muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 09 Май 2023 00:00

Ота рози – Аллоҳ рози

Ҳар бир ишга қодир Аллоҳ таоло дунёни сабаблар олами қилди. Яъни, бир нарса бўлиши учун бошқа бир нар­сани сабаб қилиб қўйди. Ўзининг қуд­ратини пинҳон этиб, бандаларини са­баблар ила синади.

Инсон насли давомийлигини таъмин­лаш учун бир эркагу бир аёлни сабаб айлади. Раббимиз бундай марҳамат қилади: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан ярат­ган ва ундан унинг жуфтини яратиб, ик­ковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Раббингиздан қўрқинглар!..» (Нисо сураси, 1-оят).
Дунёга келишимизга ота-она­миз сабабчи бўлган. Шу боис биз одамлар орасида қанчалик ҳурмату эҳти­ромга, жамиятда эса юқори мавқеда бўл­май­лик, бари­бир Аллоҳ наз­дида ота-онамиздан паст­миз. .
Уламолар айтадилар: “Агар бир пайтнинг ўзида ота-она­нинг ҳақ­­ла­рига риоя қилиш­нинг ило­жи бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром кўр­сатишда ота устун қў­йи­лади. Чунки насаб ундадир. Хиз­мат ва инъом юзасидан эса, онанинг ҳақи устун қў­йилади. Чунки эҳсон ундадир. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда, ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлай­ди. Фарзанд ота-онадан фақат бирига нафа­қа беришга қодир бўлса, онасига беради”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам отанинг мавқеини баён қилиб, бун­­дай дедилар: “Ота рози – Аллоҳ рози. Ота­­нинг ғазабида Аллоҳинг ғазаби бор” (Имом Ҳоким ривояти).
Фарзандга отанинг муҳаббати онанинг муҳаббатидан фарқлидир. Онанинг муҳаб­бати боласига у қорнида пайдо бўлган­дан бошланади ва шу билан фарзандига умр­бод боғланиб қолади. Аммо отанинг му­ҳаббатига фарзанд фаросати, итоати ва хизмати билан эришади.
Фарзанднинг ота розилигини топиши катта саодатдир. Чунки отани рози қилиш орқали Парвардигор рози бўлади. Бунга мазкур ҳадис далилдир.

Давоми бор...

"Ҳидоят" журналидан

Вторник, 09 Май 2023 00:00

Хотира ва қадрлаш куни

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Маълумки, мамлакатимизда ҳар йили “Хотира ва қадрлаш куни”ни ўтганлар хотирасини ёдга олиш, кекса инсонларни қадрлаш сифатида нишонланади. Ислом дини ўтганларни эслаш ва уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб дуо қилиш бордир. Бу ҳақда “Қуръони карим”да бундай дейилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “ Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Сен раҳмли ва меҳрибон зотдирсан” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидандир. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш бугунги кунда янгича маъно-мазмун билан бойиди.

Бу жиҳатлар юртимизда кенг нишонланаётган хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиромда янада яққол намоён бўлади.

Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Айниқса умри давомида кўплаб хайрли ишларни қилиб ҳозирда қарилик ёшига етган нуроний отахонларимизни, азиз момоларимизни қанча улуғлаб, эъзозласакда оз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни, адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ёши улуғларни ҳурматлаш фақатгина дунёвий одоб-ахлоқ, бурч, вазифагина бўлиб қолмай, балки Аллоҳ таолонинг наздидаги буюк ва савобли иш ҳисобланар экан.

Дарҳақиқат, ҳаётий дунёда яшаб, ўзидан кўплаб яхшиликлар қолдирган, халқнинг хизматида камарбаста бўлиб, фоний дунёдан риҳлат қилган аждодларимизни эслашимиз ҳам барчамизга лозим вазифа ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Албатта, ўтган аждодларимизни эсласак, уларнинг ҳаққига дуо қилсак, буни кўриб турган фарзандларимиз бундан яхши ибрат оладилар. Бу ҳақда шоир шундай дейди:

Бу садо жондан келур, инсон эшит,

Эй тирик юрган, тирик қадрига ет.

