muslim.uz

muslim.uz

Ёмонликдан қайтариш 

Шу йил 9 январь куни Президентимиз “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Мазкур ҳужжат маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда жиноят кодексларига тиланчилик учун жазо белгилашга оид ўзгариш киритди. Эндиликда пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш жавобгарликка тортишга асос бўлади.

– Ушбу қонунга биноан жамоат жойларида тиланчилик қилганлик учун 2 хил: маъмурий ва жиноий жазо қўлланилади, – дейди ҳуқуқшунос Хушнудбек ХУДОЙБЕРДИЕВ. – Хусусан, биринчи марта содир этганлик учун энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Агар шахс тиланчиликни давом эттирса, унга иккинчи марта жиноий жазо берилади. Бунда шахсга 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилгача озодликни чеклаш ёки бўлмаса бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тиланчилик катта-кичик урушлар, парокандалик, қурғоқчиликлардан қолган асорат. Аммо бугунги тинч, фаровон замонда унинг моҳияти ўзгартиргандек. Яъни бир вақтлар уятли ҳисобланган, мажбурликдан қилинган бу ишни ҳозирда айрим фирибгарлар пул топиш манбайи деб қарамоқдалар.

“Қонунга кўра, нафақат тиланчилар, балки ўзга шахсларни тиланчиликка жалб қилган шахслар ҳам жавобгарликка тортилади. Уларнинг жазоси тиланчиларникидан оғирроқдир. Жумладан, вояга етмаган, кекса ёшдаги ва руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган ҳамда бошқа шахсларни (“исталган кишини”) тиланчиликка жалб қилиш мумкин эмас. Шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш оғир жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади”, – дейди ҳуқуқшунос.

Аҳоли гавжум жойлар, жамоат транспорти, масжидлар ёнида тиланчиликни “касб” қилган тўрт мучаси соғлом, ишласа ўзи тугул катта рўзғорни тебратиш қобилиятига эга эркаклар, оддий тикиш-бичиш ҳунари орқали ёки бирор жойда фаррошлик қилиб бўлса-да кундалик эҳтиёжини қоплаши мумкин бўлган аёлларнинг борлиги ачинарли ҳолат.

Айниқса, ёш боласи билан тиланчилик қилаётган аёллар нури дийдасининг тарбияси бузулишига, соғлигига жиддий зарар етишга сабабчи бўлаётгани ачинарли ҳол. Бунинг устига болаларда носоғлом муҳит таъсирида ёлғончилик, кишилар олдида ўзини ночор сезиш, бировнинг ҳисобига яшаш каби иллатлар шаклланишига замин яратмоқдалар.

– Тиланчилик қилиш боқувчиси бўлмаган, кишилардан бирор нарса сўрашдан бошқа иш қўлидан келмайдиган кишилар учун ҳалол, аммо унинг ҳам чегараси бор, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бошлиғи Ҳомидбек ИШМАТБЕКОВ. – Яъни бу меъёр – бир кунлик ейиш-ичиш эҳтиёжини қондирадиган миқдордаги нарса топгунгача бўлган вақт. Ундан ортиғи ҳаром саналади. Эртанги кунга ҳам биратўла бугун топиб қўяй, дейилмайди. Кейинги кун Худо куч-қувват берса ёки бирор йўл кўрсатса, албатта, ишлаши, мабодо ҳеч иши ўхшамай, бошқа йўли қолмаса – яна кундалик эҳтиёжи учун тиланчиликка чиқиши мумкин. Мискин бўлиб, тирикчилигим шундан, дея шу ишга муккасидан кетиш фирибгарликдир. Бундайларнинг юзи икки дунёда шувут бўлади. Била туриб бу ишни қилиш очиқ-ойдин хорликдир. Ўзини майиб-мажруҳ кўрсатиб, гадой, тиланчи қиёфасига солиш ҳам айни товламачиликнинг бир тури. Динимиз бундан қатъий қайтаради.

