muslim.uz

muslim.uz

Среда, 27 Февраль 2019 00:00

Ушбу олимларни ажрата оласизми?

Қуртубийларни таниб олинг:

Бири тафсир китобининг соҳиби, бири эса “Саҳиҳи Муслим”га шарҳ ёзган олим. Муфассир Қуртубийнинг куняси Абу Абдуллоҳ, ҳадис шарҳлаган Қуртубийнинг куняси Абул Аббосдир.

Ибн Рушдларни таниб олинг:

Бири “Муқоддимот”, “Ҳажбул маворийс” каби китобларнинг муаллифи, бири эса “Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул муқтасид” китобининг соҳибидир. Аввалгиси Ибн Рушд бобоси, кейингиси Ибн Рушд унинг набирасидир. Набира Ибн Рушд машҳур файласуф бўлиб, уни Ғарбда  “Аверроэс” дейишади.

Зарқонийларни таниб олинг:

Бири “Шарҳу мухтасари Халил” китобининг соҳиби, бири эса “Шарҳи Муватто”нинг соҳиби. Аввалгиси отаси, кейингиси ўғлидир.

Қарофийларни таниб олинг:

Бири “Захийра”, “Фуруқ” китобларининг муаллифи, бошқаси Имом Моликнинг “Муватто” асарининг шарҳини ҳамда “Мухтасару Халил”ни ёзган олимдир. Биринчисининг исми Аҳмад ибн Идрис, кейингисининг исми Муҳаммад ибн Яҳёдир.

Ибн Урфаларни таниб олинг:

Бири “Китабул ҳудуд”нинг соҳиби, бошқаси Дардийрнинг “Шарҳул кабийр” асарига ёзилган машҳур “Ҳошия”нинг соҳибидир. Аввалгиси Тунисий, кейингиси Дасуқийдир.

Мозирийларни таниб олинг:

Бири “Шарҳу Талқийн” ва “Ийзоҳул Маҳсул” китобларининг соҳиби, бошқаси эса Моликий мазҳабидаги “Ат-Таълийқ ал-кабийр” китобининг соҳибидир.

Заркашийларни таниб олинг:

Бири “Мухтасарул хирақий” китобининг шориҳи, бошқаси “Ал-Бурҳон фий улумил Қуръон” китобининг соҳибидир. Биринчиси ҳанбалий мазҳабидаги олим, иккинчиси шофеий мазҳабидаги олимдир.

Шотибийларни таниб олинг:

Бири “Мувофақот”, “Иътисом” асарларининг соҳиби, бошқаси қироатлар илмига оид “Ҳирзул аманий ва важҳут таҳаний” китобининг соҳибидир.

Ибн Арабийларни таниб олинг:

Бири Имом Термизийнинг ҳадис китобларига шарҳ сифатида ёзилган “Ориза” китобининг, шунингдек, “Аҳкамул Қуръан” китобларининг соҳибидир. Бошқаси эса мутасаввиф бўлиб, “Фусус”, “Футуҳот” асарларининг соҳибидир. Икковларининг исми Муҳаммаддир.

Ибн Ҳажарларни таниб олинг: 

Бири “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири “Фатҳул Борий”нинг соҳиби Ибн Ҳажар Асқалоний, бошқаси эса “Мишкот” китобини шарҳ қилган Ибн Ҳажар Ҳайтамийдир. Икковларининг исмлари Аҳмад бўлган.

Ғаззолийларни таниб олинг:

Бири “Ҳужжатул Ислом” лақаби билан машҳур бўлган аллома Абу Ҳомид Ғаззолийдир, бошқаси эса замонамизда яшаган мисрлик аллома Ғаззолийдир. Икковларининг исмлари Муҳаммад бўлган.

Нофеъларни таниб олинг:

Бири Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мавло (озод қилган қул)лари Нофеъ, бошқаси эса қироат имоми бўлиб, Варшдан ривоят қилган Нофеъдир. Икковлари ҳам Мадинада яшашган.