Эсласин руҳимни авлодим десанг,

Ўтган аждодингни сен ҳам ҳурмат эт.

Зеро, ўтганларни эслаш ва уларнинг ҳаққига истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Аллоҳ таоло ўтган аждодларимизни Ўз раҳматига олиб, халқимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги йўлида хизмат қилган инсонларнинг қадрини янада баланд қилсин!

 

Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби.

Киши имон калимасини айтиб мусулмон бўл­ганидан сўнг ширк, куфр амалини қилмаса, ҳалол­ни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол демаса, шу билан бирга, Аллоҳ таоло буюр­ган ишларни бажариб, қай­та­риқларидан қайт­са, нажот топади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: «Бан­да, шубҳасиз, ишонгач, унга: “Аллоҳ таолога, Унинг фаришта­ларига, китобларига, пай­ғамбарларига, ва­фот этгандан сўнг қайта тирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирдим, ҳисоб, мезон, жаннат ва дўзах – ҳаммаси ҳақдир”, дейиши вожиб бўлади», деганлар (“Ал-фиқҳул акбар”).

Имонимиз тақозоси­га кўра, инсонни зоҳи­ри­га эътибор қаратамиз. Унинг қалбини текшириб кўришга имконимиз йўқ ва бунга масъул ҳам эмасмиз. Демак, бир киши имон калимасини айтса, биз, албатта, унинг жонини, обрўсини, молини, динини, наслини дахлсиз, деб биламиз. Яъни, унинг обрўсини тўкишга, молига тажовуз қилишга ҳақимиз йўқ. У тилида имон калимасини айтдими, демак, у мусулмондир.

Усома ибн Зайд розиял­лоҳу анҳу айтади: «Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳуроқа қабиласига жўнатдилар. Биз уларни янчиб ташладик. Мен ва ансорлардан бир киши душманлардан бирига рўбарў келиб, уни қуршаб олдик. У: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деди. Ансорий уни тутиб олди. Мен уни найзам билан ўл­дирдим. Ортга қайтиб кел­ганимизда, бўлиб ўт­­ган воқеа Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг қу­лоқларига етиб борди. У зот яна: «Эй Усома, “Лаа ила­ҳа иллаллоҳ”, дегандан ке­йин ҳам уни ўлдирдингми?» деди­лар. Усома: “У ўзини ҳимоя қи­лиш учун шундай деди”, деди. У зот: “Лаа илаҳа ил­лаллоҳ”, дегандан ке­­йин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Мен Расулуллоҳ бу гапни такрорлайверганидан, кошки шу кунгача мусулмон бўлмасам эди, деб орзу қилдим».

Нуруллоҳ Имамов,
Тўрақўрғон тумани Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби.

Понедельник, 08 Май 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари, Нукус шаҳри бош имоми, "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжиди имом-хатиби Бахрамаддин Разовнинг падари бузрукворлари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумларни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилиб, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумларнинг яқинларига, хусусан, Бахрамаддин Разовга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Индонезия уламолар кенгаши халқаро ҳамкорлик қўмитаси раиси ва «Muslim Travel» журнали бош муҳаррири Бунян Саптомо билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда, шунингдек, Индонезиядаги етакчи сайёҳлик агентлиги «Alfayyaz Travel» раҳбари Абдул Жаббар иштирок этди.
Музокаралар давомида Индонезия уламолар кенгаши кўмагида Ява оролида Ўзбекистон ислом цивилизацияси ва зиёрат туризми имкониятларини тарғибот қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Бўлиб ўтган учрашув натижасида тарғибот ишларининг биринчи босқичи сифати жорий йилнинг учинчи чорагида Ява оролида «Самарқанд кунлари»ни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top