Аллоҳ таоло Ўз Каломида садақа олишга ҳақли бўлган кишиларни баён қилган: “Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Ислом дини меҳнатга ярамайдиган, иши бору, ундан оладиган даромади эҳтиёжига етмайдиган, иш тополмаган кишиларга раҳнамолик қилишга чақиради.

Шариатимизда тиланчи отда келса, ҳатто қўлида тилласи бўлса ҳам садақа беришга тарғиб қилинади. Бунинг учун саховатли инсон савоб олади. Аммо садақа сўраган кишининг фирибгарлиги, алдаб одамларнинг пулини еяётгани аён бўлса, унга ҳеч нарса бермаслик керак. Сабаби бу орқали у текинхўрлик, дангасаликка одатланади.

Динимиз ризқ-насибани ўз меҳнати билан топишга буюради. Ўтган Пайғамбарлар ва набийлар, хотамул анбиё Муҳаммад алайҳиссалом ўз меҳнати орқали турмуш кечириб, уматларига ўрнак бўлганлар.

Дангасалик, ишёқмаслик, текинхўрлик мусулмон кишига ёт ҳолат. Динимиз ялқовлик, бировга қарам бўлишдан буткул қайтаради.

“Киши ризқланадиган энг ширин таом, ўз касби орқали еганидир”, дейилади ҳадиси шарифда (Имом Аҳмад ривояти).

Мўмин банданинг ўз меҳнати билан ҳалол ризқ топиши нафақат ўзи, балки оила аъзоларини ҳам икки дунё саодатига элтади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

 тайёрлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш, янги лойиҳаларни белгилаш мақсадида бугун, 28 февраль куни Наманган вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф доирасида янги саноат корхоналари, энергетика ва туризм объектлари билан танишиш режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

2017 йилнинг 26 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
 
Давлатимиз раҳбари “Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни яна-да юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим”, деган эдилар.
 
Ушбу топшириқ ва кўрсатмалар асосида бу ерда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
 
11.JPG
 
Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У зот Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси уни эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган.
 
12.JPG
 
Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Ушбу ноёб тарихий-меъморий обидадан эл 1936 йилгача фойдаланиб келинган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида турли корхоналарнинг цехлари фаолият юритган. Натижада, тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб харобага айланган. Мустақиллик шарофати сабаб, масжид биносидан корхоналар кўчириб юборилди ва масжидни тиклаш ишлари бошланди. 1998 йил бошида масжиднинг хонақоҳ қисми таъмирланиб, расман фаолият юрита бошлади.
 
14.JPG
 
– Мустафоқул яъни Сузук ота падари бўлмиш Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган, – дейди “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Аюбхон Суфиев. – У кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш, обод қилиш учун туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ҳамда яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берган. Кенг оммага илм ва ҳунар ўргатган. Мазкур маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи, деб ҳам аташган. Кейинчалик бу маҳаллага кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузук ота номи берилган. Ҳозир ҳам маҳалла аҳолиси ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик билан шуғулланади.
 
17.JPG
 
Таъкидланишича, мазкур маҳалла тор кўчалардан иборат маскан эди. Бу ерда Сузук отанинг мақбараси борлигини кўпчилик билмаган. Ҳозирги кунда Туркияда унинг муридлари яшайди. Мана шу маскан фойдаланишга топширилса, улар Сузук отани зиёрат қилгани келади. Нафақат Туркия балки бутун дунёдан зиёратчилар оқиб кела бошлайди.
 
20.JPG
 
“Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиб Аюбхон Суфиевнинг сўзларига кўра, Президентимиз топшириғи билан масжид атрофига қўшимча айвонлар қурилди. Унинг хонақоҳи 2 минг кишига мўлжалланган. Мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, бу ерда 30 та ҳунармандлар уйи ва улар учун устахоналар қурилди. Ҳозирда йўлларга асфальт ётқизилиб, автомобиль тураргоҳи тайёрланмоқда. Тез орада мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш ишлари якунланади.
 
