳонлари жараёнлари, мактаб мутахассислик ўқув режасини такомиллаштириш юзасидан дунёдаги нуфузли ислом таълим муассасалари ва марказлари тақдим қилган хулосалари, Мактаб Ахборот-ресурс марказини мутахассисликка оид адабиётлар билан бойитиш бўйича амалга оширилган ишлаб тўғрисида қайд этди.

Шундан сўнг, Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг очилиши муносабати билан табрик учун Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минавваров, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи С.Шерхонов, “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормурадов, Самарқанд Давлат университети ректори тех.ф.д., проф. Р.Холмуродов бошланаётган янги ўқув йилида институт жамоасига омад ва зафарлар тилаб, диний соҳа вакилларига ҳамда диний ташкилотларга, қолаверса ёшларга берилаётган имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш ва маърифий исломни дунёга кўрсата олиш, соф исломдан оғишмасликда ва адашганларни тўғри йўлга бошлашда қатъият билан илм олиш кераклигини, илм олишда ҳаракатчан бўлишни, талабалар аввало кучли билимга эга бўлиши, бу ердаги устозлардан илм олишда ва одоб-ахлоқ сабоқларини ўрганишда тиришқоқ бўлишини таъкидладилар, шунингдек, соф исломни нафақат юртимизда балки, дунё оммасига етказа оладиган салоҳиятга эга бўлиш кераклигини қолаверса, аждодларимизга муносиб авлод бўлиш лозимлиги бўйича ўз тавсияларини бердилар.

Шунингдек, фазилатли шайх, замонамизнинг муҳаддис олими Истамбулдаги Ибн Халдун университети катта устози Муҳаммад Аввома ҳазратларининг ва Татаристон республикасидаги Булғор ислом академияси ректори Абдрахманов Данияр Мавлияровичнинг видео табрик мурожаатлари тадбир иштирокчиларига эшиттирилди.

Тадбирда Олий даргоҳнинг талабаси деган улуғ номга мушарраф бўлган талабалардан бири Иброҳимов Исмоил сўзга чиқиб, Ҳадис илми мактабининг ўқув хоналари, спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси, ётоқхона ва ошхонасида талабаларга яратилган шароитлар ва қулайликлар учун хусусан, Юртбошимизга ва мактаб маъмуриятига миннатдорлик билдирди.

Таъкидлаш жоизки, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ- 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган эди.

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, “Ҳадис илмлари, диний фанлар мутахассиси ва араб тилини ўқитувчиси” мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлайди.

Мактабда матахассислик фанларини ўқитиш устоз-шогирт анъанаси асосида республикамиз ҳамда хорижий малакали педагог ўқитувчилар томонидан амалга оширилади. 

Ҳадис илми мактаби биноси Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ёни барпо этилган бўлиб, олий даргоҳда умумтаълим, хорижий ва мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, ислом илми ривожида ўз ўрнига эга буюк аждодларимизга муносиб бўлиши учун Мактабда талабалар учун замонавий техникалар билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, Ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зал ва сув ҳавзаси, талабалар турир жойи ва шинам ошхона мавжуд.

Нишонга урилган гаплар: “Агар Мусҳафинг устида чанг кўрсанг, аммо телефонинг устини чанг босишга улгурмаётган бўлса, аҳволингга йиғлагин!”

 

Қуйида келтириладиган ҳикматлар ижтимоий тармоқдаги “Ховатир роқия журнали” саҳифасидан олиб таржима қилинган.

 

Эй Роббим! Ота-оналаримизга сиҳат-саломатлик, офият, хотиржамлик насиб этиб, улардан оғриқ, ғам ва ташвишларни аритгин!

*****

Эй Роббим, юзида “дўстлик”, қалбида мунофиқлик бор бўлган шахсларнинг ёмонлигидан мени асрагин!

*****

Эй Роббим, нияти менга ёмонлик қилиш бўлган кимсаларни тушимда ҳам, ўнгимда ҳам мен билан бирга қилмагин!

*****

Кўпинча тунда ўқилган намоз қалб уйғонишига, айблар беркитилишига, гуноҳлар кечирилишига, мақом юксалишига сабаб бўлади. Эй Роббим! Қалбларимизни ғафлатдан уйғотгин!

*****

Агар Мусҳафинг устида чанг кўрсанг, аммо телефонинг устини чанг босишга улгурмаётган бўлса, аҳволингга йиғлагин!

*****

Юнус алайҳиссаломни Ҳутнинг қорнидан чиқарган Зот сени ҳам ғам ва ташвишлардан чиқаришга қодирдир!

*****

Кимдир сенинг устингдан Аллоҳга шикоят қилишидан эҳтиёт бўл!

*****

Умидсизликка тушма! Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган хурсандчилик насибангни унутмайди!

*****

Сизлардан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни ўзгартирсин! Аммо расмга олмасин! Интернетда тарқатмасин! Гуноҳ иш қилган кимсани шарманда қилмасин!

*****

Қиёмат куни ҳасанотларингни бу дунёда ёмон кўриб, ғийбат қилган одамингга тортиқ қиласан. Шу боис ғийбат, бўҳтон ва бошқа тил офатларидан узоқда бўл!

*****

Давлат университетларда ўқитилмайдиган мутахассислик – ахлоқ ва инсонийликдир! Шу боис бу мутахассисликни кўча супурувчи фаррош эгаллаган бўлиб, профессорда топилмаслиги мумкин.

*****

Бошқаларга яхшиликни раво кўрсанг, ўзингга ўйламаган томонингдан яхшилик келади.

*****

Юлдузларни фақат қоронғу пайтда кўриш мумкин бўлганидек, баъзи кишиларнинг асли бошимизга ташвиш тушган лаҳзаларда билинади. Бундай кезларда кўплаб кишилар дўстларимиз қаторидан тўкилиб қолади.

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Видеолавҳалар

Top