Жувайнийларни таниб олинг:

Бири ота Жувайний бўлиб, унинг ўғли “Имомул ҳарамайн” Абул Маъолий, “Бурҳон”, “Варақот” асарларининг соҳиби бўлган Жувайнийдир.

Ибн Касирларни таниб олинг:

Бири машҳур қироат имоми, бошқаси эса машҳур муфассирдир.

Розийларни таниб олинг:

Бири файласуф, табиб, “Ҳовий”, “Шаклар” номли китобларнинг соҳиби, бошқаси усулий олим, муфассир ва мутакаллим ҳисобланади.

Термизийларни таниб олинг:

Бири машҳур муҳаддис, ҳофиз, “Сунан” номли саҳиҳ ҳадислар тўпламининг соҳиби, бири эса Ҳаким Термизий бўлиб, “Наводир”, “Сарахс аҳли сўраган масалалар”, “Одобул муридийн” каби асарларнинг соҳиби бўлган тасаввуфий олимдир.

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

(3-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса сўралганда йўқ демаганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўралганда ҳеч қачон йўқ деган эмаслар”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳни доимо зикр қилардилар.

Ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп зикр қилар, фойдасиз ишлардан сақланар, намозни узун ўқир, хутбани қисқа қилардилар” (Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини мунтазам ўқир эдилар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини асло тарк этмас, бемор ё беҳол бўлсалар ўтирган ҳолларида ўқир эдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз намоз ўқисалар узоқ, чўзиб ўқирдилар.

Абу Вакил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан бирга намоз ўқиганда ғоят енгил ва қисқа кўринишда, ёлғиз ўзлари ўқисалар, узун ўқир эдилар” (Имом Аҳмад ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморларни зиёрат қилиб, уларнинг кўнглини кўтарардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор кўргани борсалар: “Сен учун (зарарли) бир нарса йўқ, иншааллоҳ, бу сенга гуноҳлардан покланишдир”, дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтсалар аввало масжидга кирардилар.

Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида олдин масжидга кирар, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимага учрар, шундан кейингина уйларига кетар эдилар” (Имом Табароний ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ғамгин бўлардилар.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқсалар дуо қилардилар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилмоқчи бўлсалар: “Аллоҳим, Сен билангина ғалаба қиламан, Сен билангина омонда бўламан, Сенинг ёрдаминг билангина душманим устига юриш қиламан”, деб дуо қилар эдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлганларида дуо қилардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини маҳзун қиладиган бирор ҳолат ёки воқеа содир бўлса осмонга қарар ва “Субҳаналлоҳил азийм” дер эдилар, дуоларида энг кўп такрорлаганлари эса “Йа Ҳаййу йа Қоййум” эди» (Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони уч марта такрорлардилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо қилсалар тилакларини ҳам, истиғфорни ҳам уч бор қайтарар эдилар” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шумланишни ёқтирмасдилар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли нарсалардан хурсанд бўлар, шумланишни эса ёқтирмас эдилар” (Имом Насоий ривояти).

Ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни яхшиликка йўйишни ёқтирар, бадгумонликни ёмон кўрар эдилар” (Ибн Можа ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Москва вилоятида янги намозхоналар ва исломий марказларни очишга эҳтиёж бор. Бу ҳақда Москва вилояти Мусулмонлари диний идораси раиси Рушан Аббясов маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, ҳозирда Москва вилоятида 30 га яқин намозхоналар ва мусулмон марказлари фаолият юритмоқда, шунга қарамай янги намозхоналарга эҳтиёж сезилмоқда.

«Ҳеч бўлмаса ҳар бир туман, ҳар бир округда камида битта намозхона бўлиши керак. Негаки мусулмонлар Москва вилоятининг ҳар бир ҳуддудида истиқомат қилишади», — дейди Рушан Аббясов.