23.JPG
 
30.JPG
 
35.JPG
 

 

Хуршид Қодиров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
 
Манба: http://uza.uz

Аллоҳ таъоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти, фақат эҳсон (эзгулик)дир”. Ар-Роҳман 60-оят.

Динимиз инсонпарвар, меҳр-шафқат тимсоли бўлиб, одамларни ўзаро меҳр-муҳаббатда, инсофу-адолатда, яхшилик ишларда ҳамкорликда, эҳтиёжмандларга ҳожатбарорликда ҳаёт кечиришга буюради.

Хофиз ибн Абиддиня розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг бандалари ичида Аллоҳга севимлироғи унга яхшилик севдирилган ва яхшилик ишлари севдирилган кишидур дедилар”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг хожатини раво қилса, умр бўйи Аллоҳга ибодат қилганнинг мақомида  бўлади дедилар”.

Муҳаммад ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларнинг севимлироғи ким? деб сўрашган эди,  Аллоҳ таъолога инсонларнинг севимлироғи инсонлар учун манфаатлироғи деб жавоб бердилар. Аллоҳ таъолога амалларнинг севимлироғи мўминнинг қалбига киритилган ҳурсандчилик, ундан қайғуни аритмоқ, қарзини адо қилмоқ, очлигини кетказмоқ ва мусулмон биродаримнинг ҳожати учун юрмоқ менинг учун масжидда икки ой эътикоф ўтиргандан яхшироқ. Кимки ғазабини тўхтатса, Аллоҳ таъоло унинг айбларини ёпади. Кимки ғазабини ўтқазишга қодир бўлиб ичига ютса, Аллоҳ таъоло унинг қалбини розиликка тўлдиради. Кимки мусулмон биродари билан мушкуллари осон бўлгунча бирга юрса, қиёматда қадамлар тоядиган кунда унинг қадамини собит қилиб қўяди. Албатта ёмон хулқ амалларни бузади, сирка асални бузганидек.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ажабо, кишилар ўз молига қулларни сотиб олиб озод қиладилару, қандай қилиб озод одамларни ўз яхшиликлари билан сотиб” олмайдилар? Ахир, бунинг савоби кўпроқ-ку!

Ажабо, кишилар дунёсин сарфлаб,

Қуллар сотиб озод қиларлар.

Озод одамларга яхшилик қилиб,

Нега “сотиб” олмас дилларни улар? 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таъолонинг кишиларнинг ҳожатларини чиқарадиган бандалари бор. Одамлар улардан ёрдам сўрашади. Шундай ҳожатбарорлар охиратда дўзах азобидан омондадирлар.”

Ерни яшнатганидек баҳорий саҳоб,

Одамлар ҳожатин чиқармоқ савоб.

Ҳожатбарорларга Аллоҳ меҳрибон,

Маҳшарда чекмаслар изтироб, азоб. 

 

 

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

“Обидхон Махдум” масжиди имом-хатиби

Атамуродов Абдужалил

Қирғизистон мусулмонлари диний идораси телефон орқали шаръий никоҳ ўқитишни асоссиз, деб эълон қилди. Бу ҳақда islam-today.ru нашри маълум қилди.

Муфтиятнинг фатво бўлими бошлиғи Равшан Эратовнинг маълум қилишича, шаръий никоҳ ўқитилаётган вақтда келин ва куёв бир жойда бўлиши керак. Қолаверса, гувоҳлар келин-куёвнинг розилиги ва қабул қилгани ҳақидаги сўзларини эшитиши лозим. Телефон орқали ўқиладиган никоҳда энг камида биринчи шарт бажарилмайди.

Диний идора масофадан ўқитиладиган никоҳга айрим ҳолларда рухсат берилишини маълум қилган. Хусусан, куёв ўзининг никоҳдаги гувоҳини танлайди ва келин тарафга жўнатади. Бу гувоҳ куёв номидан никоҳ ўқитади.

Масофадан никоҳ ўқитиш муҳожир ва маҳбусларга жуда қўл келади. Шу боис масофадан никоҳ ўқитиш тўғри ёки нотўғрилиги борасида омма ичида саволлар кўп.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top