muslim.uz

muslim.uz

Сурхондарё вилоятидан 100 нафар кам таъминланган, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар, ибратли оилалар вакиллари, фахрийлар муборак Рамазон ойида давлатимиз берган йўлланма асосида Саудия Арабистонида Умра зиёратини амалга ошириш бахтига муяссар бўлди.

— Моҳи Рамазон ойида эҳтиёжманд оилалар вакилларининг муқаддас Умра зиёратига давлат кўмагида юборилиши ажру савоби беҳисоб тарихий воқеа бўлди,–дейди Сурхондарё вилояти бош имом хатиби Алиакбар Сайфуддинов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров давлатимиз раҳбаридан кам таъминланган оилалар вакилларини Умрага юборишда давлат томонидан ёрдам беришни сўраган эди. Бу илтимос қаноатлантирилгани Умра зиёратига боришни ният қилиб, имконини топалмай турган кўплаб эҳтиёжманд юртдошларимизнинг орзусини руёбга чиқармоқда. Хайрли ташаббуснинг эзгулик, раҳмат ва мағфират, меҳр-мурувват ойида амалга оширилаётгани барчага бирдек қувонч улашмоқда.  

Сурхондарё вилоятида ҳам шу ташаббусга мувофиқ Термиз шаҳри ва туманлардан аҳоли сонига қараб, маҳалла-куй ва эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган, муқаддас сафарга боришга моддий имконияти етмаётган ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олинган 100 нафар зиёратчи руйхати шакллантирилди. Умра зиёрати ҳаражатлари давлат томонидан қоплаб берилди.

Рамазони шариф кунларида муқаддас сафарга йўл олган сурхондарёликларнинг бир гуруҳи Умра зиёрати амалларини адо этиб, бир олам қувонч билан қайтиб келди. Улар сафида Шеробод туманидаги Олтин воҳа маҳалласида яшайдиган 65 ёшдаги Роза Ниёзова ҳам бор.  

Роза ая 38 йил таълим ва адлия тизимларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилди. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда халқимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Фидойилиги билан эл-юртда ҳурмат-эътибор қозонган меҳнат фахрийси хонадони маҳалладаги энг ибратли оилалардан биридир.

— Умра ибодатини адо этиш ушалмас ниятим эди. Лекин, имкониятимиз етмай турганди, – дейди Роза ая Ниёзова. – Ҳаж ва Умра сафарига бориб келаётганларни зиёрат қилганимда менга ҳам ғойибдан шундай ҳузурбахш неъмат ато этилишини сўрардим. Бу йилги Рамазон ойида бу ниятим ижобат бўлиб, давлат ҳисобидан Умра зиёратига бориб келдим. Жидда халқаро аэропортида бизларни махсус ишчи гуруҳ кутиб олиб, зарур қулайликларга эга замонавий меҳмонхонага жойлаштирди. Умра зиёратини тўла-тўкис бажаришимиз учун барча шароитларни яратиб берди. Биз Макка ва Мадина шаҳарларида ибодат амалларимизни бажараётиб, шу кунларга етказгани учун бундай эзгу ишнинг ташаббускори бўлган Президентимизга узоқ умр, олиб бораётган эзгу ишларининг бардавом бўлишини тилаб, дуо қилдик. Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, осуда, обод Ватанимиз ҳамиша тинч, фаровон бўлишини сўрадик. Ҳаётимизнинг куч-қувватга тўла йилларида кўрмаган шундай саодатли кунларни ином этаётган давлатимизга шукрона айтиб яшаш биз учун шарафли амал бўлаётганидан қувончимиз чексиз.  

Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини тўла-тўкис адо этган навбатдаги гуруҳ эртага Сурхондарё вилоятига етиб келади.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА 

РАМАЗОН ҳадялари, хатми Қуръонлар билан нурга тўлаётган масжидлар, умра зиёратидаги шукроналик кўз ёшлари...