"Вести Подмосковья" хабарига кўра, мусулмон жамоаларининг раҳбарлари олти йил аввал Москва вилояти губернаторига ҳудуднинг саккизта шаҳрида масжидларни қуриш ҳақидаги илтимос билан мурожаат қилишган. Аммо бу ғоя барча ҳудудларда ҳам қўллаб-қувватловга эга бўлмади. Баъзи бир шаҳарларда маҳаллий аҳоли масжид қурилишига қарши имзолар тўплаб юришган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан олиб таржима қилинган.

*****

Озгина сув сени ташналикдан қутулишингга кифоя қилади. Кўп сув эса сени чўктиради.

*****

Битта дарахт йиқилса, унинг шовқинини ҳамма эшитади. Бутун бошли ўрмон униб-ўсса, унинг овозини бирорта инсон эшитмайди.

*****

Кўпчилик сенинг юксалишингга эмас, йиқилишингга қарайди.

*****

Ким сиз билан ўзининг шахсий ҳаёти тўғрисида суҳбатлашса, билингки, у сизга қаттиқ ишоняпти. Унинг ишончини поймол этиб, қалбини синдириб қўйманг.

*****

Овқатланиш столи ёнида бир дона стул бўлмайди. Балки бир нечта стуллар бўлади. Бу дегани инсон ижтимоий мавжудотдир.

*****

Баъзи инсонлар “Фалончилар биздан бой яшаяпти” деб ўйлайди. Ўша фалончилар ҳам “Баъзилар биздан бой яшаяпти” деб ўйлайди. Нега шундай? Бунинг сабаби – иккала тарафда ҳам қаноат етишмайди.

*****

Дунё икки қавс орасидадир. Биринчи қавс – туғилиш. Иккинчи қавс – ўлиш. Шуларнинг орасида фойдали ишларни бажариб қол!

*****

Одамлар сенинг олдингга фақат ишлари тушгандагина келаётган бўлсалар, хафа бўлма, балки, табассум қил. Чунки сен шам каби экансан. Одамлар уйларида чироқ ўчиб, атрофлари қоронғу бўлиб қолса, шамга мурожаат қиладилар.

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Қишки таътил давомида АҚШнинг нуфузли Гарвард университетининг 30 нафар мусулмон талабалари учун Макка ва Мадина шаҳарларига саккиз кунлик саёҳат уюштирилди. Бу ҳақда университет сайтига таяниб Ислом.уз хабар берди.

Тадбир ташкилотчилари Гарвард тарихидаги илк имом Халил Абдуррашид ва унинг рафиқаси Самиа Умар бўлди. Деярли барча харажатлар жамоат ташкилотлари ва кўнгиллилар томонидан қопланиши маълум қилинган.

Кўпчилик талабалар учун бу умра нафақат биринчи исломий зиёрат, балки АҚШдан хорижга илк сафар ҳам эди. Улар умра қилишдек имкониятдан баҳраманд бўлганлари учун улкан миннатдорчиликларини ҳамда бу уларнинг руҳан юксалишларига, иймонлари зиёда бўлишига сабаб бўлганини изҳор қилдилар.

«Мазкур сафар мен учун ўта ҳайратланарли бўлди, – дейди 21 ёшли Инжил Муҳаммад. – Ўнгим ва чапимда шу қадар кўп – 300 тадан зиёд кишининг намоз ўқиётганини кўриб, мен айнан тўғри йўлда эканимни ҳис қилдим. Гўё ўз уйимдагидек эдим».

Яна бир талаба Абдулазиз Банасей ўз ҳиссиётларини шундай ифодалади: «Миллионлаб мусулмонлар мендан аввал ҳам умра қилишган, мендан кейин ҳам қилишади. Бу фикр мени анча ўйга толдирди. Мен ҳамиша ўзимни диққат марказда деб билардим».

Бундан тўрт аср муқаддам, 1636 йилда асос солинган Гарвард университети АҚШнинг энг қадимги олий таълим муассасасидир.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top