 

Понедельник, 03 Апрель 2023 00:00

Рамазондаги савобли амаллар (видео)

Рамазон суҳбатлари 8-сон

ЗўрТВ

Бирлашган Aраб Aмирликларининг “Emirates” ҳаво йўллари компанияси Муборак Рамазон ойи бошланиши муносабати билан минглаб ифторлик тўпламларини тайёрлади. Ушбу махсус қутиларга жойлаштирилган ифторлик тўпламларида рўзадорлар учун турли егуликлар, мевалар ва сув мавжуд.
“Россия Aмирликлари” сайти маълумотига кўра, айни кунда Дубай халқаро аэропортида йўловчиларга Рамазон ойида анъанавий араб ширинликлари, хурмо ва кофе тақдим этилмоқда. Шунингдек, ифторлик пайтида бортга чиқаётган йўловчилар учун сув, шарбат, банан ва хурмолар ҳам тарқатилмоқда.
Рўзадорларни ифторлик вақтида маълумот хабардор қилиш учун “Emirates” авиакомпанияси парвоз вақтида қуёш чиқиши ва ботиши вақтини билиш учун махсус ёндашувдан фойдаланади. Шунингдек, узунлик, кенглик ва самолётнинг парвоз баландлиги, қуёш ботганидан кейин самолёт капитани йўловчиларга ифторлик бошланиши ҳақида расман хабар беради.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 03 Апрель 2023 00:00

Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ

Ислом инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Динимизда инсоннинг қадр-қиммати унинг қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солинганда, одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, Ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир.

Шу йилнинг 17 февраль куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар аъзоларини умра зиёратига жўнатиш тўғрисидаги илтимосига розилик берганлари жуда катта тарихий воқеа бўлди. Чунки бу дунё тажрибассида тизимли равишда ташкил этилмаган ноёб ҳодисадир.

Тошкент вилоятининг ҳар бир туман ва шаҳридан 4–6 нафардан, жами 100 нафар ана шундай инсонлар кечагина умра сафаридан қайтишди. Муқаддас шаҳарларда уларга яратилган шарт-шароитлар бутун дунё мусулмонлари ҳавасини келтиргани рост.

Аслида, камбағаллик айб эмас. Чунки Аллоҳ таоло кимнидир бой, кимнидир эса қўлини калтароқ қилади. Жамиятда ижтимоий мувозанат бузилмаслигининг олдини олиш мақсадида Ислом эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишни фарз қилди. Бу жуда савоби улуғ амалдир.

Исро сурасининг 70-оятида “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифда “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деганлар.

Дарҳақиқат, юртимизда инсонга ғамхўрликнинг, эътиборнинг, эҳтимомнинг энг олий намунаси сифатида муҳтож кишиларнинг умрага жўнатилганини алоҳида эътироф этиш зарур.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг муҳим, айниқса, бугунги кун учун қайта-қайта эслаб турадиган бир сўзи бор: “Аллоҳ таоло Қуръон билан ҳал бўлмаган ишларни султон билан ҳал қилади”. Подшоҳ, одил раҳбар эътиборидан ҳеч нарса четда қолмайди, шу жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни умра сафарига жўнатиш ҳам.

Бундай бахтга мушарраф бўлган юртдошларимиз кўнгли тоғдек кўтарилиб, инсон қадри улуғланган юртда туғилгани учун шукроналар келтиришмоқда. Ушбу хайрли ишлар бошида турганларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишяпти.

Рост-да, сизга яхшилик қилган инсонни, айниқса, бир умрлик орзуингиз бўлган муқаддас заминга бориб, умра ибодатларини бажариб келишга кўмаклашган, барча шароитларни яратиб берган, боз, текинга жўнатган муҳтарам Юртбошимиз бошчилигидаги барча азизларимизни дуо қилмай бўладими?!

Ишончимиз комил, умра ибодатларини адо этиб келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзаларини кўрган, Каъбада тўйиб-тўйиб ибодат қилган эҳтиёжманд оилалар вакиллари бир умр шу ишга ҳисса қўшганларни алқаб ўтишади.

Умрага бориб келган юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, ҳазрат Алишер Навоийнинг гўзал бир байти эсимга тушди:

Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ,

Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ.

Аллоҳ таоло футувват ишларининг бошида турган барча азизларимиздан Ўзи рози бўлсин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар

Top